Қандай қизга уйланиш

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушҚандай қизга уйланиш
Izzatilla сўради 7 ой аввал

Ассалому алайкум! Мeн яқинда қиз топилса уйланиш ниятидаман, ин шаа Аллоҳ.  Мeн онамга диний илми баландроқ бўлган қиз топинг иложи бўлса дeдим. Чунки мeн ва келажакда фарзандларим ўз жуфтимдан ўрганаман дeдим. Бир дўстим шуни эшитиб “бу мумкун эмас. Чунки аёлинг сeнга устоз бўлиб қолади, сeн ундан ўрганишинг нотўғри” дeди. Шу тўғрими? Олдиндан раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 7 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Ҳадисга кўра ўта диндорига уйланинг. Аёлингиздан бемалол ўрганаверинг, ажри кўп бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилса, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда молдорлик кўпгина ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасаб сўзи обрў-эътибор, шараф, нуфуз деган маъноларни англатади.
Ҳасабу насаби яхши келин албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар, яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига фақат келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига, фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин ўз бурчи ва масъулиятларини шариат кўрсатмаси бўйича тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келинни танлашимиз лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!