Бошқаларга маслаҳат бериш ҳақида

СаволларМавзу: АқийдаБошқаларга маслаҳат бериш ҳақида
Ҳусанбек сўради 6 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли ҳайъат аъзолари, мактабда ўқитувчиман. Ҳамкасаба аёллардан бири менга икки дона китоб берди. Иккаласиям ақийдамизга зид. Қизиғи, биттасини ўзбек профессор аёли ёзган. Мен китобини қайтардим. Аммо, китоб ҳақида гапирмай турдим. Ҳамкасабам китобни доим ўқиб юришини, усиз қийналишини айта бошлади. Шундан кейин, мен унга ҳеч нарса дея олмадим. Афтидан, аёл ўша бўлмағур ақийдани ўзлаштирган кўринади. Агар у хоҳласа, менсиз ҳам соф исломий ақийдани билиб олаверади деган фикрга келдим. Қолаверса, у менга маҳраммас. Мен вазиятдан келиб чиқиб тўғри йўл тутдимми? (Балки, мен унга тўғри йўлни айтсам, мени нотўғри диний оқимда деб ўйлашиям мумкин).

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Тўғри йўлни чиройли ва муносиб ахлоқ билан айтишингиз керак эди. Энди сиз унга тўғри маънодаги китоб совға қилинг. “Ўкинма” энг маъқули.

عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الدِّينُ النَّصِيحَةُ قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: ِللهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ

Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дин насиҳатдир», дедилар.
«Ким учун?» дедик.
«Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».
Аввалги ва бу ҳадисни бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, одатимиз бўйича, ҳадиснинг ровийси Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқайлик.
Тамийм ибн Авс ибн Хорижа Дорий, кунялари Абу Руқия, нисбатлари Дор ибн Ҳонийга. Бу зот олдин насроний динида бўлиб, ҳижратнинг тўққизинчи йилида Исломга кирдилар. Шундан кейин Фаластин аҳлининг обиди, Қуръонни кўп тиловат қилувчи, кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи ва масжидга биринчи бўлиб чироқ олиб кирган сифатлари ила улуғ саҳобалардан бирига айландилар.
Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 18та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ» китобларига киритишган. У зотдан Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Сулаймон ибн Омир, Шураҳбил ибн Муслим, Қубайса ибн Зуайб ва бошқалар ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотга Фаластиндаги Айнун қишлоғини алоҳида ажратиб бердилар. Бу қишлоқ ҳозир ҳам Байтул Мақдисда машҳурдир. Сўнгра Мадинада истиқомат қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганлардан кейин Шомга кўчиб кетдилар ва ҳижратнинг 37-йили Фаластинда вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда ҳам комил иймон учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб:
«Дин насиҳатдир», дедилар.
«Насиҳат» сўзи луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу у зотнинг «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:
«Ким учун?» деб сўрадилар.
Яъни, «Насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканлигини баён қилиб бердилар:
1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб, насиҳат қилишдир.
2. «У Зотнинг Китоби учун», яъни Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.
3. «У Зотнинг Расули учун», яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатларига, суннатларига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.
4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».
Улар учун насиҳат қилиш уларга итоат қилиш ва одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.
5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».
Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.
Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.
Бекорга бу ҳадиси шариф комил иймон сифатлари бобида келмаяпти. Қачон комил иймон бўлгандагина шундай насиҳат бўлади. Бундай насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дин деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.
Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.
Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда муҳтож. Энг аввало, мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, динни насиҳат деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!