Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръони каримда хамрни тақиқланиши

14:05 / 02.09.2018 | Muhammad Alijon | 3245
Ассалому алайкум! Муҳтарам устозлар, Аллоҳ илмларингизни зиёда қилсин. Қуръонда ароқ ичиш тақиқланган, қайтарилган лекин баъзи одамлар ўзларича бировга зараринг тегмаса ароқ ичганинг гуноҳ эмас – дейишади. Шу ароқни тақиқланган оятини айтсангизлар.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: 

 يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَآ أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ۝ 

219. Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», – деб айт. Аллоҳ шундай қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз.
Оятдаги «хамр» сўзини «ичкилик», «ароқ» ёки «вино» деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да, таъсир ўтказувчи барча нарсага нисбатан ишлатилади. Бунинг ичига барча спиртли ичимликлар ҳамда наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.
«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар».
Демак, Набий алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган. Исломга тўлиғича кириш жараёнида бундай савол бўлиши, албатта, зарур эди. Ислом инсон ҳаётининг ҳамма тарафларидан қамраб олган, мусулмонлар тасаввурига янгича фикрлаш ҳиссини солган эди. Одамлар жоҳилият қоидаларидан, одатларидан тез қутулиб, исломий қонунларга тезроқ амал қилишга шошилишарди. Ислом жиҳод, намоз каби нарсаларгагина эмас, ундан бошқа ишларга ҳам, масалан, озиқ-овқатнинг ҳалол-пок бўлишига, касбнинг поклигига, мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва уни жойини топиб нафақа қилишга ҳам эътибор беради. Чунки булар инсоният ҳаётидаги энг муҳим ҳолатлар ҳисобланади.
Дунёда адолат ўрнатиш, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Улар хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар. Шунингдек, қимор ва нотўғри мол сарфлаш ҳам кенг тарқалган эди. Мусулмонлардан баъзилари ўзларидаги пок ҳис-туйғу таъсирида бу ишларнинг ўнгланиши лозимлигини ҳам ҳис қилар эдилар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳим, бизга хамр ҳақида шифо бўлувчи баён бергин», – деб дуо қилиб юрар эдилар.
Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган ароқхўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди.
Аввал, «Хурмо ва узумларнинг мевасидан маст қилувчи нарса ҳамда яхши ризқ оласизлар», деб «Наҳл» сурасида маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйди. Кўпчилик «Хамр яхши нарса эмас экан», – деб ичишни ташлади.
Кейин ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ мусулмонлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ҳақида бизга фатво беринг, бу ақлни кетказувчи, молни тортиб олувчи нарса», – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги биз ўрганаётган ушбу оятни нозил қилади.
Кейинроқ Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйларида меҳмондорчилик уюштирдилар, у ерда ичиб, маст бўлишди. Намозда имомлари «Кафируун» сурасини хато қилиб ўқиди. Шунда Аллоҳ таоло «Маст ҳолингизда намозга яқинлашманг», деган оят нозил қилди. Яна кўпчилик ичмай қўйди.
Бир муддат ўтгандан кейин Атабон ибн Молик зиёфат бердилар. Ичиб ўтириб, маст бўлиб, жанжал чиқди, муштлашув бўлди. Шунда Аллоҳ таоло хамрни бутунлай ҳаром қилувчи оятни нозил қилди. Иншааллоҳ, буларнинг барчаси ўрни келганда ўрганилади.
Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга:
«Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт», – деб ўргатмоқда.
Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ экани аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. Улар хамр сотиб, пул топишни манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқтирилмоқда. Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак. Эслашимиз керакки, ақлни тўсувчи ҳар бир нарсага хамр дейилади. Унинг номи турлича бўлиши мумкин, пиводан тортиб морфи ва бошқалари ҳам, ҳаммаси ҳаром.
Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам худди хамрга ўхшаб, турлари кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтираётганлиги учун уларнинг барчаси ҳаромдир.
Учинчи сўралган нарса нафақа ҳақида, тўғрироғи, нафақанинг миқдори ҳақида бўлди. Топган молу дунёни ўз ўрнига, тўғри сарфлаш нақадар зарурлигини ҳозир ҳамма ҳам тушуниб қолди. Турли-туман, ҳаром-ҳариш сарф туфайли нафақат шахслар, балки давлатлар, халқлар мусибатга учрайди. Бу оятда хайр-эҳсон, нафақа, садақага ҳам ўзидан ортганини ишлатиш уқдириляпти:
«Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», – деб айт».
Демак, инсон аввал ўзига, аҳлига керагини ишлатиб, ортиб қолганини нафақа қилиши керак экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, бир киши:
– Эй Аллоҳнинг Расули, менда бир динор бор, – деди. У зоти бобаракот:
– Ўзингга сарфла, – дедилар.
– Яна бошқаси бор, – деди. Набий алайҳиссалом:
– Оилангга сарфла, – дедилар. У:
– Яна бошқаси бор, – деди. Набий алайҳиссалом:
– Болангга сарфла, – дедилар. Ҳалиги одам:
– Яна бошқаси бор, – деган эди, Набий алайҳиссалом:
– Ўзинг биласан, – дедилар.
Ўзидан ортиб қолган мол-дунёни кўпчиликнинг манфаати учун ишлатиш орқали мусулмонлар жамиятида ижтимоий тенглик рўёбга чиқади: муҳтожларга ёрдам уюштирилади, жамиятнинг бошқа зарур эҳтиёжлари ҳам қопланади.
Ояти кариманинг охирида:
«Аллоҳ шундай қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз», – дейилади.
Демак, керакли нарсаларнинг барчасини Аллоҳ баён қилиб берган. Тафаккур қилиб, ўша баёндан фойдаланиш банданинг иши.  ("Тафсири Ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat