Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳайит кунларида мотам қилиш

09:12 / 22.06.2017 | Улугбек | 5376

Ассалому алайкум! Усотлзлар 1ой олдин амаким вафот этдилар. Ҳозир хайитга озгина қолганилиги сабабли фарзандлари хайит қилиб худди 1-3-кунликдагидек, хайитда ҳам бел боғлаб туришмоқчи. Мен 3 кундан кўп мотам ҳаром ҳисобланади дедим. Катталар бу нарса урф одатга кирган дейишяпти. Умуман динимизда хайит қилиб туриш мумкунми? Хозирда коп инсонларни обрў эътибор учун вафот этган ота ёки онасига жуда ҳам дабдаба қилиб исрофгарчиликка йўл  қўйишаётганларини кўриб хайрон қоламан. Шоядки сизларни менга берган жавобларингизни ўқиб инсонлар тўғри йўлга қайтсалар. Жавобингиз учун аввалдан ташаккур.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусибат аҳилларига ҳам кўплаб қийинчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусибатни янгилаш бўлади, бу эса мусибат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар. Тўғри, мусибатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди. Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир. Динимизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариат кўрсатмаларига, Ислом ақидаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин. Ийд кунлари Аллоҳ таоло улуғ қилган кунлардир, Исломнинг нишоналари, шиорларидандир. Бинобарин, уларни нишонлашда мана шу руҳ доимо балқиб туриши лозим. Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига  мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ушбу икки ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига мушарраф  бўламиз. Мана шу ҳақиқатни  унутмаслигимиз лозим. Ҳаммаларингизга кириб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин! Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat