Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шартли тижорат

15:48 / 31.05.2018 | Tojir | 2761
Ассалому алайкум! Ҳурматли зикр аҳлидан сўранг ҳайъати. Бизнинг ташкилот чет элдан қимматбаҳо асбоб-ускунлар олиб келиб бериш ва устига маълум миқдорда ёки баъзан анчагина устама қўйиш орқали даромад қилади. Биз соҳанинг мутахассисимиз ва бу борада тажрибамиз бор, шу сабабли кўпчилик бизга мурожаат қилишади. Бизга мурожаат қилганларнинг ўзлари бу иш билан шуғулланмайди ва бизнинг ёрдамга муҳтож. Иш тартиби қуйдагича боради: 1. Мижоз бизга буюртма беради. 2. Мижоз бизда ўша товар йўқлигини жуда яхши билади. 3. Биз сифатли ва ҳамёнбоп товар топамиз. 4. Топилган нархга ўз устамамизни қўйиб, мижозга "шунчага тушар экан", "сиздан шунча бўлади" ёки "шунча тўлашингиз керак" деб айтамиз, 5. Мижоз биз неча пул устама қўйганимизни билмайди, қизиқмайди ҳам. Аммо берилган нарх бизнинг хизмат хаққимизни ҳам öз ичига олганидан хабари бўлади, 6. Агар нарх мижозга маъқул бўлса, биз билан савдо контракти тузади, 7. Бизнинг ҳисобга белгиланган пулни ёки пулнинг бир қисмини ўтказади, 8. Биз чет элдаги товар эгасига (ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи) буюрта берамиз, 9. Ўртада четеллик товар эгаси (ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи) билан ҳам шартнома тузилади, 10. Биз мижоздан олган пулни товар эгаси (ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи)га ўтказамиз, 11. Бизнинг ҳисоб рақамда пулнинг бир қисми яъни биз қўйган устама фойда сифатида қолади, 12. Товар эгаси (ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи) махсулотни бизга жўнатади, 13. Шартномага кўра товарнинг давлатимизга етиб келишига биз жавоб берамиз, 14. Товардаги камчиликларга ҳам, унинг муваффақиятли ишга тушишига ҳам биз жавоб берамиз, 15. Агар товарда дефект бўлса, ишлаб чиқарувчи жавоб беради, 16. Агар бирор нохушлик туфайли товарга зарар етса, шартнома бўйича биз жавобгар бўламиз, 17. Агар келишилган шартлар бажарилмаган ҳолда ёки бирор камчилик чиқса бизга толанган пулнинг бари ҳаридорга қайтарилади. Саволимиз: топаётган пулимиз ҳалолми? Илтимос, агар баъзи бир пунктларини эътиборсиз қолдирган бўлсак, тўлиқроқ қилиб жавоб бераверинг. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Бу ерда икки сурат бор. 1). Сиз бу ерда ўша ускунани келтириб беришга вакил ҳисобланасиз. Бунда хизмат ҳақингизни тайин қилишингиз шарт. Қанча беришини келишиб олишингиз керак.
2). Салам савдоси. Бунда сиз устига қанча қўяётганингизни айтишингиз шарт эмас, аммо ускунани пулини улар аввалдан сизга тўлашлари керак. Бу тўлов таклиф, ёқтириш ва тўлиқ ўрганиб чиққандан кейин бўлиши ҳам мумкин. 

Байи салам 

Байи салам деб сотувчи ва харидорнинг орасида “Харидор пулни дарҳол беради, сотувчи эса сотаётган нарсасини маълум бир муддатдан кейин беради” - деб келишилган савдога айтилади.
Байи салам савдоси вақтида сотилаётган нарса мавжуд ҳам таъйин ҳам ва на сотувчининг мулкида ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу савдо аслида жоиз бўлмаслиги лозим. Аммо шариъат одамларнинг зарур ҳожатлари, хусусан деҳқончилик билан шуғулланадиган кишиларнинг эҳтиёжларини эътиборга олиб бу савдога ижозат берган. Чунки, бу савдода сотувчи ва харидорнинг ҳар иккисига фойида бор. Масалан, сотувчи пулни олдиндан олса, у пул билан оиласини боқади ва яна деҳқончиликка тегишли уруғ ва бошқа нарсаларни ҳам сотиб олади. Харидор эса, олдиндан пул бергани учун олаётган нарсасини оммавий нархдан арзонроққа олади. Яна бир жиҳатдан пул олдиндан тўланганлиги учун келажакда бозордаги нархнинг кўтарилиб тушишидан икковлари ҳам омонда бўладилар. Бундай йўл билан икковлари ҳам ўз тижоратларини режалаштириб оладилар.
Бай салам тўғри бўлишининг шартлари.
1. Келишилган савдо молининг жинси, нави, сифати ва бошқа тегишли нарсалари тўлиқ баён қилиниши лозим.
2. Келишилган савдо молининг миқдорини, топшириш муддатини, нархини ва агар у нарса ташиб олиб бориладиган нарсалардан бўлса, уни топшириш жойини таъйин қилиб очиқчасига баён қилиниши лозим.
3. Келишилган савдо моли савдо вақтидан топширадиган муддатгача бозорларда топиладиган нарса бўлиши лозим.
4. Келишилган савдо молининг сифати ва миқдори аниқ тарзда таъйин қилинган ва ажратилган бўлсин.
5. Келишилган савдо молини топширишнинг энг кам муддати бир ой бўлсин. Кўпини чегараси йўқ.
6. Сотувчи пулни харидордан савдо вақтида олсин.
7. Бай саламда таъйин нарсани сотиб бўлмайди. Масалан, олдида мавжуд бўлган бирор мошинани байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Чунки, бу мошина харидорга топшириладиган муддатгача турмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек бир хос боғнинг меваларини ҳам байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Масалан, бир киши “Шу боғнинг олмаларини байи салам савдосида сотаман” - деса жоиз эмас. Чунки, у боғдаги олмаларнинг пишиб етилишини ёки бирор талофатга учрашини ҳеч ким билмайди. Аммо, салам савосида “Фалон навли олмани фалон вақтда тайёрлаб бераман” - деб келишса ва ҳоҳлаган боғидан уларни тайёрласа жоиз бўлади.
8. Салам савдоси фақат бир ҳил бўлган нарсалардагина бўлади. Масалан, буғдой борасида. Унинг ҳар донаси бошқа доналари билан бир ҳил бўлади. Нархида фарқ қиладиган даражада ҳар-хил бўлмайди. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул амсаал” яъни бир ҳил нарсалар дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотиладиган барча нарсалар бир ҳил нарсалар ҳисобланади.
Бири бошқасидан фарқ қиладиган нарсаларда байи салам савдоси жоиз эмас. Масалан, жониворлар бири биридан бир оз бўлсада фарқ қилади ва қиймати ҳам алоҳида-алоҳида бўлади. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул қиям” яъни қиймат эгалари дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотилмайдиган барча нарсалар “Заваатул қиям” нарсалардан ҳисобланиб, уларнинг ҳар бирини нархи алоҳида-алоҳида бўлади. Аммо, тухум каби бири бошқасидан кўп фарқ қилмайдиган доналаб сотиладиган нарсаларда байи салам жоиз.  

Байи саламга тегишли баъзи ҳукмлар 

1). Салам савдосида сотувчи келишилган нарсани харидорга топширмагунча харидор уни бошқа одамга сотиши жоиз эмас. Чунки, келишилган нарсани қўлга киритмасдан олдин сотишнинг жоиз эмаслиги борасида Ҳаким Ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: 

 عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رضي الله عنه قَالَ : أَتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقُلْتُ : يَأْتِينِي الرَّجُلُ يَسْأَلُنِي مِنْ الْبَيْعِ مَا لَيْسَ عِنْدِي ، أَبْتَاعُ لَهُ مِنْ السُّوقِ ثُمَّ أَبِيعُهُ ؟ قَالَ : (لَا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ) رواه الترمذي  

“Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига келиб “Мени олдимга бир киши келиб ҳузуримда бўлмаган нарсани сотишимни сўрайди. Мен у учун бозордан оламан кейин унга сотаман? (шу тўғрими? деб сўрадим). У зот “Ўз мулкингда бўлмаган нарсани сотма” дедилар”, дейилган.
2. Сотувчи келишилган вақтда келишилган нарсани харидорга бера олмаса харидор ўша нарсанинг ўрнига бошқа нарсани олиши жоиз эмас. Бундай суратда харидор берган пулини қайтариб олади ёки сотувчига яна муҳлат беради ва сотувчи у нарсани олганда харидорга етказиб беради.
3. Салам савдосида шарт қўйиш ёки кўриб танлаш ихтиёри бўлмайди. Сотувчи савдода келишилган нарсани келишилган сифатга мувофиқ топшириши лозим. Агар келишилган нарса келишилган сифатга мувофиқ бўлмаса, харидор уни қабул қилмаслиги мумкин.

Истисноъ (Буюртма бериш)

Бирор ҳунарманд ёки корхонага буюртма бериб мол ёки бирор нарса тайёрлатиш жоиздир. Бирор нарсага буюртма беришда харидор салам савдосидаги каби олдиндан тўлиқ қийматни бериши шарт эмас. Балки, бунда енгилликлар бўлиб, ҳар ҳил келишувларни амалга ошириш мумкин. Яъни, буюртма берган нарсаси тайёр бўлганда қийматни тўлиқ ёки насия ёки бўлиб-бўлиб бериши мумкин. Яна, келишилган нархни тўлиқ ёки бир қисмини олдиндан беришга келишишлари ҳам мумкин.
Шунингдек, келишилган нарсани тайёрлаш учун бирор муддатни таъйин қилишлари ҳам мумкин ёки мутлоқо “Фалон нархга фалон нарсани тайёрлаб бераман”-деса ҳам бўлади.
Буюртмани тайёрлашдаги хом ашёнинг кўпроқ қисми таёрловчиники ёки ҳунармандники бўлса, уни “истисноъ” дейилади. Агар хом ашёнинг кўпроқ қисми ёки ҳаммаси буюртма берувчиники бўлса, “ижара” яъни, маълум бир ҳақ эвазига бирор иш қилдириш дейилади. Ижаранинг шартларини инша Аллоҳ “Китабул ижара” да баён қиламиз.
Истисноъда ҳунарманд буюртмани тайёрлаганидан кейин буюртмачига кўрсатишдан олдин унга бериш ёки бермаслик ҳуқуқига эга. Ҳатто айни келишилган буюртмадан бошқасини тайёрлаб берса ҳам бўлади ёки буюртмачи буюрган нарса ҳунарманднинг олдида олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлса, ўшани берса ҳам бўлади. Ҳунарманд тайёрлаган нарсасини буюртмачига кўрсатганидан кейин бирор нарса сабабли ўзида олиб қолиши мумкин эмас. Шунингдек буюртма келишилганидек тайёрланган бўлса буюртмачи ҳам уни қабул қилмаслиги мумкин эмас.
Буюртмачи буюрган нарсаси тайёр бўлганидан кейин уни қўлга киритмагунча, ўзгага сота олмайди. Чунки, қўлга киритишдан олдин сотиш мумкин эмас.
Ҳозирги кунда қурувчилар ўзлари томонидан қурилиш молларини ишлатиб уйлар ёки мажмуалар қуриб уни буюртма асосида сотадилар. Бу ҳам “истисноъ” ҳисобланади. Шунинг учун ҳам буюртма асосида олаётганлар ўша уй ёки мажмуани қўлларига киритмагунча сотишлари жоиз эмас. Валлоҳу аълам! 

Қуйидаги линкда берилган мақолаларни ўқинг
http://fiqh.uz/maqola/610 

http://fiqh.uz/maqola/614 

Топ рейтинг www.uz Openstat