лайлатул қадр

СаволларМавзу: Ибодатларлайлатул қадр
Shuxrat сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! «Лайлатул қадр кечаси» Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради дейилган. Шунда «Лайлатул қадр кечаси»  бўладиган кун Эрталаб қуёш қизариб, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтарадими ёки «Лайлатул қадр кечаси»  бўлиб ўтган тонгда Эрталаб қуёш қизариб, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтарадими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قاَلَ: سَأَلْتُ أُبَيَّ بْنَ كَعْبٍ فَقُلْتُ: إِنَّ أَخَاكَ ابْنَ مَسْعُودٍ يَقُولُ: مَنْ يَقُمِ الْحَوْلَ يُصِبْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ، فَقَالَ: رَحِمَهُ اللهُ! أَرَادَ أَلَّا يَتَّكِلَ النَّاسُ، أَمَا إِنَّهُ قَدْ عَلِمَ أَنَّهَا فِي رَمَضَانَ وَأَنَّهَا فِي الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ وَأَنَّهَا لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ، ثُمَّ حَلَفَ لَا يَسْتَثْنِي أَنَّهَا لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ، فَقُلْتُ: بِأَيِّ شَيْءٍ تَقُولُ ذَلِكَ يَا أَبَا الْمُنْذِرِ؟ قَالَ: بِالْعَلَامَةِ أَوْ بِالْآيَةِ الَّتِي أَخْبَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهَا تَطْلُعُ يَوْمَئِذٍ لَا شُعَاعَ لَهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: مَا الْآيَةُ؟ قَالَ: تُصْبِحُ الشَّمْسُ صَبِيحَةَ تِلْكَ اللَّيْلَةِ مِثْلَ الطَّسْتِ لَيْسَ لَهَا شُعَاعٌ حَتَّى تَرْتَفِعَ

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Убай ибн Каъбдан:
«Биродаринг Ибн Масъуд «Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим.
«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин, демоқчи бўлгандир. Аслида у у(кеча)нинг Рамазонда эканлигини, охирги ўн (кунлик)да эканлигини ва йигирма еттинчи кечада эканлигини аниқ билган», деди.
Сўнгра «Иншааллоҳ», демасдан, қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканлигини айтди.
«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат ёки белги асосида. Ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Аломати нима?» дедим.
«Ўша кечанинг тонгида қуёш кўтарилгунча тоғорага ўхшаб, ёғду сочмайди», деди», дейилган.
Шарҳ: Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Зарр, Ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Авф, Аббос, Убай ибн Каъб, Сафвон ибн Ассол, Оиша онамиз розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилдилар.
Одатда қасам ичганда «иншааллоҳ»ни қўшиб қўйиш орқали бир оз енгиллик яратиш, мабодо гап нотўғри бўлиб қолса, гуноҳкор бўлмаслик кўзда тутилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида эканлигига «иншааллоҳ»ни қўшмай қасам ичишлари эса бунга қаттиқ жазмлари борлигига, масалани аниқ билишларига далолат қилади.
Абу Мунзир – Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга «Қадр кечасини йил давомида излаш керак», деб айтар эканлар. Ушбу фикрни бошқа кишилар ҳам айтганлар.
2. Бу фикрни айтишдан мақсадлари кишилар маълум бир кеча ёки кечаларга эътимод қилиб, ўшаларнигина бедор ўтказиб, йилнинг бошқа кечаларини ибодатсиз, бепарво бўлиб ўтказмасин, дейиш экан.
3. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечаси Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканлигига жазм қилганлар.
Бутун Ислом уммати ичида ҳам ушбу фикр машҳур. Ушбу фаслнинг номи ҳам шунга далолат қилмоқда.
4. Аниқ билиб, жазм қилган нарсага «Иншааллоҳ», демай қасам ичса ҳам бўлавериши.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечасининг аломати борлиги ҳақида хабар берганликлари.
6. Лайлатул Қадр бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғорага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқиши.
Чунки ўша пайтда кўплаб фаришталар чиқиб-тушиб турганлари учун қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.
Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!