Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зикр ва Ибодат

19:09 / 31.08.2018 | Eldorbek | 8376
Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, ёшим 23 да. Ибодат ҳақида бир саволим бор эди, Аллоҳга шукур ҳар куни Аллоҳни эслаб зикр қилиб тураман. Намоз ўқишни ҳоҳлайман, лекин шайтон йўлдан ураябдими билмайман намозни бошлолмаябман. Бир қори акани марузларида эшитиб қолган эдим ҳар куни Аллоҳни эслаб зикр қилиб юрса намоз ибодатидай савобга эришар экан. Ҳар куни юракдан зикр қилиб юрсам намоз савобига етадими ёки бенамоздай бўлиб қоламанми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! “Бир қорака” деганингиз қаттиқ хато қилибди. Биз у киши ҳақида яхши гумон қиламиз ва сизга “бироз зикрда бўлса намозни ҳам бошлаб қолади” деган ниятда бу гапларни айтган деб ўйлаймиз. Сизку намоз ўқимас экансиз, намозни ўқиб лекин кечиктирганларнинг ҳукми ҳақида Аллоҳ таоло “Мааъуун” сурасида марҳамат қилади: 

 فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝  الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝ 

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.

Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди.
Ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканига келаси икки оят ҳам далилдир.

 الَّذِينَ هُمْ يُرَاؤُونَ۝ 

6. Улар риё қиладиганлардир.
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади. 

 وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ۝ 

7. Ва мааъуунни ман қиладиганлардир.
«Мааъуун»ни баъзи тафсирчилар закот, дейдилар, бошқалари эса хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар, дейдилар.
Ислом сатхий, зоҳирий нарсалар дини эмас. Балки ихлос ва амал динидир. Ибодатлар ихлос билан бўлмаса, эгасини яхши ахлоқ ва омилларга бошламаса, ҳақиқий бўлмайди. Инсон тили билан «Мусулмонман», дейиши, Исломий амалларнинг баъзиларини адо этиши, масалан, намоз ўқиши ҳам мумкин, лекин ҳақиқий мусулмон бўлса, иймон аломатлари унинг юриш-туришида, муомаласида, гап-сўзида, ишида, одоб-ахлоқида – ҳамма-ҳаммасида кўриниб туради. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat