Динсизга муомала

СаволларМавзу: АқийдаДинсизга муомала
Davron сўради 5 ой аввал

Ассалому алайкум! Мeн бир касалхонада даволанаяпман, у eрда палатадошим билан суҳбатда уни Худога ишонмаслигини, (астағфируллоҳ) дин инсонлар томонидан ўйлаб топилганинин эшитдим. Мeнга ёрдам бeринг унга қандай муносабатда бўлай? Тушунтиришга урундим, лeкин бeфойда. Бундай шароитда қандай йўл тутилади?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 5 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб “Мукаммал саодат йўли” китобини тақдим қилинг. Бунда ҳам ўз гапида туриб олса, Аллоҳ таоло “Каафирун” сурасида марҳамат қилган ишни тутилади.

قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ۝

1. Айт: «Эй кофирлар…
Аллоҳ таоло ушбу сурада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Айт!» деб хитоб қилмоқда. Ул зот бўлсалар, Аллоҳ таоло нима деган бўлса, шуни, ҳатто «Айт» деганини ҳам такрорламоқдалар. Шундан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари қанчалик улуғ бўлса ҳам, Қуръони Каримнинг бирор ҳарфига ҳам дахллари йўқлиги келиб чиқади.
Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки даврида, мусулмонлар оз ва заиф бўлган пайтда, кофирлар қувватли ва кучли, мусулмонларга зулм ўтказиб турган бир пайтда, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирларга «Эй кофирлар!» деб мурожаат қилишни амр қилмоқда. Бу тасарруф кофирларнинг жаҳлларини чиқариши аниқ, улар ёмонлик қилиши ҳам аниқ. Бинобарин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ишни қилишга амр этиш эҳтиётсизлик эмасми? Йўқ, эҳтиётсизлик эмас. Балки мўъжизадир. Яъни ул зот Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликларининг, ҳеч ким зарар етказа олмаслигининг далилидир.
Ушбу сураи карима нозил бўлганидан сўнг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромга бордилар. Қурайш зодагонлари тўпланиб ўтиришган жойга бориб, уларга сурани қироат қилиб бердилар. Ана шундан кейин кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саҳобаларга озор беришни янада кучайтирдилар.

لَا أَعْبُدُ مَا تَعْبُدُونَ۝

2. (Мен) сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман.
Яъни «Эй кофирлар, мен сиз ибодат қилаётган буту санамларга ибодат қилмайман».

وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ۝  وَلَا أَنَاْ عَابِدٌ مَّا عَبَدتُّمْ۝  وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ۝

3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.
4. Ва (мен) сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман.
5. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.
«Сураи каримадаги «ибодат» лафзининг такрорланиши таъкид учун», – дейдилар баъзи уламоларимиз. Бошқалари эса «Аввалгиси ҳозирги ибодат, кейингиси келажакдаги ибодатни билдиради», – дейдилар.

لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ۝

6. Сизга ўз динингиз ва менга ўз диним».
Бу сурада Ислом эълон қилган ақийда эркинлиги ўз аксини топган. 1400 йил аввал эълон қилинган бу ҳуррият оёқости қилинганда, инсоният улкан зарарлар тортди.
Имом Тобароний Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Каафирун» сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг келади», – дейилган.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса Набий алайҳиссалом шу сурани ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни Каъбанинг тавофидан кейин ўқиладиган икки ракъат намозда ўқиганлари айтилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятларида эса Бомдоднинг икки ракъат суннатида худди шу икки сурани тиловат қилганликлари айтилади.
Ҳорис ибн Жабала розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ухлашдан олдин ўқийдиган бирор нарса ўргатиб қўйинг», – деб илтимос қилибдилар. Шунда Набий алайҳиссалом: «Кечаси жойингга ётсанг, «Қул яаа айюҳал каафируун» сурасини ўқигин, чунки у ширкдан сақлайди», – деган эканлар. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!