Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадис

20:37 / 29.04.2017 | Ismoiljon | 3876

Ассалому алайкум! Хадисда келтирилишича инсондан дастлабки сўраладиган нарсаларидан бири ичган совуқ суви ва соғлиги экан. Шу совуқ сув ичилиши тўғрисида тушунча берсангизлар. Соғликка тасири маносида айтилганми ёки бошқа манода келганми? Cаволни нотўғри берган бўлсам узр.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Биринчи сўраладиган нарса сиз айтган нарса эмас.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ النَّاسُ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ أَعْمَالِهِمُ الصَّلَاةُ، يَقُولُ رَبُّنَا عَزَّ وَجَلَّ لِمَلَائِكَتِهِ: - وَهُوَ أَعْلَمُ - انْظُرُوا فِي صَلَاةِ عَبْدِي أَتَمَّهَا أَمْ نَقَصَهَا، فَإِنْ كَانَتْ تَامَّةً كُتِبَتْ لَهُ تَامَّةً، وَإِنْ كَانَ انْتَقَصَ مِنْهَا شَيْئًا قَالَ انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ؟ فَإِنْ كَانَ لَهُ تَطَوُّعٌ قَالَ أَتِمُّوا لِعَبْدِي فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ، ثُمَّ الزَّكَاةُ مِثْلُ ذَلِكَ، ثُمَّ تُؤْخَذُ الْأَعْمَالُ عَلَى حَسَبِ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلَاتُهُ، فَإِنْ صَلَحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ، وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ، فَإِنِ انْتَقَصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْئًا قَالَ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ أَتِمُّوا فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга: «Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар у (намоз)дан бирор нарса камайган бўлса, У зот: «Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди. Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.Термизий келтирган лафзда: 

«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Неъматлардан сўралганда сўралинадиган нарса. Аллоҳ таоло “Такаасур” сурасида марҳамат қилади :

ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ۝

8. Сўнгра ўша Кунда албатта неъматланишдан сўраласиз. 

Яъни қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандай сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми – сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз – ҳалолгами, ҳаромгами, Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами – ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз. Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми – сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз! Ушбу ҳис – қиёмат куни каттами-кичикми, ҳар бир неъмат ҳақида савол-жавоб бўлиши муқаррарлиги ҳисси ҳар бир мусулмонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина жамият аъзоларидаги масъулият ҳисси ортади, ҳушёрлик зиёда бўлади ва улкан натижалар ҳосил бўлади. Худди шу ҳис мусулмонларнинг биринчи авлодида олий даражада бўлган, шунинг учун ҳам улар улкан ютуқларга эришганлар. Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, «Алҳаакумут-такаасуру»ини қироат қилаётган эканлар. Сўнгра у зот: «Одам боласи «молим, молим», дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб чиритганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг бормиди?!» – дедилар», дейилган. Яъни мазкурлардан бошқа мол-дунё бевафо нарсадир. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёки кечаси ташқарига чиқиб, Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди? – дедилар. Иккови: – Очлик, эй Аллоҳнинг Расули, – дейишди. Ул зот: – Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, мени ҳам икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар! – дедилар. Ул зот билан бирга туриб, ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан: – Хуш келибсиз! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан: – Фалончи қаерда? – деб сўрадилар. Аёл: – Сув олиб келгани кетди, – деди. Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан: – Алҳамдулиллаҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ! – деди. Бориб, бир тизим хурмо келтириб: – Енглар, – деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма! – дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: – Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни албатта ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар – дедилар». Ҳа, «Такаасур» сураси ўзи қисқа, оятлари оз бўлса ҳам, ана шундай улкан маъноларни ўз ичига олгандир. Унинг маъносини тушуниб, тадаббур ила тез-тез ўқиб туриш кишининг кўзини очиб, эсини жойига келтириб, масъулиятини ҳис эттириб туради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа сурани ўқиган одамга минг оят ўқиганнинг савобини башорат қилганлар. Имом Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Сизлардан қай бирингиз ҳар куни минг оят ўқий олади? – деб сўрадилар. Саҳобалар томонидан: – Ким ҳам ҳар куни минг оят ўқий оларди? – дейилди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Бирортангиз ҳам «Алҳаакумут-такаасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз? – дедилар». Демак, шундан маълум бўладики, бу сураи карима минг оятга баробар экан. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat