Ифторлик қилиш закотга ўтадими?

СаволларМавзу: ИбодатларИфторлик қилиш закотга ўтадими?
Abdulloh сўради 4 ой аввал

Ассалому алайкум! Бир танишим ўзига тинч бўлиб ҳар йили шаҳримиздаги барча ногиронларни чақириб ифторлик қилиб, сўнгра барчасига маълум миқдорда пул бeради, аммо закот бeрмайди. Шу ҳам закотга ўтадими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Закот фарз ибодатидир. Унга ният, маълум бир миқдорни ажратиш ва олувчининг ўзига мулк қилиб бериш керак. Ифторлик закот ўрнига ўтмайди. Закотга қодир бўлиб, уни бермасликнинг оқибати жуда ҳам ёмондир. У танишингиз закотини берса керак, сиз унга закотни аҳамиятини тушунтириб қўяверинг.
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида марҳамат қилади:

يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَذَا مَا كَنَزْتُمْ لأَنفُسِكُمْ فَذُوقُواْ مَا كُنتُمْ تَكْنِزُونَ۝

35. Бир куни ўша(олтин-кумуш)лар жаҳаннам оташида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» – (дейилур).
Бу оятдаги олтин ва кумуш, яъни молу дунё тўплаш ҳақидаги маънолар кўпчиликни чўчитиб қўйган. Ҳатто саҳобаи киромлар ўртасида ҳам турли саволлар туғилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириш берганлар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Закотни адо қилмаган ҳар бир одамга қиёмат куни ўтдан тамға қилиниб, ёнбошига, пешонасига ва орқасига босилади. У куннинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлади, то одамлар орасида ҳукм чиқариб бўлгунча, тамға босилаверади. Сўнгра ё жаннатга, ё дўзахга йўли кўрсатилади», – деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзидан кейин хазина қолдирса, қиёмат куни унга икки қора нуқтаси бор кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг орқасидан қувлаб юради. Ундан:
– Сен нимасан ўзи? – деб сўраса:
– Мен ўзингдан кейин қолдириб кетган хазинангман, – дейди. Сўнгра яна орқасидан қувиб боради. У қўлини тутади. Илон қўлини тишлаб, ютади ва тананинг қолганини ҳам юта бошлайди», – деганлар. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!