Гуноҳи кабира

Гуноҳи кабира

Madina сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, яқинда бир танишим гуноҳи кабира ҳакида “Гуноҳи кабираларни Аллоҳ хеч кечирмайди” деди. Уни айтиши бўйича Ширкдан бошқа гуноҳни қилган мусулмон бўлса ҳам Аллоҳ кечирмас экан ва ўша гуноҳни қилиб вафот этган кишига истиғфор айтиш фойдасиз экан. Шу гаплар қанчалик ҳақиқат? Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Танишингиз, ширк келтириб тавба қилмасдан вафот қилган одамлар ҳақидаги гапни айтибди. Истиғфор билан албатта гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади :

إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء وَمَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا۝

48. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир.
Ширк келтириш катта гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда ширкнинг ягона кечирилмас гуноҳ экани билдирилмоқда.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».
Аслида ширк яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақийдани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган Зотга, ризқ берган Зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо иймон билан ўтганларнинг – ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.
«Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир».
Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради», – деганлар. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!