Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳолимизни қачон ислоҳ қилишга ўтамиз?

09:25 / 22.05.2019 | Abdulaziz | 8074
Ассалому алайкум! Ҳолимизни қачон ислоҳ қилишга ўтамиз? Бу сатрларни ёзишимга жуда кўп омиллар сабаб бўлди. Зикр аҳлига берилаётган саволлар, атрофимдаги ҳолатлар ва ҳоказолар. Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати аъзолари (Аллоҳ бу кишиларни жаннати билан мукофотласин!) бир муслима синглимизнинг оила ҳақидаги саволига “Аёлнинг қилиши вожиб бўлган ишларига қайнота-қайнонасининг ва ҳаттоки вақти келса ўз эрининг юмушларини қилиш ҳам кирмайди” мазмунида жавоб берганлар. (Сал адашиш бўлса тўғирлаб қўйинглар). Мен ўқидим-у ҳайрон қолдим. Ўзи нима экан бу аёлнинг асосий юмуши десам, ҳа, бу фарзанд тарбияси экан! Эркак эрталабдан кечгача нафақа учун ишласа, фарзандга ким таълим-тарбия беради ахир. Ҳар холда кўчадан бирор киши келиб бермаса керак! Шу оддий нарса хаёлимга ҳам келмади бошида, уялиб кетдим ўқиб. Ҳали фарзанд кўрмадик, янги оиламиз. Шу нарсани ҳам аёлим билан яхшилаб ҳисобга олиб қўйдик. Диний илмларни чуқур ола бошлаганимга 2 йилга яқинлашди. Яхшилаб таҳлил қилсам ҳозирда шу каналга берилаётган кўплаб оилавий муаммоларнинг илдизи, негизи юзда юз шу ҳали тўлиқ ечилмаган муаммонинг асорати экан. Тасаввур қилинг, битта оилада фарзанд туғилди. Дадаси эрталабдан кечгача нафақа учун ишда, аёли эса саҳардан то тун ярмигача уй ишлари билан банд. Фарзанд эса тарбияга муҳтож ҳолида катта бўлмоқда. Катта бўлганда безори, ўғри, фоҳиша, динсиз, ароқхўр, қиморхонадан бери келмаса, бу муаммони илдизини қидириш бошланади. Жуда ҳам кеч эмасмикан! Айбни отаси онага, онаси эса отага, қолганлар эса ота-онага тўнкайди. Менинг ҳозирги ҳолатдаги фикрим эса барига ота-онаси айбдор. Баъзан, фарзанд неъмати кимларгадур умуман берилмай ўтиб кетишади. Улар эса шукр қилувчилардан бўлиб, ўзидан шогирдлари орқали ўлмас асарлар қолдиришади. Қиёматгача раҳматлар билан эсланади. Бу ҳақиқат тарихдан маълум. Баъзи бировларга эса қизлар ва ўғиллар берилади. Улар эса бу неъматнинг шукронасини қилмасдан жамиятга катта зарар келтирувчи, жамиятга ҳиёнат қиладиган инсонларни етиштириб беришади. Ана кейин катталардан эшитадиган қарғишларни кутаверсинлар. Юқоридаги жавобга келсак. Зикр аҳли ҳайъати ўйламасдан бир нарсаларни ўзича гапирадиган ёки тўқиб гапирадиган жамоат эмас, бу ўз номи билан аҳли илмлар, зикр аҳли! Шу канални мунтазам кузатаётганимдан бери фақат дунё-дунё фойда олганман десам муболаға бўлмайди. Ўзим учун ва сиз азизлар учун шу каналдан олган, саволларга жавоб тариқасида берилган, менга таъсири энг кучли бўлган, асосий 3 та сабоқни хабарини беришга ижозат беринг. 1. Инсон қанчалик Қуръон ва суннатга амал қилса ҳаёти гўзаллашиб бораверади. 2. Инсон шариатни ўз нафсига бўйсундириши эмас, ўз нафсини шариат қонунларига бўйсундириши керак. 3. Аёлнинг асосий вазифаси – фарзанд тарбиясидур. Ўзи 1-айтиб ўтилган гап бутун инсониятга кифоя қиладикуя аммо қолганларини эслатиш мўминларга фойда беради деган мақсадда ёздим. Минг афсуслар бўлсинки, охирги савол-жавобларда аёлларимиз эрининг кап-катта укасининг ички кийимларини ювиши, хонасини йиғиштириши ва ҳоказолар унинг вазифаларига киришини айтишган. Афсуслар бўлсин, бу ҳали зикр аҳлига берилган битта савол. Бундай ҳолатлар жамиятимизда кўп учрайди. Дахрийлар тузумининг қулаганига 30 йилга яқинлашмоқда, биз эса ҳали ҳам динга тўлиқ амал қилишга ўтмадик, фарзандларимизнинг тарбиясига асосий масъул бўлган мастура аёлларимизга бутун уйнинг майда-чуйда ишларини буюриб, уларни замонавий қулга айлантириб қўйиб Бухорий, Термизий, Мотуридийлар етишиб чиқишидан умидвормиз. Мантиқсизлик бўлса шунча бўлади-да! Шайх ҳазратларининг бир маърузалари ҳали ҳам қулоғим остида бонг уради. Мазмуни қуйидагича: “Гапларимиз, маърузаларимиз ғоятда йиғлатадиган, кўзларга ёш келтирадиган бўлиши мумкин аммо буларга амал қилмасак булардан нима фойда?” Ана! Бутун умрини дин ғамига бағишлаган инсоннинг гапи. Энди айтмоқчи эмас эдим-ку шу ишга мажбур бўлдим. Аёлим иккаламиз шайх ҳазратларининг китобларини ўқиб, шу маълумотларга ва шу зикр аҳли ҳайъатининг ҳар бир жавобларини қабул қилишга интиламиз. Иккиланишсиз. Алҳамдулиллаҳ, ҳаётимиз гуллаб-яшнамоқда. Кўп саволлардан ўзимизга ҳам хулосалар қиламиз, бошқалар берган савол бизнинг бермоқчи бўлиб юрган саволларимиз бўлиб чиқади, зикр аҳлини безовта қилишга ҳожат қолмайди. Бунинг учун ҳар доим шу канални кузатиб боришингизни маслаҳат бераман. Тахминан 4-5 кунда янги савол-жавоблар бўлади. Исломнинг дастлабки даврларида қулдорлик бўлган лекин ҳаттоки шу қулларга ҳам саҳобалар мурувват кўрсатишган. Саҳобалар уларни сен қулсан деб намоздан ёки фарз ибодатлардан тўсишганини ҳеч ўқимаганман. Ҳозир эса аҳволимиз тескари. Қулдорлик тузуми йўқолганига анча бўлган, ҳамма ҳур инсон. Аммо замонавий, унданам баттар қулдорлик келди. Қайнота ёки қайнона келинни қанчалик кўпроқ хорласа шунча ҳузурланишадигандек баъзи оилаларда. Гап ўз эгасини топади. Унданам баттари эса бутун оила эрга қўшилиб келинга қарши. Қайнотани массаж қилиш, қайнотанинг, эрни ака-укасининг ички кийимларини ювишга буюрадиган одам ўзини иймонини тафтиш қилиб қўйса мақсадга мувофиқ бўлади. Ундан ташқари нон, овқат, дазмол, уй йиғиштириш, ҳаммани кетини тозалаш каби ишлардан кейин кечирасиз, роботнинг ҳам батарейкаси тугайди. Энг ёмони бор: жоҳил қайнона-қайноталар ёки баъзи вақт куёв тўранинг ўзи келинни ибодатдан, рўзадан тўсиши. Яна энг ачинарли саҳна қиёматда бўлади: шу намоздан тўсганларни ёқасидан жабрдийдалар олмоқчи бўлганида қарабсизки, қиёматнинг қўрқинчидан ўша айнан ибодатдан тўсганлар орқасига қарамай қочишади. Билиб қўяйлик биродарлар, Аллоҳнинг ҳаққи – энг улуғ ҳақ ҳисобланади. Яна бизга ким керак? Бухорийлар, Термизийлар ва Мотуридийлар керак. Ҳимматимиз, ҳаракатимиз йўқ жойга бизга тоғнинг чўққиси керак. Бу худди ҳеч бир ускунаси йўқ одам, енгил-юпун кийимда, қишда дунёнинг энг баланд чўққисини забт этишни хоҳлайдиган нодон одамга ўхшайди. Бундай аянчли, таълим-тарбия етарлича ёки умуман берилмаган шароитда эса ўғил ёк қиз катта бўлганда сизга бақириб, гап қайтарганда сизни бошингизни бир уриб ёриб қўймаганига Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қилаверинг. Сабаби унга ҳеч ким диндан, Аллоҳга ибодат қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳмдан сабоқ бермаган-да! Дин ўз-ўзидан сингиб қолармиди. Шундай бўлганида пайғамбарларни Аллоҳ одамларга сабоқ бериши учун дунёга юбормасди. Жамият ривожланиши керак деб эрталабдан кечгача гапириш билан эса иш битиб қолмайди. Ўз холимизни ўзгартирмагунимизгача эса Аллоҳ бизни холимизни ўнгламайди. Шунча гуноҳларимизга ер ютмаганига ҳамд айтиб буёғига ҳамма бир бўлиб, холис динга амал қилишни бошласак юртимизга баракалар ёғиларди. Бизга Бухорий керакми? Фарзанди бор ёки фарзанд тарбиялаётган оталар ўзингизни камида Бухорийни отасидек тутинг. Эсланг: у инсоннинг отасининг молига шубҳа умуман аралашмаган эди! Фарзандингиз саҳобалардек солиҳ бўлишсинми? Демак сиз ҳам ўзингиз намуна бўлиб фарзандингизга 3 ёшидан “Аллоҳ сени кўриб турибди” деб айтишни ўргатинг, саҳобалар ривоятларидан ўқиб беринг. Саодат асри руҳонияти уйингизда ҳукм сурсин. Суннатларни шу даражада ҳаётингизга сингдириб юборингки, келгусида юртимиздан Қуръон ҳофизларига ўхшаб ҳадис хофизлари чиқишсин. Фарзанд пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари тирилган уйда катта бўлса ҳадис ёдлаши осон кечади. Худди у кундалик ҳаётини гапириб бераётган одамдек ҳадис айтадиган бўлади, инша Аллоҳ. Кейингина Абдуллоҳ ибн Умардек суннатга оғишмай амал қилувчи саҳобийга ўхшаган солиҳ фарзандларимиз туғилажак! Биз эса Аллоҳ ҳузурида пашша қанотича қадри йўқ дунёга муккасидан кетганмиз, яна бизга фирдавс жаннатининг тўри керак. Кулгу умрни узайтирар экан деб, ҳар хил бўлмағур қизиқчиларнинг концертларини бир йил интиқлик билан кутиб яшаймиз. Намозни эса шу даражада кутмаймиз. Намозни ўқишимиз аҳволи ҳақида эса Исҳоқжон домла Бегматов яқинда Рамазон суҳбатларида айтганларидек: “Жасад масжидда холос. Фикр умуман дунё ташвишлари билан”. Телевизор кўришни камайтиринг деган жавобларни ўқиб туриб ҳам буткул узилиб чиқолмаймиз. Зикр аҳлига шу ҳангомаларни кўриш мумкинми деб шахсан ўзим савол берганимда рад жавоби келди. Умуман кўришни тўхтатдим. Ҳаётим фақат яхши томонга ўзгарди. Бирор жойим узилиб ёки камайиб қолгани йўқ. Кўпайган нарса тақво ва илм бўлди. Бунинг учун шу канал аъзоларига ташаккур. Яна энг ачинарли ҳолатларимиздан бири шуки, ислом дини инсониятни ҳар жабҳада икки дунё саодатига эриштириши аниқ бўлганини билган ҳолимизда амал қилишни йўлга қўймаймиз. Берадиган саволимиз фақат шу ғарбнинг китобларини ўқисак бўладими деган қабилида. Ўзи улар ҳам ҳамма манбаси ислом таълимотларига бориб тақалади. Инсонларга ёқиш сири, бой бўлиш сири, оила бахти, муваффақиятларга эришиш сирлари, дўст орттириш усуллари, тўғри овқатланиш ва ҳоказолар. Шу китобларни биз албатта сотиб олишимиз, семинар-тренингларга соати 100.000 сўм бўлса ҳам боришимиз шарт. Тўғри овқатланиш курсларига эса албатта фалон пул сарфлаб боришимиз лозим. Бизга эса улар суннатга мувофиқ овқатланишни сал бошқачароқ қилиб етказиб беришади ва мўмай пулни олишади. Оилани сақлаб қолиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун эса ўзини руҳий ҳолатига ҳам, таъбир жоиз бўлса ўзининг оиласидаги муаммога ҳам бир ёрдамчи мураббий керак бўлган психологга боришимиз, оилавий сирларимизни достон қилишимиз шарт! Психологни битта қабули 100.000-200.000 атрофида, агар қиммат бўлмаса. Биринчиси текин бўлиши мумкин лекин қолганлари яхшигина пул бўлади. Камига фалон марталар боришингиз керак. Бахтиёр оила деган китобни эса олиб, ўқиб амал қилсангиз кифоя эди. Йўқ, биз китоб ўқимасак бўлди. Китоб ўқишга ҳафсала йўқолган. Солиҳ салафларимиз эса кечаси китоб мутолаасида уйқуси келса ёнида совуқ сув олиб ювиб уйқусини қочиришган. Динимизда тайёр савоб-ажр олиш имконияти ва бутун инсоният муаммоларига ечим бўлиб туриб, биз қаерларгадир бориб юрамиз. Муаммойимизни чиройли таҳорат олиб, таҳминан бўйи 120 ва эни 70 сантиметрлик нажот кемаси(жойнамоз)га чиқиб олиб, Аллоҳ таолога ёлвориб арз қилишдан бизни нима тўсади ўзи?! Унга ортиқча пул ҳам керак эмас-ку! Холимизни ислоҳ қилишга ўтмасак қиёматда қандай жавоб берамиз? Бухорий ва Термизийларни қўя турайлик, фарзандларимиздан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ўхшаш олим чиқиши учун ота-оналар нима қилиши керак эканини “Исломга бағишланган умр” китобидан бемалол билиб олаверишингиз мумкин. Чунки кўпчилигимизнинг даъволаримиз осмон қадар-да! Биз нима хоҳлаймиз? Биз фарзандларимизнинг олим бўлиб, дунёнинг энг нуфузли мукофотларини олишини, дунёни титратган олим бўлишини истаймиз. Миямизда саҳналаштириш ва хаёл суриш қобилиятимизга гап бўлиши мумкин эмас, беш баҳо. Ҳимматимиз эса нол бутун миллиондан бирга ҳам тенг эмас. Биз ўзимиз фарзандларимиз кўз олдида аёлимизни урамиз, телевизорни “титратиб”, тутуни чиққунча кўрамиз, смартфонни қуввати тугагунча “титратамиз”, кавлаймиз. Ваҳолангки, қалбларимиз-у вужудимиз титраб намоз ўқишимиз керак эди! Уст-бошимизга эътибор берганчалик қалбимизга эътибор берганимизда анча муаммолар ҳал бўлармиди. Битта салафи солиҳдан устингизга унча эътибор бермас экансиз деб сўрашганида, ичимни тафтиш қилиб устимга вақтим қолмаябди деган эканлар. Бугунги кунимиздаги аҳволимиз қандай? Охири шу канал аъзолари ҳам диний савдомизни савиясини кўриб кўзига ёш олиб оддий саволларга жавоб беришаябти деб ўйлаб қоламан баъзида. Чунки излаш хизматидан фойдаланишни билишмайди ёки эринишади. Назаримда охири шу излаш хизматидан фойдаланинг деб жавоб ёзсак, шу энди дин ўрганишни ўрганаётган одам ҳам совиб умуман диндан йироқлашмасин деб оддий саволларга ҳам жавоб беришмоқда. Битта биродаримиз савол берибдилар. Оддий саволлиги ва жавобини ҳам ўқимасдан туриб, ўзим ҳозир тафсири ҳилолнинг фалончи оятини келтиришса керак деб тургандим шундай бўлиб чиқди ҳам. Сабаби мен Тафсири ҳилолни тўлиқ ўқиб, ёдлаганимдан эмас, шу савол сийқаси чиқиб кетганидан... Ўзим учун излаш хизматидан шу саволга жавобни қидирсам 100 дан ортиқ жавоб бор экан. Аллоҳ тавфиқ берсин! Зикр аҳлидан сўранг ҳайъатини аъзоларининг умрларига Аллоҳ баракалар берсин! Бунга ўзим канални мунтазам кузатувчиси сифатида гувоҳман. Биз аслида кўп масалаларни муҳокама қилиш даражасида бўлишимиз керак эмасми?! Масалан, ҳурматли зикр аҳли мен руҳий тарбия илмида қуйидаги босқичдаман кейин нималарни қилишим керак? Ёки мен шундай-шундай масалага Кифоя китобини 3 та жузини ўқиб жавоб топа олмадим нима қилсам бўлади десак эдик, аҳли илмларимизни вақтини “3 талоққа йўл бормикин” “жаҳл қилиб аёлимни талоқ қилдим, энди пушаймонман” “фақат бомдодни ўқисам бўладими” деб оддий масалалар билан вақтларини олмаган бўлар эдик. Яқиндаги, 10-май куни соат 13:34 даги савол-жавобга эътибор қаратинг. Савол: Ассалому алайкум! Рўзани бошида 3 кун ўртасида 3 кун охирида 3 кун тутса бўладими? Жавоб: Ва Алайкум ассалом! Рўзани бошида 10 кун ўртасида 10 кун охирида 10 кун тутса бўлади. Валлоҳу аълам! Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати. Кулишингизни ҳам йиғлашингизни ҳам билмайсиз. Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, биродарлар асосий мақсадимиз Аллоҳ розилигига эришиш. Бунинг учун эса Аллоҳ кўрсатган ягона ҳақ дин бўлган Исломга амал қилишимиз шарт. Ривожланиш ҳам, ҳайр-барака ҳам шунда бўлади. Бошқа йўли йўқ. Ҳамма танқидлар ва фикрлар ўз эгаларига тегишли. Ҳамма билиб-билиб ўзига керакли хулосаларни қилса ва динга холис амал қилишга ўтишса, шу сатрлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлган бўлади. Аллоҳ таолодан эркаклар бутун рўзғор ташвишини қилиб, аёлларга энг яхши илм олиш шароитларни таъминлаб беришини ва фарзанд тарбиясини еб-ичиш ва кийиниш барча ҳой-у ҳаваслардан устун қўйишларини сўраб қоламиз. Дастлаб ўзимга кейин мусулмонларга Аллоҳдан саломат қалб, фаросат, ҳидоят, тақво, ҳаё ва динда собитқадамлик сўраб қоламан. Охирги сўзимиз, оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Мулоҳаза қилганингиз учун ташаккур. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat