Балиқ мойи (Омeга-3) ҳақида

СаволларМавзу: Ҳалол ва ҲаромБалиқ мойи (Омeга-3) ҳақида
Doniyor сўради 5 ой аввал

Ассалому алайкум! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Мeн Балиқ мойи яъни Омeга-3 номи остидаги таблeткалар ҳақидаги савол билан сизларга мурожаат қилмоқдаман. Мeн юқорида номи қайд қилинган таблeткаларни соғлик учун доимий равишда истeъмол қилиб бораман, лeкин бир нeча кун олдин оғайниларим бу таблeткалар таркибида жeлатин моддаси (сигирнинг тeриси ва суякларидан олинувчи модда) борлиги ҳақида айтиб қолишди. Мeн ушбу таблeткани тайёрлаш учун ишлатилган сигирлар тўғри йўл билан сўйилган ёки бундай эмаслигини билмаганим учун ушбу таблeткалар истeъмолини дарҳол тўхтатдим. Бу ҳолда мeн қандай йўл тутишим керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 5 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Агар желатиндан дори тайёрланган бўлса, унинг ҳукми “ҳаром нарсалар билан даволанишга оид” бўлади. Бу ҳақида ҳанафий мазҳабидагилар тарафидан берилган фатвога биноан, бундан бошқа дори топилмаса, албатта, моҳир, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борувчи шифокорнинг маслаҳати билан уни истеъмол қилиши мумкин. Агар дорининг ҳалол ўринбосари бўлса, тўнғизнинг желатинидан ёки бошқа аъзосидан ҳам тайёрланган дори жоиз эмас. Тўнғиздан бошқа гўшти ҳалол ҳайвонлардан тайёрланган желатинга келсак, бу иккига бўлинади. Биринчиси: ўша ҳайвонларнинг терисидан тайёрланган бўлиб, у фуқаҳоларнинг “Ҳар бир тери ошлаш ила пок бўлади” қавлларига мувофиқ  бўлади. Иккинчиси: уларнинг суякларидан тайёрланган бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек ҳар қандай тери ошланиши билан пок бўлади. Бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Желатин олишнинг барча босқичларида уларнинг асл моҳияти худди туз конига тушган эшак тузга айланиб, ҳалол бўлишдек даражасида эмаслигини ўргандик. Шундай бўлсада ошланиши билан покка айланади. Яъни терига сингиган нажосат тозалаб ташланади. Фуқаҳолар: тери хоҳ у гўшти ейиладиган бўлсин, ёки гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар бўлсин(тўнғиз бундан мустасно) пок бўлади – деганлар. Барчамизга маълумки, бир нарсани пок бўлиши бошқа, поклиги билан бирга, ейиш ҳалол бўлиши бошқадир. Уламолар ошланган териларни поклигига иттифоқ қилганлар, ейишга ҳалол бўлиши тўғрисида ихтилоф қилганлар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ наздларида ўлимтикнинг(мол, қўй, эчки, шунингдек гўшти ҳалол бўлган ҳайвонлар) териси ошланганидан кейин ҳам пок, ҳам ейишга ҳалол бўлади – деганлар. Ҳанафий уламоларидан бўлган бир ривоятда ҳам “ҳалол бўлади” деганлар. Лекин бу қавл заиф бўлиб, бунга фатво берилган эмас. Ҳанафийлар қавлига кўра ўлимтикларнинг териси ошлангач пок бўлади. Ундан кийим ёки жойнамоз қилиб фойдаланса бўлади. У териларни эритиб ёғ сифатида баданига суртса ҳам жоиз. Оғизга солиб ейишга келсак, жоиз эмас. Аммо омма шунга мубтало бўлиб, ҳар бир таомига булар аралашган бўлса, имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларини ихтиёр қилиниб, ҳанафийлар наздларидаги заиф қавлни олиб, оғизга солиб, истеъмол қилиш жоизлигига ҳам фатво берса бўлади. Шунинг учун улардан тайёрланган желатин ишлатилиб, дорилар тайёрланган бўлса, юқоридаги гапга биноан итеъмоли жоиз бўлади. Тўнғиздан бошқа ўлимтикларнинг суяклари ошланмасдан ҳам пок ҳисобланади. Чунки уларда худди сочлардаги каби ҳаёт бўлмайди. Яъни қирқилганда оғримайди. Шунинг учун ўлимтикларнинг суякларидан тайёрланган желатинлар ҳам пок, ҳанафийларнинг заиф қавлларига биноан ҳам ҳалол ҳисобланади. Фуқаҳоларнинг наздидаги балои омма вақтида заиф қавлга амал қилиш мумкин. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Тақий Усмоний