Ваалайкум ассалом! Тақвим саҳарлик билан ифторлик вақтини белгиловчи қўлланмадир. Бу бир парча қоғоз шаклида бўлсада шариат наздида ўта масъулияти оғир фатводир. Уни чиқарувчилар қиёмат куни ҳар бир инсоннинг фарз бўлган ибодатига жавобгардир. Биринчидан намозга иккинчидан рўзага. Бу фатвони чиқаришга бепарво бўлганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сизларни фатвога энг журъатлигингиз, дўзахга журъатлилигингиздир” деган ҳадисларига мувофиқ бўлади. Аслида бу каби фатвони чиқариш учун фалакиёт илмининг ҳамда тонг отиш билан қуёш ботишга тегишли шариат илмини мукаммал билган кишилар бўлиши керак. Бу борада таҳмин қилиш ўта хатарли ишдир. Охиратидан қўрқмаган инсонгина бу таҳминга қўл уриши мумкин. Шариат бўйича Аллоҳ таоло оғизни бекитадиган вақтнинг ҳукмини маълум қилиш учун: «Токи тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча енглар, ичинглар» деган оятни нозил қилган. Бу оқ ипдан мурод тонг, қора ипдан мурод тундир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳарлик борасида бир неча ҳадисларни айтганлар. Унда тонг иккига бўлиниши, субҳи козиб ва субҳи содиқ бўлиши зикр қилинган. Ушбу оят ва ҳадисларга суянган ҳолатда Ислом илмини мукаммал эгаллаган фалакиёт олимлари, хусусан диёримиздан чиққан, бутун дунёга устоз Абу Райҳон Беруний қуёш ердан 18 даража пастдалигида саҳарлик вақти тугаб, субҳ вақти киришини айтганлар. Юртимизда фаолият юритган фалакиёт олимлари Ўзбекистонда тонг тундан ажралиш вақтини ҳам бундан бир неча йил аввал белгилаб қўйишган. Ўша белгилаганлари ҳам Абу Райҳон Беруний қуёш ердан 18 даража пастдалигида саҳарлик вақти тугаб, субҳ вақти киради деган гапига юз фоиз мос экан. Уммул Қуро расадхонаси эса 18.5 даражада саҳарлик вақти тугайди деб белгилашган. Уларнинг бу фикрига Саудия уламоларининг кўпчилиги эътироз ҳам билдиришган. Шунинг учун ҳозирги кундаги ҳанафий мазҳабига эргашувчи етук олимлар 18 даражада белгиланган тақвимларни тўғри деб тан олишган ва шунга фатво беришган. Ҳозирги кунда фалаккиёт илми тараққиётнинг чўққисига учраган. Кўз билан аниқлашга ҳеч қандай ҳожат қолмади. Фақат расадхоналар турлича белгилаган, шулар ичидан 18 градуслигини топиб фойдаланса бўлди. Валлоҳу аълам!