Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жумадул аввал ойида қайси кунларида рўза тутиш

14:48 / 26.02.2015 | Жасурбек Каримов | 9010
Аллоҳ сабр тоқат берса рўза тутмоқчиман. Жумадул аввал ойида қайси кунларида рўза тутиш жоиз. Ҳар янги ойнинг биринчи 3 куни тутиш жоизми? Илтимос сиздан қайси ойда , қайси куни рўза тутишни тушинтириб берсангиз?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ихтиёрий тутиладиган нафл рўзаларга бирма-бир тарғиб қилганлар. 1. Муҳаррам ойида Ашура куни рўзаси. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Рамазондан кейин энг афзал рўза қайси?”. Ул зоти шариф дедилар: “Аллоҳнинг ойидурки, уни сизлар Муҳаррам дейсизлар”. Имом Аҳмад, Муслим ва Абу Довуд ривояти. Муҳаррам ойининг ушбу ўнинчи кунида рўза тутиш бир йиллик сағира гуноҳларга каффорат бўлиши башорат қилинган. Пайғамбаримиз ва саҳобаларда мазкур кунга бир кун қўшиш, хусусан, тўққизинчи куни ҳам рўза тутиш суннат бўлиб қолган. 2. Зулҳижжа ойининг ўн кунлик рўзаси. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Термизийдан бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз мана бундоқ деган эканлар: عن قتادة رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "صوم يوم عرفة يكفر سنتين، ماضية ومستقبلة، وصوم يوم عاشوراء يكفر سنة ماضية “Арафа кунининг рўзаси икки йиллик (сағира гуноҳларга) каффорат бўлади: ўтган ва келаси йилга. Ашура кунининг рўзаси эса ўтган йилга каффорат бўлади”. Зулҳижжа ойининг бу кунларида рўза тутиш жиҳоддан ҳам афзал эканлиги саҳиҳ ҳадиси шарифларда баён этилган. Моликийлар томонидан Тарвия куни, яъни Зулҳижжанинг саккизинчи куни бир йиллик сағира гуноҳларга каффоратлиги айтилган. Аммо, Арафот майдонида турган ҳожиларга заифлашиб қолиш эҳтимоли бўлгани учун рўза тутиш тавсия қилинмаган. Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, чаҳориёри киром ҳам ҳаж қилган вақтларида ўша кунлари рўза тутмаган эканлар. 3. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш. Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можжалар Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида ҳайит эртасидан тутиш бошланадиган ушб олти кунлик рўза ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: من صام رمضان ثمّ أتبعه ستا من شوال فكانما صام الدهر “Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнг унга Шавволдан олти кунни эргаштириб рўза тутса, худди йил бўйи рўза тутгандек савоб бўлур”. Йил бўйи рўза тутганликнинг ҳикмати шуки, ҳар бир амалга ўнтадан савоб берилиши маълум. Рамазоннинг ўттиз куни уч юз кунга тенг, Шавволнинг олти куни олтмиш кунга тенг бўлади. Қолган беш кун эса рўза тутиш макруҳ бўлган кунлар – ҳайит ва ташриқ кунлари ҳисобига чиқиб кетади. 4. Шаъбон ойида рўза тутиш. Жаноби Расулуллоҳнинг одати шарифларидан бири шу эдики, Шаъбон ойининг кўпроғида рўза тутар эдилар. Бу ҳақда ул зоти шарифдан Усома ибн Зайд разийаллоҳу анҳу сўраган экан. Шунда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай бир ойки, одамлар ундан ғофилдирлар. Ражаб ва Рамазоннинг ўртасида келади. У ойда оламлар раббиси ҳузурига амаллар кўтарилади. Шундай экан, мен рўза ҳолимда амалларим кўтарилишини яхши кўраман-да!”. Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилган. Муҳаддис Ибн Хузайма уни саҳиҳ деган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Имрон разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бўлмаганда Шаъбонда икки кун рўза тутиш кераклигини таъкидлаганлар. 5. Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шу икки кунда кўп рўза тутиб ўрнак кўрсатганлар. Шу ҳақда сўралганда ул зоти шариф: “Албатта амаллар ҳар душанба ва пайшанба кунлари арз қилинади. Бас, (шу кунларда рўза тутса), Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонни мағфират қилади. Фақат бир-биридан қочиб юрадиган қариндошларни мағфират қилмагай”. Бошқа ўринда эса ул зоти шариф душанба куни туғилганлари ва душанба куни Пайғамбарлик ваҳийси илк бора келгани, шунинг учун шукронасига ўша куни рўза тутишини яхши кўришларини айтганлар. 6. Ҳар ойнинг ўртасида рўза тутиш. Бу кунлар “айём ал-бийз” деб аталади. Яъни, “оппоқ кунлар” дегани. Чунки, бу вақтда ойнинг ёғдуси энг кучли бўладиган кунлардир. Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳу бизга буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буюрганларини айтганлар. Имом Насоий ривояти. Муҳаддис Ибн Ҳиббон буни саҳиҳ деган. Бу кунлар ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлар бўлиб, Қатода ибн Малҳон разийаллоҳу анҳунинг ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур кунларда рўза тутишга одатланиш бир йиллик рўза билан тенглигини ваъда қилганлар. Чунки, ҳар бир амалга ўнтадан савоб беришини Аллоҳ таоло ваъда қилган: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”. (Анъом сураси, 160-оят). Фақат юқоридаги кунлар тартиби Зулҳижжа ойида ўзгаради. Ўн учунчи Зулҳижжада рўза тутиш макруҳ бўлгани учун, унинг ўрнига ўн олтинчи куни рўза тутади. 7. Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмаслик. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр разийаллоҳу анҳуга тавсия қилганлар. Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган. Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмай юришни Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси деб мадҳ қилинган: أحبّ الصيام الى الله صيام داود وأحبّ الصلاة الى الله صلاة داود، كان ينام نصفه ويقوم ثلثه وينام سدسه وكان يصوم يوما ويفطر يوما “Аллоҳ таолога рўзаларнинг энг севимлиси Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. Аллоҳ таолога намозларнинг энг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Ул зот кечанинг ярмида ухлар эдилар-да, учдан бири қолганда намозга турар эдилар ва яна олтидан бири қолганда ухлаб олар эдилар. Ул зот бир куни рўза тутар эдилар ва бир куни рўза тутмасдан юрар эдилар”. www.islom.uz

Топ рейтинг www.uz Openstat