Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Каъба ёпинчиги.

00:00 / 20.02.2011 | eski savollar | 3166
Асалому алайкум ва рохматуллохи ва барокатух мухтарам Шайх Хазратлари.Качон ва кайда эшитганман эсимда йук, Мукаддас Каъбанинг устидаги ёпинчиги (номи эсимда йук, айтб утсангиз яхши буларди) кандайдир вакт оралигида алмаштириб турилиши ва шу пайт Мукаддас Каъба ювилиши, шу маросимда бутун дунёдан мусульмон бандалар шу "буюк ювиш" да катнашиш учун Маккага боришлари, ва шу маросимда катнашиш жудаям улкан савоб эгаси булиш учун сабаб булар экан деб эшитганман. Шу хакикатми ? Агар хакикат булса, бу ерда тасдиклаб/ё инкор килиб, ва шу тугрисида ИСЛОМ.УЗ сайтида кенгрок маълумот берсангиз. Рахмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Каъбаи Муъаззаманинг устига ёпиладиган қора матоҳни арабчада “кисва” дейилади. Бизда “пўшиш” – ёпқич сўзи ишлатиб келинган. Жоҳилият даврида Каъбага пўшиш ёпилар эди. Жоҳилиятда Каъбаи муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган киши Яманнинг ҳокими Асъад Карб исмли киши бўлган.Каъбаи муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган аёл киши Аббос ибн Абдулмутталибнинг оналари Натийла бўлган.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яманий матолардан Каъбага пўшиш ёпганлар. Шунингдек, ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумлар ҳам Каъбага «Қиботий» деб аталган матодан пўшиш ёпганлар. ҳазрати Умар ҳар йили Каъбанинг пўшишини ҳожиларга тақсимлаб берар эдилар.Муовия розияллоҳу анҳу Каъбага дебождан пўшиш ёпган эканлар. У киши Ашуро куни дебождан, Рамазонда қиботийдан пўшиш ёпганлар. Шунингдек, халифалар Маъмун, Мутаваккил, Носир кабилар ҳам Каъбага пўшиш ёпганлар. Бу иш бошқа ҳукмдорлар тарафидан давом эттирилган.Аббосийлар Каъбаи муаззамага Мисрнинг Танийс шаҳрида тўқилган матодан пўшиш ёпганлар. Аббосийлардан кейин, ҳижрий 659 санада Яман подшоҳи Музаффар, ундан кейин Зоҳир Бийбарс Каъбаи муаззамага пўшиш ёпган.Саккизинчи ҳижрий асрда Солиҳ ибн Носир Муҳаммад ибн Қолавун Мисрдаги Бийсус номли қишлоқни бу иш учун вақф қилди. Кейинроқ Мисрнинг амираси Шажаратуд Дур хоним кўп вақфлар қилди. Султон Сулаймон ибн Султон Салимхон Мисрдаги бир неча қишлоқни ўша вақфга қўшди. Ана ўша вақфлардан узоқ муддат Каъбанинг пўшиши учун маблағ олиниб турди.Кейинроқ ҳижрий 1346 санада Маккаи мукаррамада алоҳида Каъба пўшиши фабрикаси қурилди. ҳозирги кунларда ана ўша муассаса ҳар йили битта пўшиш тайёрламоқда. Пўшишнинг матоси қора рангдаги соф ипакдан бўлиб, унга тилла суви юритилган кумуш иплар ила «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳи», «жалла жалолуҳу», «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи» ва «Субҳоналлоҳил азийм» иборалари нақш қилинган бўлади.Ҳозирда Каъбаи муаззамага бир дона пўшиш тайёрлаш учун тўрт юз эллик килограмм соф ипак ишлатилади. Ўша ипакдан тўқилган мато олти юз эллик саккиз квадрат метр бўлади. Пўшиш учун тўқилган мато қирқ саккиз парчадан иборат бўлиб, ҳар бир парчанинг узунлиги ўн тўрт метр, эни тўқсон беш сантиметрга етади. Каъбаи муаззамага ёпиладиган пўшишнинг баландлиги ўн тўрт метр бўлиб, унинг қисмида тўқсон беш сантиметр қалинликда тилло иплар ила оятлар ёзилган камари бор. Камарнинг узунлиги қирқ саккиз метр. У қирқ саккизта парчадан иборат. Камарнинг Каъбаи муаззаманинг бурчакларидаги қисмига тўрт бурчакли шаклда Ихлос сураси ёзилган. Камарнинг пастидан унинг баландлигича тўртбурчак шаклда олтита ояти карима ёзилган. Ўша тўртбурчаклар орасида қандил шаклидаги бўлакларга «Йа ҳаййу! Йа Қайюму!» «Йа Роҳман! Йа Роҳийм!» деб ёзилган.Пўшишнинг таг қисми алоҳида мато ила қопланган. Пўшишнинг Каъбаи муаззаманинг эшиги устига қилинган алоҳида безакли ва оятлар ёзилган қисми «Бурқуъ» деб аталади.Авваллари Тарвия куни қизил ипакдан, биринчи Ражаб куни қиботий ва йигирма еттинчи Рамазон куни оқ ипакдан пўшиш ёпилар эди.Каъбаи муаззамага қора рангли пўшиш ёпиш олтинчи ҳижрий асрда аббосий халифа Носир Лидиниллоҳ томонидан йўлга қўйилган. Каъбаи муаззамани ювиш йилига бир неча марта бўлиши мумкин. Бу йилги бир ювиш ҳақида яқинда ахборот бердик. Топиб ўқинг. “Буюк ювиш” деган гап йўқ. Унга узоқдан одам чақириш ҳам йўқ.

Топ рейтинг www.uz Openstat