Устоз ва шогирд

Farxodbek сўради 8 ой аввал

Ассалому алайкум! Устоз ва шогирд ҳақлари қандай бўлади?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 8 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=22270.0;wap

— Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш илми соҳасида ҳам, бошқа илмлардаги каби, устознинг ҳам, шогирднинг ҳам ўзига хос одоблари ва масъулиятлари бор.
Илм талаб қилувчининг (мутааллимнинг) одоблари қуйидагилар:
1. Илм талаб қилувчи шахс нафс поклигини ахлоқий разийлат ва ёмон сифатлардан юқори қўймоғи лозимдир. Зотан, илм қалбнинг ибодатидир.
2. Илм талаб қилувчи шахс ўзини чалғитувчи нарсалардан алоқани кесмоғи лозим. Чунки, фикр бўлинса, ҳақийқатларни идрок қилишдан ожиз бўлиб қолади. Салафи солиҳлар илмни бошқа барча нарсадан юқори қўяр эдилар. Баъзилари илмда кўзлаган мақсадларига эришмай туриб, бошқа нарсаларга қўл урмас эдилар.
3. Илм талаб қилувчи шахс худди бемор ўзини табибга топширгани каби, устозига тамомийла бўйсунмоғи, унга тавозуъ кўрсатмоғи ва хизматида қоим бўлмоғи керак.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Зайд ибн Собит жўнаб чиқиб, отларига минмоқчи бўлганида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Зайд бундан қайтарди.
Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», – деди.
4. Илм талаб қилувчи такаббурлик қилса, жоҳиллик қилган бўлади. Чунки, ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаердан топса, олади. У, муаллимининг фикрига эргашсин. Чунки устозининг хатоси унинг тўғри топганидан кўра фойдалидир.
Ибн Абдулбарр, ал-Марҳабий ва ал-Хатиб келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу толиби илмга қуйидаги насийҳатни қиладилар:
«Олимнинг сенда бўлган ҳаққи:
1. Унга кўп савол бермаслик.
2. Жавобни қаттиқ талаб қилиб уни чарчатмаслик.
3. У хоҳламаса, маҳкам ёпишиб олмаслигингдир.
4. Агар танбаллик қилса, кийимидан тутмаслигингдир.
5. Устозга қўл билан ишора қилмаслик.
6. Унга кўз қисиб ҳам ишора қилмаслик.
7. Одамлар билан мажлис қуриб ўтирганда сўрамаслигингдир.
8. Унинг адашишининг пайидан бўлмаслик.
9. Агар адашса, қайтишини кутишинг ва тавбасини қабул этишингдир.
10. Фалончи сен айтганнинг хилофини айтди, демаслик.
11. Унинг сирини фош қилмаслик.
12. Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик.
13. Уни ҳозирлигида ҳам, ғойиблигида ҳам муҳофаза қилиш.
14. Одамларга умумий салом бериб, унга алоҳида табрик айтмоқ.
15. Унинг рўбарўсида ўтирмоқ.
16. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматини қилмоқ.
17. Олим суҳбатининг узунлигидан малол олмаслик.
18. У бир хурмога ўхшайди. Сен ундан ўзингга қачон манфаат тушишига интизор бўлиб турмоғинг керак.
19. Албатта, олим Аллоҳнинг йўлида рўза тутган мужоҳид кабидир. Қачон бир олим вафот этса, Исломда бир тешик пайдо бўлур ва у қиёматгача тўсилмас. Толиби илмни осмоннинг муқарраб фаришталаридан етмиштаси кузатиб юрур…»
Илм талаб қилувчи шахс дастлабки босқичда ихтилофларга қулоқ солмаслиги керак. Бу нарса унинг ақлини лол ва зеҳнини шол қилиши мумкин.
Илм талаб қилувчи шахс ҳар бир нарсадан энг яхшисини олмоғи лозим. Чунки, ҳамма илмларни олишга умр етмайди. У, энг шарафли илмга асосий қувватини сарф қилиши керак. Ўша илм охиратга боғлиқ илмдир.

Муаллимнинг одоблари қуйидагилар:
Муаллим талабаларга шафқатли бўлиши ва уларни ўз болалари ўрнида кўриши керак.
Муаллим таълим бергани учун ҳақ олмаслиги, мукофот ва ташаккур тамаъ қилмаслиги, фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун таълим бермоғи лозим.
Муаллим толиби илмларга миннат қилмаслиги, аксинча, уларнинг илм учун қилган ҳимматларини фазл деб билиши керак. Улар, худди, ерни экиш учун ижарага берган кишига ўхшайди.
Муаллим ажрни Аллоҳ таолодан бошқадан сўрамаслиги шарт. Салафи солиҳлар илм толибининг ҳадясини олишдан ҳам бош тортар эдилар.
Муаллим насийҳат қилишда малолланмаслиги керак.
Муаллим толиби илмда одобсизликни кўрса, ишора йўли ва лутф билан тўғриласин. Дўқ-пўписа қилмасин. Чунки, дўқ-пўписа ҳайбат пардасини йиртади.
Муаллим толиби илмнинг фаҳми ва ақли миқдорига назар солсин. Унга фаҳми етмайдиган ва ақли иҳота қила олмайдиган нарсаларни таълим бермаслик керак.
Имом Бухорий илм ҳақида «Бир қавмни бир илмга хос қилиб, бошқаларга фаҳмлай олмасликлари учун айтмаган киши ҳақидаги боб»да Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини келтирган: «Одамларга ўзлари англайдиган нарсани гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расулининг ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!»
Имом Муслим «Саҳиҳ»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтирган: «Бир қавмга уларнинг ақллари етмайдиган гапни зинҳор гапирмагин. Чунки, баъзилари учун фитнага айланиб қолиши мумкин».
Муаллим илмига амал қилувчи бўлиши шарт.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلاَ تَعْقِلُونَ

«Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, Китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!» деган (44-оят).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Белимни «синдирган» икки киши: амалсиз олим ва илмсиз обид». Валлоҳу аълам!