Покланишда сув миқдори

СаволларМавзу: Турли саволларПокланишда сув миқдори
olloyor сўради 7 ой аввал

Ассалому алайкум! Бир кишига ҳожатдан кейин истинжо ва таҳоратга қанча миқдорда сув ишлатиш керак? Ҳозирги улчов билан неча литр сув етарли бўлади? Жавобингиз учун раҳмат

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَغْتَسِلُ بِالصَّاعِ إِلَى خَمْسَةِ أَمْدَادٍ وَيَتَوَضَّأُ بِالْمُدِّ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат қилар эдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Соъ» – 2,75 литр сув сиғадиган идиш. Бир мудд сув эса 0,688 литр бўлади. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камида 2,75 литр сув билан, кўпи билан 3,440 литр сув ёрдамида ғусл қилганлар ва 0,688 литр сув билан таҳорат қилганлар.
Бу ҳадисни таҳоратнинг одоблари бобида келтиришдан мақсад, таҳоратда сувни иложи бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатган миқдорда ишлатсак, одобни жойига қўйган бўламиз, дейишдир. Бунда ер юзидаги ҳаётнинг муҳим омили бўлмиш сувни тежаш тарғиботи ҳам бор.
Бир вақтлар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ўта танқис жойда яшаганликлари учун шундай қилганлар», деган фикр ҳам бўлган. Лекин вақт ўтиб, ҳаёт ўзгариши туфайли сув ўта сероб жойларда ҳам муаммолар пайдо бўлмоқда. Ҳатто денгизлар ҳам қуриб қолмоқда. Бу эса каттаю кичик ҳар бир нарсада сувга нисбатан ниҳоятда тежамкор бўлиш заруратини келтириб чиқармоқда.

وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَتَوَضَّأُ بِإِنَاءٍ يَسَعُ رِطْلَيْنِ وَيَغْتَسِلُ بِالصَّاعِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَقَالَ: قَالَ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ: الصَّاعُ خَمْسَةُ أَرْطَالٍ وَثُلُثٌ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ратл сув сиғадиган идишдан таҳорат қилар эдилар ва бир соъ ила ғусл қилар эдилар».
Абу Довуд ривоят қилганлар ва:
«Аҳмад ибн Ҳанбал: «Бир соъ — бешу учдан бир ратл бўлади», деганлар», деб таъкидлаганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанча миқдордаги сув билан таҳорат ва ғусл қилганлари ҳақида сўз бормоқда. Бир ратл сув 408 грамм бўлади. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 816 грамм сув билан таҳорат, бир соъ сув билан ғусл қилганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу «Бир соъ — бешу ва учдан бир ратлга тенг», деган эканлар. Бу эса 2176 грамм бўлади. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!