Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сувни тик туриб ичиш

00:00 / 17.02.2011 | eski savollar | 7967

Ассолому алайкум, ҳазратим! Сизга бир масала бўйича мурожат қилмоқчиман. Мени 3та ҳадис ўйлантириб қўйди. 1. Имом Термизий ривоятларида келган Ибн умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида юрган йўлимизда овқатланиб ,тик туриб сув ичар эдик. 2. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари: Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замзам суви билан сийлаганимда у зот тик туриб ичдилар. 3. Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб сув ичганларни койир эдилар дейилган. Мен бермоқчи бўлган саволим аслида сувни туриб ичиш мумкинми? Олдиндан миннатдорчилик билдириб қоламан.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ва алайкум ассалом! Сиз ҳадисларнинг матнини ўқиб, шарҳини ўқимасангиз, доим шундай тушунмовчиликлар чиқаверади. Бизда ҳақиқий илми йўқ кишилар ҳадис деб арабчадан таржима қилиб чиқариб юборганлари оқибатида шу вазият пайдо бўлди. Кўплаб тушунмовчиликлар, жанжаллар ва бошқа кўнгилсизликлар ҳам чиқди.
Бу масалани “Ҳадис ва Ҳаёт” китобининг 16–жузи, “Таом ва шароб китоби”да қуйидагича тақдим қилинган:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: «Ейиш-чи?» дейилди.«У яна ҳам ашаддийроқ», дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилганлар. 
Муслимнинг лафзида: 
«У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.
Шарҳ: Демак, тик туриб таом ёки ичимлик тановул қилиш жоиз эмас. Чунки, тик турганда одам тўлиқ роҳат ҳолида бўлмайди. Шунинг учун егани ва ичгани ҳам яхшироқ фойда бермайди. Бунинг устига тик туриб еб-ичганда овқатлар тўкилиши, исроф бўлиши ҳам бор.
Агар мутахассислар бу ҳолатни яхшилаб ўргансалар, албатта, бошқа зарарлари ҳам чиқиши турган гап. Умуман, Ислом маданиятида ўзини билган одам тик туриб на таом ейди, на ичимлик тановул қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг лафзида: 
«Замзамдан ундаги челакдан, тик турган ҳолда ичдилар», дейилган.
Шунинг учун ҳам ҳозиргача, замзам ичиш одоблари ҳақида сўз кетганда ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш тавсия қилинади.
Али розияллоҳу анҳуга Роҳба эшиги олдида турганида сув келтирилди. Бас, уни тик туриб ичди ва:
«Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни худди мен қилганимни кўрганингиздек қилганларини кўрдим», деди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Бу ривоятдан замзамдан бошқа сувни ҳам тик туриб ичиш жоизлиги чиқади.
«Умму Фазл розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қадаҳ сут юборди. У зот Арафотда тик турган эдилар. Бас, уни олиб ичдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятида: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар», дейилган.
Муслим ривоятида эса: 
«Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин. Ким унутган бўлса, қусиб юборсин», дейилган.
Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим».
Термизий ривоят қилган.
Уламолар ичимликни тик туриб ёки ўтириб ичиш ҳақида келган ривоятларнинг ҳаммасини жамлаб, таққослаб, бошқа сабабларини ҳам топиб ўрганиб чиққанларидан кейин ўтириб ичиш мустаҳабдир, тик туриб ичиш эса, баъзи вақтларда жоиздир, деганлар.

Топ рейтинг www.uz Openstat