Жаннат татийдими?

СаволларМавзу: Турли саволларЖаннат татийдими?
baxriddinov сўради 6 ой аввал

Ассалому алайкум! Ота-онаси жаннатда бўлиб, фарзанди ёки ака-укаси дўзахда бўлса, уларга жаннатда юриш татийдими? Китобларда нима дейилган?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

У кундаги ҳолат бу дунёдаги каби бўлмайди. Аллоҳ таоло “Ҳуд” сурасида марҳамат қилади :

وَنَادَى نُوحٌ رَّبَّهُ فَقَالَ رَبِّ إِنَّ ابُنِي مِنْ أَهْلِي وَإِنَّ وَعْدَكَ الْحَقُّ وَأَنتَ أَحْكَمُ الْحَاكِمِينَ۝

45. Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг адолатлисисан», – деди.
Яъни бу билан Нуҳ алайҳиссалом «Роббим, Сен менга «Аҳлингни қутқараман», деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, Ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқарувчи Зотсан», демоқчилар.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб берди:

قَالَ يَا نُوحُ إِنَّهُ لَيْسَ مِنْ أَهْلِكَ إِنَّهُ عَمَلٌ غَيْرُ صَالِحٍ فَلاَ تَسْأَلْنِ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنِّي أَعِظُكَ أَن تَكُونَ مِنَ الْجَاهِلِينَ۝

46. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Мендан ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», – деди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни – кишилар орасидаги ҳақиқий боғлиқлик риштаси қон, ирқ, насл билан эмас, балки иймон билан эканини баён қилмоқда.
У Зот Нуҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб:
«Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас», – демоқда.
Яъни «У ўғлинг сенинг сулбингдан бўлгани, жигаргўшанг экани билан, аҳлинг эмас. Чунки:
«Албатта, у яхши амал эмасдир».
Яъни «Унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади.
«Мендан ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани сўрамагин».
Ўғлингни «Аҳлимдан» деб, қутқаришни сўраганингдек.
«Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», – деди».
Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга – жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл, деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутқаришга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.
Нуҳ алайҳиссалом шошилиб, Аллоҳдан паноҳ сўради.

قَالَ رَبِّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَسْأَلَكَ مَا لَيْسَ لِي بِهِ عِلْمٌ وَإِلاَّ تَغْفِرْ لِي وَتَرْحَمْنِي أَكُن مِّنَ الْخَاسِرِينَ۝

47. У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўрувчилардан бўлурман», – деди.
Ўзини билган одам учун бир оғиз гап кифоя қилади. Нуҳ алайҳиссалом керакли хулосани чиқариб олдилар. Энди юқоридагига ўхшаш саволларни бермасликка қарор қилдилар. Ҳамда Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўрадилар.

“Абаса” сурасида : 

يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ۝  وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ۝  وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ۝

34. у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир…
35. ва онаси ва отасидан…
36. ва хотини ва бола-чақасидан.
Яъни қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака-укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, ота-онаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир мусибат етганда, ёрдам бериш бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ҳам ташлаб қочади.

كُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْنِيهِ۝

37. У Кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бор.
Ҳа, қиёмат кунининг даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам, ким бўлишидан қатъи назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эр ёки хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
Демак, ўшандоқ кунда шарманда бўлиб қолмаслик учун ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш керак. Чунки ушбу биз яшаб турган беш кунлик дунё охиратнинг экинзоридир. Ҳар ким экканини ўради. Бу дунёда иймон-эътиқод билан, ибодату солиҳ амал билан ўтганлар у дунёда бахт-саодатга эришадилар. Бу дунёда кофир бўлиб, фисқу фужур билан ўтганлар эса оғир аҳволда қоладилар. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!