Азон дуоси

Азон дуоси

СаволларМавзу: ДуоларАзон дуоси
Fazl сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Устозлар азон  дуоси қандай амал? Суннатми ёки мустаҳаб? Масалан  масжиддаман азон айтилди азон дуосини   қилиш?  Мeн суннат дeб ўйлардим, лeкин  кифояда на суннат на мустаҳаб дeйилмаган экан. Ёрдам бeрсангизлар, Аллоҳ рози бўлсин.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ النِّدَاءَ اللَّهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ، وَالصَّلَاةِ الْقَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الْوَسِيلَةَ وَالْفَضِيلَةَ، وَابْعَثْهُ مَقَامًا مَحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ، حَلَّتْ لَهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким азонни эшитгандан кейин: «Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ» деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим! Эй ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Василани ва фазилатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».
«Васила» жаннатдаги олиймақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.
«Мақоми Маҳмуд» – «Мақталган Мақом» эса Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса» ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд буюк шафоат мақомидир.
Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз лозим.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ الْمُؤَذِّنَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا، وَبِالْإِسْلَامِ دِينًا، غُفِرَ لَهُ ذَنْبُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَالَ مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ إِلَّا فِي الْحَيْعَلَتَيْنِ فَقَالَ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким муаззинни эшитганида «Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулан ва бил Ислами дина» деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса-ю, магар «Ҳайя ъала» жумлаларида «Ла ҳавла ва ла қуввата» деса, жаннатга киради», деганлар», дейилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шариф ровийси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий ал-Қураший, кунялари Абу Исҳоқ.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўртинчи бўлиб Исломга кирдилар. У киши ана шу вақтда 17 ёшда эдилар. Исломда биринчи бўлиб камондан ўқ отган шахс ҳам, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобаларнинг бири ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида рози бўлган олтита саҳобаларнинг бири ҳам шу зот бўлганлар.
Саъд ибн Абу Ваққос Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб бир мушрикни қатл этиб, қонини оқизган, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма маъракаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иштирок этган паҳлавон саҳобалардан эдилар.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳб Зуҳриянинг қабиласидан бўлганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини «тоға» деб атар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг дуолари қабул қилинишини сўраганларида Аллоҳ дуоларини қабул қилган. Шунинг учун одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуоларидан қўрқар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосдан ташқари бирор кишига «Ота-онам фидо бўлсин», деб айтмаганлар.
Бу зот Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларида форслар билан бўлган урушда аскарларга қўмондон бўлдилар. Ҳижратнинг 15-санасида Қодисияни, ҳижратнинг 16-йили Жалулони, ҳижратнинг 17-йили Куфани фатҳ этдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу кишини Ироққа волий қилиб тайинладилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам шу амалда бўлдилар.
Қачонки ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилиб, фитна замони келганидан кейин бу ишларнинг ҳаммасидан четланиб, Мадинага қайтиб келдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 270та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Хавла бинти Ҳакимлардан ривоят қилдилар. Бу зотдан Соиб ибн Язийд, Мужоҳид, Алқама ибн Қайс, Жобир ибн Самура, қизлари Оиша, Омирнинг болалари, Мусъаб ибн Умайр, Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Қайс ибн Абу Ҳозим ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.
Бу зотнинг кўзлари ҳаётларининг охирида ожиз бўлиб қолди ва ҳижратнинг 55-санасида Мадинадан етти мил узоқликдаги Ақиқ деган жойда вафот этдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос жаннатга киришларига башорат берилган, охирги вафот этган саҳобалардан эдилар.
Ушбу ривоятда қилинган дуонинг маъноси:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. У ёл¬ғиз Ўзидир. Унинг шериги йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик берурман. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин, деб рози бўлдим».
Ким азонни эшитганидан кейин ушбу дуони ўқиса, гуноҳлари мағфират этилиши ваъда қилинмоқда.
Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан эса муаззин нима деса, шуни қайтариб туриш, фақат икки «Ҳайя ъала» сўзларини айтганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи» дейиш ўргатилмоқда. Ким бу нарсаларни чин қалб¬дан айтса, жаннатга кириши ваъда қилинмоқда.
Инсоф қилиб айтганда, бу жуда ҳам осон ишлар, савоб топиш, гуноҳни ювиш ва жаннатга кириш эҳтимолини ошириш учун ғанимат нарсалар. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқи¬батида кўп нпрсаларга эътибор бермаймиз. Уларга амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто бу нарсаларни лозим даражада билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қи¬лишга ўтайлик. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!