Маркeтингдаги масала

СаволларМавзу: Молия ва ТижоратМаркeтингдаги масала
Omon сўради 8 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли узтозлар, ҳозир жадал суратлар билан ривожланаётган бозор иқтисодиёти даврида супeрмаркeтлар ёки замон талабларига жовоб бeра оладиган ҳар хил дўконлар тобора кўпайиб бормоқда ва халқимизга чиройли хизмат кўрсатмоқда! Бироқ бу дўконларда маркeтинг юритишни овропача усуллари сақланиб қолганиданми нархларни бeлгилашда шубҳали вазиятни юзага кeлтирувчи ҳолатлар ҳам йўқ eмас . Масалан бирор махсулотнинг нархини 7980 сўм каби қайтим қайтариб бўлмайдиган қилиб бeлгиланади ёки ўлчаб бeриладиган махсулотларда ҳам 10000 сўмлик дeб айтилса , 10240 сўм қилиб тортиб бeрилади! кассада eса шу нархлар ошириб тeккислаб айтилади! (7980=8000каби). қайтим вақтида кичик суммаларга махсулотлар қўшиб бeрилади. бундай ҳолатда пластик карточкаси бор ҳаридорларгина аниқ савдо қила олишади! шунақанги ҳолатларда ҳаридор сифатида ўзимизни қандоқ тутмоқлигимиз дуруст! кeлажакда шу каби дўконларда халқимизга ҳизмат қилсак маркeтингни бу услубидан фойдалансак бировни  ҳаққини eган бўлиб қолмаймизми? жавобингиз учун раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 8 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Албатта бунда, ўша қолиб кетаётган кичик суммага бирон буюм берилса, унга харидор рози бўлса, жоиз бўлади. Аммо оз-оздан бўлсада бировнинг ҳаққи қолиб кетишидан эҳтиёт бўлиш керак. Бу эса шаръан жоиз эмас. Қиёматда ушбу ҳадислардаги ҳолатга тушиб қолади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».
Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.
Шу ерда кишини касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:
1. Бировни сўкиш.
2. Бировнинг обрўсини тўкиш.
3. Бировнинг молини ейиш.
4. Бировнинг қонини тўкиш.
5. Бировни уриш.
Мана шу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.
Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар.
Ҳаттоки, бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар.

وَعَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ جَاءَ رَجُلٌ يُرِيدُ أَخْذَ مَالِي، قَالَ: فَلَا تُعْطِهِ مَالَكَ، قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ قَاتَلَنِي، قَالَ: قَاتِلْهُ، قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ قَتَلَنِي، قَالَ: فَأَنْتَ شَهِيدٌ، قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ قَتَلْتُهُ، قَالَ: هُوَ فِي النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, бир одам молимни (тортиб) олмоқчи бўлиб келса?» деди.
«Унга молингни берма», дедилар.
«У мен билан уришса-чи?» деди.
«Сен ҳам у билан уриш», дедилар.
«У мени қатл қилса-чи?» деди.
«Сен шаҳидсан», дедилар.
«Мен уни қатл қилсам-чи?» деди.
«У дўзахдадир», дедилар».
Муслим ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бировнинг молини ўзиники қилиб олмоқчи бўлган одамнинг ҳоли қанчалар ёмон эканини қаранг. Ҳатто унинг ёмонлиги туфайли ўз молини ҳимоя қилиб уни ўлдирган одамга жазо белгиланмаган. Бунинг устига, ҳалиги ёмонлик қилувчининг ўзи биров тарафидан ўлдирилса ҳам дўзахга тушиши таъкидланган. Ёмонлик ёмон-да. Гарчи ўша ёмонлик бировнинг молига нисбатан қилинган суиқасд бўлса ҳам. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!