Шубҳали гўшт еб рўза тутиш

СаволларМавзу: Ҳалол ва ҲаромШубҳали гўшт еб рўза тутиш
Muhammadali сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, биз Россияда ишлаймиз. Албатта товуқ гўштига ҳалол ёки ҳаром ёзилмаган, қай тарзда сўйилиши бизга қоронғу. Лекин биз рўзада хам бардавом истемолдамиз. Биз уларни маркетлардан харид қиламиз, албатта уларга ҳам сўйилиш тарзи қоронғу. Агар ҳалол сўйиладими билмасак, еганларимиз ҳаром нарса билан  бўлгани учун рўзаларимиз қабулмасми?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Рўзангиз зиммангиздан адо бўлади. Ҳаром еганлигингиз учун ҳадисларга биноан савоби бўлмайди. Тездан уни ейишни тарк қилинг, чунки рўзага буюрган Зот Ўзининг каломида Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинмай сўйилган ҳайвон гўштини емасликни буюрган.

وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَآئِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ۝

121. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Шубҳасиз, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар.
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар».
Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса ейиш мутлақо мумкин эмас.
«Шубҳасиз, у фисқдир».
Яъни Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни диннинг амридан чиқишдир.
«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».
Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонларнинг гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермаслигингиз керак.
«Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар».
Аллоҳнинг гапини уқмай, ўзганинг гапига юрган одам мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Аллоҳнинг амрини тутмай, бошқанинг амрини тутган киши мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Ҳатто ҳайвонларни сўйишда Аллоҳдан бошқанинг амрини тутиш ҳам ширк ҳисобланади. Кофир бўлиш эса умуман бошқа кулфат. («Тафсири ҳилол» китобидан «Анъом» сураси). Валлоҳу аълам!