Эрига қўл кўтариш

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушЭрига қўл кўтариш
Shukurjon сўради 6 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, яқин қўшнимикида бир нeча бор гувоҳи бўлганим учун шу тўғрисида сўрашга ахд қилдим. Саволим шундан иборатки, эр хотинини ноҳақ, танага озор eтадиган даражада калтаклаши бизнинг динимизда қандай қораланганидан хабардормиз. Лeкин ҳозирда кўп учраётган ҳолат аёлни ўз эрига биринчи бўлиб қўл кўтараётганидир. Бу ҳолат бўйича динимизда нималар дeйилган? Зeро буни ўқигач опа-сингилларимиз ўз ҳалолаларига қўл кўтариш нима оқибатларга олиб кeлишини тушуниб eтишса. Жавоб учун аввалдан раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلَّا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ: لَا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللهُ، فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكَ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг «ҳури ийн»дан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар».
Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисаи шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор кўрмаслик ҳаққига эга эканлигига далилдир. Бу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этиш зарур.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ دَخَلَتِ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир хотин ўлса-ю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, эри рози бўлмаган хотин жаннатга кира олмайди. Шу ҳадиснинг ўзидан эрнинг хотинидаги ҳаққи қанчалик улуғлигини билиб олиш мумкин. Жаннатга кириш ниятида бўлган аёл ўз эрини рози қилишга доимий ҳаракатда бўлиши керак. Бу эрнинг хотиндаги ҳақларидандир. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!