Тижоратчиларга ҳақида

СаволларМавзу: ҲадисларТижоратчиларга ҳақида
Sardor сўради 9 ой аввал

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Ростгўй, ишончли тижоратчи жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади – дедилар. Шу гапларни ўқиб қолдим.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 9 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ رِفَاعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ خَرَجَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِلَى الْمُصَلَّى، فَرَأَى النَّاسَ يَتَبَايَعُونَ، فَقَالَ: يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ، فَرَفَعُوا أَعْنَاقَهُمْ وَأَبْصَارَهُمْ إِلَيْهِ إِجَابَةً لَهُ، فَقَالَ: إِنَّ التُّجَّارَ يُبْعَثُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى اللهَ وَبَرَّ وَصَدَقَ. وَفِي رِوَايَةٍ: التَّاجِرُ الصَّدُوقُ الْأَمِينُ مَعَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб:
«Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот:
«Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар.
Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган.
Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтирар экан. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифат:
1. Аллоҳ таолога тақво қилиш.
2. Яхшилик қилиш.
3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.
Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.
Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадича онамизнинг моллари билан тижорат қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал, деб савол берганларга баъзи ҳолларда тижорат афзал эканлигини таъкидлаганлар. Саҳобалардан баъзилари вақти келганда тижорат жиҳодга тенг бўлишини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу «Жиҳоддан кейин менга энг афзал ўлим савдо моллари ичида ўлишдир», деганлар.
Аммо ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
Ушбу ҳадис олдимизга тожирнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:
Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;
Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!