Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жума намозини ёлғиз ўқиш

09:37 / 06.07.2017 | Yokubjon | 9276

Ассалому алайкум! Бирор мусулмон киши ўз ихтиёри ёки маълум бир сабабга кўра ёлғиз ҳолда жума намозини адо этса бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Жумани адо қилиш учун шартлар:  

Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат: 

1. Миср ёки унинг чети бўлиши.  Миср нима экани ҳақида сал аввалроқ ҳам эслаб ўтилган эди. Энди эса матннинг ўзида миср ҳақидаги тушунча тақдим қилинмоқда. 

Миср энг катта масжидига ўзининг аҳолиси сиғмайдиган жойдир.  Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод ҳамма аҳоли эмас, балки жума намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Йўллари ва бозорлари бор, зулмларни қайтариб турадиган волийси бор, пайдо бўлган масалаларга жавоб айтиб турадиган олими бор юрт мисрдир», деганлар. 

«Мисрнинг чети» унга (мисрга) боғланган ва унинг фойдаси учун хизматга тайёрланган макондир. Мисрга ёпишиб турган ва унинг фойдаси учун хизмат қиладиган карвонсаройлар, кушхоналар каби нарсалар бор жойлар ҳам шаҳар четига киради. У ерларда ҳам жума ўқиса бўлади. Аммо миср билан унинг орасида узилиш бўлмаслиги керак. Мисол учун, миср тугагандан кейин экинзорлар, боғу роғлар келиб, кейин аҳоли яшаш жойи келса, мисрнинг чети бўлмайди. Агар битта мисрда бир неча жойда жума ўқилса нима бўлади, деган саволга мазҳабда тўртта жавоб бор. Биринчиси Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимодан ривоят қилинган ва энг тўғриси ҳисобланади: «Икки ёки ундан кўп жойда бўлса ҳам, жоиз. Чунки жуманинг бир неча жойда бўлмаслигида қи­йинчилик бор». Шу билан бирга, бир неча ерда жума ўқиш мумкин эмаслигига далил йўқ. 

2. Султон ёки унинг ноиби.  Ёки жумани ўтказишга изн олган тараф бўлиши шарт. 

3. Пешиннинг вақти.  Пешин намозининг вақти кириши билан жуманинг вақти ҳам киради. Пешиннинг вақти чиқиши билан жуманинг вақти ҳам чиқади.

عَنْ أَنَسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي الْجُمُعَةَ حِينَ تَمِيلُ الشَّمْسُ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани доимо пешин вақтида ўқиганлар. 

4. Вақтида бир тасбеҳча бўлса ҳам хутба.  Хутба жума намозининг асосий шартларидан биридир. Хутбасиз жума намози бўлмайди.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ۝

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир», деган (9-оят). 

Бу оятдаги «Аллоҳнинг зикри» хутбадир. «Бир тасбеҳча бўлса ҳам» жумласидан «Алҳамдулиллаҳ», «Субҳаналлоҳ» каби зикрларни айтиш билан ҳам хутба адо этилган бўлиши тушунилади. Шу билан бирга, жуманинг хутбаси пешиннинг вақти кирганда бўлиши шарт. Агар заволдан олдин хутба қилиб, ундан кейин намоз ўқиса бўлмайди.

عَنِ السَّائِبِ بْنِ يَزِيدَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النِّدَاءُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ أَوَّلُهُ إِذَا جَلَسَ الْإِمَامُ عَلَى الْمِنْبَرِ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жума кунининг аввалги нидоси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Нидо, яъни азон пешиннинг вақти кирмасидан олдин айтилмайди. Шунинг учун пешин вақтидан бошқада хутба қилинмаган. 

5. Жамоа, яъни имомдан бошқа уч киши бўлиши шарт қилинди. Бу жумладаги ҳукм қуйидаги ҳадисдан олинган:

عَنْ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْجُمُعَةُ حَقٌّ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ فِي جَمَاعَةٍ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالْحَاكِمُ 

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан жума (ўқиш) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир», дедилар».

Абу Довуд, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилишган.

6. Изни ом.  «Изни ом» дегани жомеъ масжиднинг эшикларини очиб қўйиб, хоҳлаган одамнинг киришига умумий изн берилиши, жума ўқимоқчи бўлганларни бирор шахс ман қилмаслигидир. Жума намози Исломнинг шиорларидан биридир. Уни ўқиш одамлар орасида машҳур ҳолда бўлиши лозим. Бир масжидга махсус жамоат кириб олиб, эшикларини ёпиб олсалар, уларнинг ўқиган жумалари тўғри бўлмайди. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat