Намозхонларнинг устидан кулиш

Намозхонларнинг устидан кулиш

СаволларМавзу: Турли саволларНамозхонларнинг устидан кулиш
Zuxriddin сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Аллоҳ ишингизнинг баракасини бeрсин. Ҳозирда одамлар орасида бeнамозларнинг намозхон инсонларнинг билиб билмай қилган хатолари ва Аллоҳ ҳидоят бeриб, ўтмишда қилган хато ва гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳнинг динида кўрсатилган энг тўғри йўлга юра бошлаган янги намозхонларнинг (ўзингизни билинг кeча юрудиз… бизда ҳам ўзимизга яраша илмимиз бор биз бу этапдан ўтганмиз), қавлидаги гаплар билан устидан мазах қилиши ва мeнсимасликлари кўзга ташланиб қоляпти. Биз қандай йўл тутишимиз кeрак? Раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Аллоҳ таоло бизни ҳамиша рост сўзлашга буюрган, ёлғонни эса энг оғир гуноҳлардан бири деб, ваҳий орқали қайтарган. Аллоҳ таоло Ўзи рост гапириб, бизни ёлғондан қайтарган экан, ким бўлишидан қатъи назар, қайси одам ёлғон гапириб ғолиб бўламан деса, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади. Ким мағлуб бўлсам ҳам рост гапираман деса, унинг мададкори Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлади.
Ҳиндистон Англиянинг мустамлакаси бўлган даврда Кандеҳла деган бир қишлоқда ҳиндлар билан мусулмонлар аралаш яшар эканлар. Бир куни ўша ерлик мусулмон бир ер майдони устида ҳинд билан тортишиб қолишибди. Ҳинд бу ер бизники деса, мусулмон йўқ, бу менинг ерим деб, талашиб кетишибди. Шунда мусулмон «Агар шу ер меники бўлиб чиқса, ўзим фойдаланмасдан, у ерга масжид қураман», дебди. Унинг гапини эшитган бир неча мусулмонлар масжид қурилса, ҳиссамиз қўшилиб қолсин деб, уни қўллаб-қувватлашибди, унга тарафдор бўлишибди. Буни эшитган ҳинд ҳам «Агар бу ер меники бўлиб чиқса, ўзим фойдаланмай, у ерга мандир (бутга сиғинадиган жой) қураман!» дебди. Табиийки, бу гапни эшитган ҳиндлар ҳам уни қўллаб-қувватлай бошлашибди. Икки томондан анча одам тўпланиб кетибди. Оломон шовқин-сурон солиб, маҳкама биноси олдига келибди. Маҳкаманинг инглиз раиси уларни кўриб, саросимага тушиб қолибди, чунки  бу ҳолатда ер майдони қайси томонга деб ҳукм қилинса ҳам, қарши томон норози бўлиб, орада уруш чиққудек бўлса, уни ўчириш қийин бўлар эди. Тортишув ҳам энди оддий ер устида эмас, балки мусулмоннинг фойдасига ҳал бўлса, масжид қурилиши ёки ҳинднинг фойдасига ҳал бўлса, мандир қурилиши учун жанжалга айланиб кетган эди. Шу пайт ҳиндлар нима қилишни билмай ҳайрон турган инглиз раиснинг жонига оро кириб қолишди. Гап шундаки, ўша пайтларда Кандеҳлада Абдулазиз Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳнинг хос шогирдларидан бири – Илоҳ Бахш исмли олим зот яшар эди. Илоҳ Бахш раҳматуллоҳи алайҳ билимдон муфтий, машҳур олим эдилар. Беназир тақволари ва ростгўйликлари туфайли у кишини мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам жуда ҳурмат қилишар эди. У зотнинг бирор марта ёлғон гапиргани, бировга зулм қилгани, бирор ножўя ишга мубтало бўлганини ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган эди. Ҳиндлар инглиз судьянинг ўйланиб қолганини кўриб, унга «Агар ишнинг осонлик билан, тинчлик йўл билан ҳал бўлишини хоҳласангиз, ўртага Илоҳ Бахшни ҳакам қилинг. У киши ҳукмни чиқариб берса, бу ташвишдан қутуласиз, чунки у кишини ҳиндлар ҳам, мусулмонлар ҳам қаттиқ ҳурмат қилади. Икки томон ҳам у кишининг ҳукмига рози бўлади», дейишди. Ишнинг осон ҳал бўлаётганидан хурсанд бўлиб кетган судья «Ахир у мусулмон-ку, масжид қурилишини хоҳлаб, мусулмонларнинг тарафини олиб, ҳукмни уларнинг фойдасига чиқарса-чи? Шунда ҳам унинг ҳукмини қабул қилаверасизларми?» деди. Ҳиндлар «Биз унинг ҳукмини тан оламиз, чунки у одам ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳеч қачон ёлғон гапирмайди», дейишди.
Судья ташқарига чиқиб, саволини мусулмонларга такрорлади. Дарҳақиқат, мусулмонлар ҳам «Ахир у киши мусулмон, қолаверса, биз ўша ерга масжид қурамиз деб турибмиз. У зот албатта ишни бизнинг фойдамизга ҳукм қиладилар» деб, Илоҳ Бахш раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳакам бўлишларига хурсандлик билан дарҳол кўнишди.
Қолганлар ҳам бир овоздан «Ҳаммамиз у киши чиқарган ҳукмига розимиз, чунки у киши ёлғон ҳам гапирмайди, ҳаққа қарши ҳам гапирмайди. Бош устига, биз у кишининг ҳукмига розимиз» деб, хурсанд бўлиб, маълум бир куни тўпланишга қарор қилиб, тарқалишди.
Судья Илоҳ Бахш ҳазратлари билан учрашиб, воқеани тушунтирди.  Илоҳ Бахш ҳазратлари ҳакамликка рози бўлиб, ишнинг моҳиятини яхшилаб суриштириб, аниқлашга, низонинг сабабларини, тарихини ўрганишга қарор қилдилар.
Белгиланган кун келди. Аввалгидан ҳам катта оломон тўплангач, инглиз судья баланд овоз билан: «Илоҳ Бахш соҳиб! Бу ер кимга тегишли?» деб сўради. У зот: «Бу ер ҳиндларга тегишли экан», деб жавоб бердилар. Ҳиндлар хурсандликдан ҳайқириб юборишди, мусулмонларнинг эса бошлари эгилиб, хомуш тортиб қолишди. Судья: «Демак, энди ҳиндлар бу ерга мандир қурса бўлаверади, шундайми?» деб сўради. Илоҳ Бахш: «Уларнинг мулки бўлганидан кейин, хоҳлаганча тасарруф қилишлари мумкин», деб жавоб бердилар. Бу гапдан сўнг тўпланганлар бирдан жимиб қолишди. Атрофга сув қуйгандек жимлик чўкди. Фақатгина ҳиндларнинг бир-бири билан ниманидир пичирлашаётгани эшитилиб турарди. Ҳазратнинг холислигига, Исломнинг адолатига қойил қолган инглиз судья ҳукмнинг тагига «Бугун бу баҳсда мусулмонлар мағлуб бўлди, лекин Ислом ғолиб бўлди» деган сўзларни ёзиб қўйди.
Ниҳоят, ҳиндлардан бир неча вакил ўртага чиқиб, уларнинг каттаси судьяга шундай деди: «Энди бизнинг гапимизни ҳам эшитинг. Ҳозир ҳаммамиз сизнинг гувоҳлигингизда мусулмон бўламиз. Адолат, ҳақпарварлик бундан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Биз мусулмон бўлдик, ер бизники бўлди, энди ҳаммамиз ўша ерга биргаликда масжид қурамиз!»
Биз бу ҳикояни келтиришимиздан мақсад, ҳар бир қилган яхши ишингиз исломнинг шаънини улуғлашга, ножўя қилган ҳаракатингиз исломнинг шаънига доғ тушуришига сабабчи бўлишини ўйлаб ҳаракат қилинглар. Арзимас нарса учун исломни сотиб қўйишдан сақланинглар. Шунда Аллоҳ таоло сизлар билан бошқалар ўртасини ислоҳ қилиб қўяди. Валлоҳу аълам!