Молни пулини олдиндан арзон нархда тўлаш

Молни пулини олдиндан арзон нархда тўлаш

СаволларМавзу: Молия ва ТижоратМолни пулини олдиндан арзон нархда тўлаш
Olmos1992 сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, маҳсулотни одатдаги ўртача нархи 3000, лeкин дeҳқонни баҳорда маблағи йўқлиги сабаб, савдогардан унинг ҳосил пишгандаги нархидан қатъий назар 2000 сўмданга бeришга кeлишиб савдо қилишса, уларнинг бу кeлишуви икки томон учун ҳам ҳалол бўладими?
Кeлишув: Баҳорда дeҳқон маблағни тўлиқ олади ва кузда хирмондан савдогар ҳосилни қандай бўлишидан қатъий назар, бeрган маблағи миқдоридагини олиб кeтади, агарда табиий офат ёки бошқа бирор сабаб билан ҳосил бўлмаса ҳам дeҳқон бeлгиланган маҳсулотни бозордан сотиб олиб бўлса ҳам бeради.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Байи салам.
Байи салам деб сотувчи ва харидорнинг орасида “Харидор пулни дарҳол беради, аммо сотувчи сотаётган нарсасини маълум бир муддатдан кейин беради”-деб келишилган савдога айтилади.
Байи салам савдоси вақтида сотилаётган нарса мавжуд ҳам таъйин ҳам ва на сотувчининг мулкида ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу савдо аслида жоиз бўлмаслиги лозим. Аммо шариъат одамларнинг зарур ҳожатлари, хусусан деҳқончилик билан шуғулланадиган кишиларнинг эҳтиёжларини эътиборга олиб бу савдога ижозат берган. Чунки, бу савдода сотувчи ва харидорнинг ҳар иккисига фойида бор. Масалан, сотувчи пулни олдиндан олса, у пул билан оиласини боқади ва яна деҳқончиликка тегишли уруғ ва бошқа нарсаларни ҳам сотиб олади. Харидор эса, олдиндан пул бергани учун олаётган нарсасини оммавий нархдан арзонроққа олади. Яна бир жиҳатдан пул олдиндан тўланганлиги учун келажакда бозордаги нархнинг кўтарилиб тушишидан икковлари ҳам омонда бўладилар. Бундай йўл билан икковлари ҳам ўз тижоратларини режалаштириб оладилар.
Бай салам тўғри бўлишининг шартлари.
1. Келишилган савдо молининг жинси, нави, сифати ва бошқа тегишли нарсалари тўлиқ баён қилиниши лозим.
2.Келишилган савдо молининг миқдорини, топшириш муддатини, нархини ва агар у нарса кўчириш машаққатли бўладиган нарсалардан бўлса, уни тошириш жойини таъйин қилиб очиқчасига баён қилиниши лозим.
3. Келишилган савдо моли савдо вақтидан топширадиган муддатгача бозорларда топиладиган нарса бўлиши лозим.
4. Келишилган савдо молининг сифати ва миқдори аниқ тарзда таъйин қилинган ва ажратилган бўлсин.
5. Келишилган савдо молини топширишнинг энг кам муддати бир ой бўлсин.
6. Сотувчи пулни харидордан савдо вақтида олсин.
7. Бай саламда таъйин нарсани сотиб бўлмайди. Масалан, олдида мавжуд бўлган бирор машинани байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Чунки, бу машина харидорга топшириладиган муддатгача турмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек бир хос боғнинг меваларини ҳам байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Масалан, бир киши “Шу боғнинг олмаларини байи салам савдосида сотаман”-деса жоиз эмас. Чунки, у боғдаги олмаларнинг пишиб етилишини ёки бирор талофатга учрашини ҳеч ким билмайди. Аммо, салам савосида “Фалон навли олмани фалон вақтда тайёрлаб бераман”-деб келишса ва ҳоҳлаган боғидан уларни тайёрласа жоиз бўлади.
8. Салам савдоси фақат бир ҳил бўлган нарсалардагина бўлади. Масалан, буғдой борасида. Унинг ҳар донаси бошқа доналари билан бир ҳил бўлади. Нархида фарқ қиладиган даражада ҳар-ҳил бўлмайди. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул амсаал” яъни бир ҳил нарсалар дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотиладиган барча нарсалар бир ҳил нарсалар ҳисобланади.
Бири бошқасидан фарқ қиладиган нарсаларда байи салам савдоси жоиз эмас. Масалан, жониворлар бири биридан бир оз бўлсада фарқ қилади ва қиймати ҳам алоҳида-алоҳида бўлади. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул қиям” яъни …дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотилмайдиган барча нарсалар “Заваатул қиям”…. нарсалардан ҳисобланиб, уларнинг ҳар бирини нархи алоҳида-алоҳида бўлади. Аммо, тухум каби бири бошқасидан кўп фарқ қилмайдиган доналаб сотиладиган нарсаларда байи салам жоиз.
Байи саламнинг ҳукмлари.
(Салам савдосининг ҳукмлари).
1. Салам савдосида сотувчи келишилган нарсани харидорга топширмагунча харидор уни бошқа одамга сотиши жоиз эмас. Чунки, келишилган нарсани қўлга киритмасдан олдин сотишнинг жоиз эмаслиги юқорида баён қилинган.
2. Сотувчи келишилган вақтда келишилган нарсани харидорга бера олмаса харидор ўша нарсанинг ўрнига бошқа нарсани олиши жоиз эмас. Бундай суратда харидор берган пулини қайтариб олади ёки сотувчига яна муҳлат беради ва сотувчи у нарсани олганда харидорга етказиб беради.
3. Салам савдосида шарт қўйиш ихтиёри ёки кўриб танлаш ихтиёри бўлмайди. Сотувчи савдода келишилган нарсани келишилган сифатга мувофиқ топшириши лозим. Агар келишилган нарса келишилган сифатга мувофиқ бўлмаса, харидор уни қабул қилмаслиги мумкин ва келишилган нарсани келишилган сифатга мувофиқ етказиб бериш сотувчига лозим бўлади. Валлоҳу аълам!