Ассалому алайкум. Ёшим ўн тўққизда. Яқинда, икки ой аввал турмушга чиқдим. Тўйдан беш кундан сўнг Тошкентдан жўнаб кетдик. Ҳозир бошқа мамлакатда ўзимиз яшаяпмиз. Турмуш ўртоғим билан охирги пайт кўп жанжаллашяпмиз. Кейинги пайтда бунга чидаб бўлмаяпти. Балки мен ёшлик қилаётгандирман, лекин тушунишим бўйича, хотин эрдан доим бир поғона паст келиши керак. Шуни менга изоҳлаб беришингизни сўрардим. Олдиндан раҳмат.
- Ва алайкум ассалом! Ушбу саволингизга жавоб ва илтимосингизга изоҳ тарзида аввалги китобларимдан бирида чоп этилган ушбу мақолани тақдим этишга ижозат бергайсиз.
РИСОЛАДАГИ ХОТИН
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.
Она тилимизда ҳали чуқур луғавий-илмий ишлар олиб борилмаганиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган ҳолатлар бор. Мисол учун, «Хотин» сўзи турли жойларда ишлатилади, лекин, менимча, «хотин» сўзи эри билан оилавий ҳаёт кечириб турган аёлга нисбатан ишлатилгани маъқул. Бошқа ҳолатларда эса аёл зотидан бўлган шахсларга нисбатан ўзига яраша атама – номлар бор, бу барчага маълум.
Оиладаги хотин деганимизда эса бутун бошли катта оилани эмас, балки эр ва хотиндан иборат оилани кўзда тутмоқчимиз. Чунки бу мақоламизда аёлнинг эрга бўладиган муносабатини, муомаласини, ўзини тутишини ва ҳоказоларни баён қилмоқчимиз.
Оиладаги хотиннинг эрга қиладиган муносабати, муомаласи, ўзини тутишини нималар белгилайди? Унинг зиммасида эрнинг қандай ҳақлари бор?
Аввало, хотин ўзининг аёллиги билан фахрланмоғи лозим. Аллоҳ таоло бекорга уни аёл қилиб яратмаган. Қуръони Каримнинг Аъроф сурасида:
هُوَ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَجَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا لِيَسْكُنَ إِلَيْهَا
«У сизларни бир жондан яратган ва ором олиши учун ундан жуфтини яратган Зотдир», дейилади (189-оят).
«Жуфт», яъни хотин сукунат, осойишталик, ором, латофат, меҳр-муҳаббат рамзидир. Буни ҳар бир аёлнинг ўзи яхши билмоғи ва тушунмоғи зарур.
Турмушга чиққан ҳар бир келин оилавий ҳаёт улкан бахт-саодат эканлигини яхши тушунмоғи зарурдир. Бу икки шахснинг фақат жисмоний эмас, балки руҳий ҳам қўшилишлари бўлиб, бундан кузатилган мақсад ўткинчи лаззат эмас, балки башарият камолоти ва ҳаётнинг бардавомлиги ҳақида қайғуришдир.
Рисоладаги хотин оилада катта ўрин тутади, шунинг учун ҳам халқимиз: «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қора ер қиладиган ҳам хотин», деб бежиз айтмаган. Арабларда эса «Ҳар бир улкан шахснинг ортида аёл бор», деган мақол бор.
Одатда янги уйланган йигитга: «Энди ола хуржун бўйнингга тушди», дейишади. Аслида хуржуннинг кўзи иккита бўлади, бири эрга, иккинчиси хотинга аталган. Яъни турмуш оғирлигини эр-хотин тенг кўтармоғи лозим. Оилавий ҳаётнинг бардавомлиги икковларининг бир муқаддас мақсад учун муштарак интилишларига боғлиқдир. Чунки ҳақиқий муҳаббат бир-бирининг кўзига боқишда эмас, балки икковларининг оила фароғати ва тотувлиги йўлида бирдай қайғуришларида намоён бўлади. Хотиннинг эрига ёрдам бериши, ҳамдард бўлиши оилавий ҳаёт жамолига жамол қўшади.
Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Қуръон ўқиш, китоблар билан танишиб туриш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш шу жумладандир. Чунки оқила ва маърифатли аёл ҳамиша эъзозда, эътиборда бўлади.
Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам асосан хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати, нақш-нигори фақат аёлларда эмас, балки саришталигу, тотувлик ва меҳр-муҳаббатда эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Хотин киши ўз эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳ, ёмон ишлардан қайтаргани, савоб – яхши ишларга ундаб тургани маъқул.
Бундай хотинлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«مَا اسْتَفَادَ الْمُؤْمِنُ بَعْدَ تَقْوَى اللهِ، خَيْرًا لَهُ مِنْ زَوْجَةٍ صَالِحَةٍ، إِنْ أَمَرَهَا أَطَاعَتْهُ، وَإِنْ نَظَرَ إِلَيْهَا سَرَّتْهُ، وَإِنْ أَقْسَمَ عَلَيْهَا أَبَرَّتْهُ، وَإِنْ غَابَ عَنْهَا نَصَحَتْهُ فِي نَفْسِهَا وَمَالِهِ». (رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ).
«Мўмин банда Аллоҳга бўлган тақводан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга амр қилса, итоат қилади, қараса, хурсанд қилади, қасам ичса, бажаради ва йўқлигида ўзини (зинодан) ва (эрининг) молини (зое қилишдан) асрайди» (Ибн Можа Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), деб мақтаган аёллар қаторига киради.
У ўз эрига осончилик пайтида ҳам, оғирлик пайтида ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундайди. Бу борада оналаримиз, момоларимиз ёшларга ўрнак бўладилар.
Хадижа онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан худди юқорида зикр қилингандек хотин бўлганлар. Шунинг учун вафотларидан кейин ҳам Пайғамбар алайҳиссалом у кишини ҳурмат ва эъзоз билан эслаб, кўплаб ҳадислар айтганларки, шулардан бирини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади:
«У (Хадижа) одамлар мендан юз ўгирганда ёрдам берди, ҳайдашганда жой берди ва куфр келтирганларида иймон келтирди».
Аёл ўз эрининг яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларни тартибга солиб туради. Унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишга ёрдам бериб турса, бу ҳолат доимо эрни уйга боғлайди. Чунки у бу ерда роҳат-фароғат топади, ҳузур кўради.
Лекин ҳар бир катта-кичик, арзиган-арзимаган нарсаларга ҳам аралашавериш яхши эмас. Ҳар бир инсоннинг ўз эрки ва фақат ўзига хос юмуши бўлгани каби, ҳар бир эрнинг эрки ва иши борлигини унутмаслик керак.
Эр билан аҳиллик оилавий ҳаётни мустаҳкамловчи улуғ бир инсоний фазилат бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурида бу иш учун улкан савоблар бордир.
Улуғ имомлардан бири Жаъфари Содиқ: «Битта солиҳа аёл ўз эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги Дўзахнинг етти эшигини ёпади ва Жаннатнинг саккиз эшигини очади», деган эдилар.
Рисоладаги хотин ўз эрининг яхши фазилатларини топиб, оғир вазифаларни ҳам амалга оширишга ундайди. У билан умидворлик ва муваффақиятли ишлар ҳақида суҳбат олиб боради.
Чунки хотиннинг чорлови ҳар қандай чорловдан устун туради. Эрнинг ижтимоий ҳаётда тутган ўрни хотиннинг унда қолдирган таъсирининг аксидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Агар хотин ўз эрига қобилиятли, шижоатли, муваффақиятга эришувчи, мўмин, садоқатли шахс, деб муомала қилса, эр худди шундай сифатларга эришади, иншааллоҳ. Шу билан бирга, у эридан ўзи билмаган нарсаларни ўрганади, тажрибаларидан фойдаланади.
Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазилат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою ҳавас, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас.
Ҳозирги кунимиздаги оилавий келишмовчиликлар ёки эрлар томонидан ҳаром йўл билан мол топишга уринишлар хотинларнинг қаноатсизлигидан келиб чиқаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Қаноат ожизлик ҳам, камчилик ҳам эмас. Қаноат олий инсоний сифат бўлиб, ўз эгасини доимо юксакларга кўтаради. Биз ҳар қанча фахрлансак арзийдиган момоларимиз қаноатда ҳаммага ўрнак бўлганлар, сабоқ берганлар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз хотинлари, Набий алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳрони ранглари оқарган, ҳолдан тойган ҳолда кўриб, «Сенга нима бўлди, эй Фотима?» деб сўрабдилар. Фотима онамиз: «Уч кундан буён уйда егулик йўқ», дебдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Шундай экан, айтсанг бўлмасмиди?» десалар, «Тўйимиз куни отам, Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом: «Ҳой Фотима! Агар Али бирор нарса топиб келса, егин, сўрамагин», деган эдилар», деб жавоб берибдилар.
Ана сизга қаноатнинг юксак тимсоли!
Баъзи пайтда эр киши имкони бўла туриб ҳам, зарур нарсани ўз вақтида муҳайё қила олмайди. Шундай пайтда у кўчадан кириши билан «Яна лаллайиб, қуруқ келяпсизми?» деб бошланадиган таъналардан кўра сабр-қаноат, ширин сўз билан сабаби суриштирилса, муаммонинг тезроқ ҳал қилиш йўлини топиш осонроқ кечади.
Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради. Шу жумладан эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам чиқиши мумкин. Бундай пайтларда аёл киши оқилона йўл тутмоғи лозим. Оқила аёллар тезда ўзини ўнглаб олиб, сулҳга ўтади ва эрига бу борада эсидан чиқмайдиган дарс беради.
Шошқалоқлик, тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш ва ўзидан бошқаларга ўхшаш ҳаёт кечиришни талаб қилиш каби ишлар хотинга ҳеч қачон обрў келтирмаган, келтирмайди ҳам. Бундай ишлар оилавий ҳаётни бузишга, уни ёруғ дунёдаги Жаҳаннамга айлантиришга хизмат қилади, холос.
Шунинг учун ўрни келганда ғазабни ютиш, ёқмаса ҳам оилавий ҳаёт ҳурмати, баъзи нарсаларга чидашга одатланиш керак бўлади.
Аёл эрининг ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга, тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиши керак. Чунки бу нарса эрининг қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди.
Афсуски, бизда бу нарсага етарли эътибор берилмайди. Кўпгина аёллар кўчага чиққанда пардоз-андозни ўрнига қўядилар-у, оилада пала-партиш, бепардоз юрадилар, ўзларига эътибор бермайдилар. Ёки кўча-кўйда ўзларини хушмуомала қилиб кўрсатадилар-у, оилада эрининг яқинларига қўпол муомалада бўладилар.
Энди эрнинг хотиндаги ҳақлари ҳақида гапиришдан аввал шуни алоҳида уқтириб ўтмоқчимизки, бу нарсаларни ўз ўрнида тушуниш учун «эр оила бошлиғи», деган қоидани яхшилаб фикрга ўрнаштириб олиш зарур.
Оила кичик бир жамият ва унинг раҳбари эр бўлса, оиланинг саодатли бўлишининг шартларидан бири эрга итоатдир.
Баъзи эркаклар буни мутлақ ҳокимлик, деб англайдилар. «Мен нимани хоҳласам, шу бўлиши керак», деб, муомала-муносабатларини суиистеъмол қиладилар. Аёлларга зулм қилиш даражасигача етадилар ва буни гўё шариат ҳукми, деб талқин қиладилар.
Баъзи аёллар эса, аксинча, итоат хору зорлик, ўзини пастга уриш, мутелик деб тушунадилар-да, уни тан олмайдилар. Ана шундай саркашликлар натижасида орада тушунмовчилик келиб чиқади.
Аслида ундай эмас. Аввало бу итоат чекланган. Чунки шариатнинг қоидаси бўйича «Аллоҳ гуноҳ деб ҳисоблаган ишларда бандага итоат қилиб бўлмайди».
Масалан, ота-онами, эрми, бошлиқми, ким бўлмасин, ҳаром, гуноҳ ишга буюрса, унга ҳеч ким бўйсунмайди. Қолаверса, оиладаги итоат эрни оила раҳбари сифатида ҳурмат қилиш юзасидан бўладиган итоатдир.
Шунинг учун бу савобли иш оилавий ҳаёт доирасида ва ақл-идрок билан адо этилиши шарт. Мисол учун, хотиннинг шахсий жамғармаси бўлса, унда эрнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ ва қандай сарф қилишга буйруқ ҳам бера олмайди. Шунинг билан бирга, эр ҳам ўзининг эрлик бурчини адо этиб қўйган бўлиши, яъни маҳрини берган бўлиши керак.
Рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам унинг обрўсини, молини сақлайди, шарафини муҳофаза қилади. Зоҳиран қараганда, хотин бечорага бунча ҳам кўп вазифа юклатилган экан, дейиш мумкин. Лекин худди шу нарсалар эрнинг ҳам вазифаси, қолаверса, ўзаро алоқада бўлган ҳар бир ёру дўст, дугоналарнинг ҳар бирига нисбатан вазифасидир.
Ўзингиз ўйлаб кўринг: Эр-хотин яхши умидда бир ёстиққа бош қўйсалар-у, бир-бирларининг обрўсини ҳимоя қилмасалар, бири топганини бошқаси беҳудага сарфласа ёки эрига (хотинига) ёқмаган киши билан дўст бўлиб, уни уйига таклиф қилса, бу ёғи қандай бўлди?
Маданий меросимизда «хотин киши эрининг рухсатисиз уйдан кўчага чиқмайди», деган яна бир ҳукм борки, уни эшитганда ёки ўқиганда, аввал ғалати кўринади. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинганда унинг замиридаги ҳақиқат англанади.
Албатта, бу ўша давр ибораси билан айтилган. Эҳтимол, ҳозирги кунда мазкур маънони англатмоқчи бўлсак: «Аёл киши одатдан ташқари бирор жойга бормоқчи бўлса, эрини хабардор қилиб кетгани маъқул», дер эдик. Бу ҳам оила тартибига, одобига киради.
Оиладаги сирни, ўзаро гапларни кўчага олиб чиқиш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Бундай гаплар эр-хотин орасида қолгани маъқул. Акс ҳолда ўртага совуқлик тушади, оила ҳаммага шарманда бўлади.
Албатта, бир мартада эр-хотин муносабатидаги ҳамма нарсани баён қилиб бўлмайди. Лекин аёлларимиз, келинларимиз, минг афсуски, ҳозиргача бу масалада узуқ-юлуқ насиҳатлар, янгаларнинг тажриба ўгитлари, дугоналарнинг маслаҳатларидан бошқа тузукроқ маълумотга эга эмаслар.
Баъзилар умуман, ўз ҳақлари поймол бўлаётганини тушуниб етмай юрган бўлсалар, баъзилар ўз бурч-вазифаларини адо этмай юрибдилар.
Ўйлаймизки, барча маданиятли халқлар қатори, бизда ҳам оилавий масалалар илмий-инсоний, юқори ахлоқ-одоб даражасида ёритилади, халқимиз улардан баҳраманд бўлиб, амал қиладиган бўлади.
Қизларимизга мактабларда, ўқув юртларида, корхоналарда, қолаверса, бевосита турмушга чиқишларидан олдин ва оилавий ҳаётнинг бошланғич даврида суҳбатлар, махсус дарслар уюштирилади. Бу эса фойдадан холи эмас.
Ваъз-насиҳат қилувчилар ўз вазифаси юзасидан ҳақиқатни айтмоғи лозим. Бу эса улар учун ниҳоятда қийин иш. Эшитувчилар турлича қабул қиладилар. Яхши гап ҳаммага ҳам ёқади. Лекин, Худо кўрсатмасин, танқид ёки ёқмайдиган гап бўлса, ҳар бир одам: «Мени кўзлаб айтган, ўзи ким бўлибди?» дея машмаша бошлайди.
Севимли «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида «Оиладаги эр» мақоласи чиққанда маълум бўлишича, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдек қабул қилдилар, айниқса эркаклар хурсанд бўлишди.
«Рисоладаги хотин»ни ёзиш давомида ўйланиб қолдим: аёлларимиз қандай қабул қилишар экан?
Охири қариндош аёллар ўқиб, фикр берганларидан сўнг таҳрир ҳайъатига юборишга журъат этдик. Ўйлаймизки, иншааллоҳ, бу мақола ҳам барча ўқувчиларни фикрлашга ундайди. Чунки бу ерда ёзилаётган гаплар ёлғиз муаллифнинг фикри эмас, балки эътиқодимиз таълимотларидан ва ҳаётий тажрибалардан келиб чиққан. Халқ тажрибасига суяниб иш кўриш эса оила кўрғонини мустаҳкамлайди.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077