Аҳли қадарлар

СаволларМавзу: ҲадисларАҳли қадарлар
Odila сўради 6 ой аввал

Ассалому алайкум!  Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар», дедилар». Бу ҳадисда аҳли қадарлар кимлар?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Қадария мазҳаби
Мазкур масалада жабрия мазҳабига тамоман зид фикрни айтганлар қадарийлардир. Улар қадарни инкор қиладилар ва «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ таолонинг бу ишга ҳеч дахли йўқ. Бу фикрга мўътазилийлар ҳам қўшилганлар.
Қадария мазҳабидагилар ҳам жабрия мазҳабидагиларга ўхшаб ўз фикрларини қўллаш учун далиллар келтирадилар.
Аллоҳ таоло Муъминун сурасида:

فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ۝

«Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, улуғ бўлди», деган (14-оят).
Ушбу оятдан билиниб турибдики, Аллоҳ холиқ(яратувчи)ларнинг биттасидир, қолганлари эса бандалардир.
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида:

جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ۝

«Қилиб юрган амаллари мукофотидир», деган (24-оят).
Демак, охиратдаги жазо бу дунёдаги амалларга боғлиқдир. Бандалар қилиб ўтган амалларининг жазоси ёки мукофотини оладилар.
«Қадария» – бандалар ўз ишларини қилишга қодирдир, уларни яратувчидир, деб эътиқод қилувчилардир. Улар ҳар бир яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳнинг тақдир қилиши билан бўлишини инкор қиладилар. Уларнинг наздида, банданинг иши Аллоҳнинг қадари, илми ва иродаси билан бўлмайди. Қадария мазҳабининг бу фикрига мўътазила мазҳаби ҳам қўшилган.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари қадария мазҳабининг далилларига ҳам кучли раддиялар берганлар.
Биринчи оятнинг маъноси «сурат берувчиларнинг, тақдир қилувчиларнинг энг яхшисидир», деганидир. Зеро, арабларда баъзи вақтларда «халқ» сўзи яратиш дея зикр қилиниб, унда тақдир қилиш маъноси ирода қилинади.
«Қилиб юрган амаллари учун жазодир» оятининг маъноси, қилиб ўтган амаллари сабабидан жазо ёки мукофот берилади, деганидир. Яъни бандалар жаннатга ёки дўзахга амаллари сабабидан кирадилар. Сабабларни яратувчи эса Аллоҳдир. Ушбу оятда ишлатилган «бо» ҳарфи сабаб маъносини ифода этади. (“Сунний ақийдалар” китобидан). Валлоҳу аълам!