Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Мени бир муаммо қийнамоқда. Яқинда касалхонанинг чақалоқлар бўлимида озгина шамоллаши борлиги туфайли 45 кунлик чақалоғимни олиб ётдим. Шу касалхонага бир чақалоқни ташлаб кетишган экан (қизалоқ тахминан 1 ойлик атрофида). Бу ҳақда хўжайиним эшитиб, «Чақалоқни уйга олиб кетамиз», демоқда. Ўзимизнинг 3 нафар фарзандимиз бор. Қизалоқ анчагина қаровсиз ҳолда. Бу ҳолат бизнинг қишлоқ шароитида жуда кам учрайдиган ҳолат. Бунга оила аъзоларимизнинг ҳаммаси рози. Хўжайиним: «Ким етимнинг бошини силаса, Жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади», демоқда. У киши бу қизалоқни олиб, ўз фарзандимиздек тарбия қилиб, вояга етказиш ниятидалар. Мен у чақалоқни касалхонада эмизганман. Шайх жаноблари, биз маслаҳатингизга муҳтожмиз. Бу масалани сизнинг маслаҳатингизга қараб ҳал қилмоқчимиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
- Ва алайкум ассалом! Жуда ҳам савобли иш бўлади. Сиз эмизган бўлсангиз, эмизикли қизингиз бўлибди. Келажакда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Одамларнинг гапларига эътибор берманглар. Қаровсиз қолган болаларни боқиш – жуда ҳам савобли иш. Эрингизга минг ташаккур. Жуда ҳам яхши мусулмон эканлар.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077