Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ақиқа хақида

00:00 / 25.11.2010 | eski savollar | 1609
Ассалому алайкум хурматли Шайх хазратлари. Сизга узоқ умр ва динимиз йулидаги олиб бораётган улкан хизматларингизга ривож тилайман. Сиздан илтимос янги туғилган фарзандга қилиниши керак бўлган амаллар хақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Ақиқа хақида хам. Жавобингиз учун олдиндан рахмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚҚЛАРИИсломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳаққларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир. Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида қуйидагиларни зикр қиладилар:1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. «Талхийс» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг». Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилишган.Оила қурилар экан, ота-онанинг дийндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки, улардаги хислат, фазийлатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақийқатдир.3. Эмизиш. Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса, онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:«Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233-оят).Гўдакнинг ҳаққларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейингина тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг, гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетоҳарат эмизишмаган. 4. Боланинг ота-онадаги ҳаққларидан бири унга муносиб исм танлашларидир.Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вас-сила»да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади:«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши:«Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди», – деди». Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исм¬ларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир», деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи «Абдуллоҳ», «Абдурроҳман», «Абдуссаттор» ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, «Ҳамидуллоҳ» каби исм¬лар яхши номлар ҳисобланади.Шунингдек, Набийларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари ҳам яхши ном-лар ҳисобланади. Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёлларнинг номларини ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўймоқ керак.5. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳаққларидандир.«Ақийқа» луғатда «ёрди» маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади. Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади. Соч бошдан ажратиб олингани учун, бу маросим «ақийқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади.Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилгани учун, «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй тушуниладиган бўлиб қолган.Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», – дедилар».Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир.«Бас, унинг учун қон чиқаринг.»Яъни, янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб ақийқа қилдилар».«Сунан» эгалари ривоят қилишган.6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига намознинг азонини айтаётганларини кўрдим».Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.Ҳусайндан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», – дедилар». Абу Яъло ривоят қилган.«Умму Сибён» болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.«Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни «Иброҳим» деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».Икки Шайх ривоят қилишган.Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.«Ул зот уни «Иброҳим» деб номладилар.»Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки, ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига «Иброҳим» исмини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.«...хурмо ила танглайини кўтардилар...»Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазийлатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.«...ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар.»Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак. 8. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.9. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам, агар ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади. 10. Нафақа. Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши матлубдир. Фақийр ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ояти каримадир.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:«У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят).Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Ҳинд бинти Утба:«Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар, унга билдирмай олсамгина бўлур», – деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», – дедилар у зот.Икки Шайх ривоят қилишган.Унга бу ишда, худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби, бирор киши шерик бўлмайди.Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифасидир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у:«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», – деди.Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва:«Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», – дедилар».Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. Ул зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:«Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», – дер эдилар».Бухорий ривоят қилган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», – деди.Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғириб олган бўлса мен нима ҳам қила олар эдим», – дедилар».Икки Шайх ривоят қилишган.Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис, улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади. 12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:«Ё Расулуллоҳ, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни-буни, бердим», – деди.«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» – дедилар у зот.«Йўқ», – деди.«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», – дедилар ва сўнгра:«Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» – дедилар.«Ҳа», – деди.«Ундай бўлса, йўқ!» – дедилар».Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди. Агар шаръий сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса, бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз. 13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар.Оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилгандир. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир. 14. Тарбия ҳаққи ҳам фарзандлик ҳаққларидандир.Аллоҳ таоло бундай деб буюради:«Эй, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қиладилар» («Таҳрим» сураси, 6-оят).Аҳли-аёлини, фарзандларини дийндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса, уринг», – дедилар». Термизий ривоят қилган.Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг: «Ё Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини дийнга даъват қилишимиз, дийний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларининг тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.

Топ рейтинг www.uz Openstat