Юша ибн Нун ким?

СаволларМавзу: Сийрат ва ТарихЮша ибн Нун ким?
Abdulloh сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Мен бази бир манбаларда Юша ибн Нун исмли пайғамбар бўлган ва у Мусо алайҳиссаломдан кейин юборилган деб эшитдим. Лекин Қуръонда номи келган пайғамбарлар қаторидан тополмадим. Бу инсон аслида ким? Жавобиниз учун раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Баъзи пайғамбарлар борки, исмлари Қуръони Каримда келмаган бўлса ҳам, ҳадиси шарифларда ёки анбиёлар қиссалари ёзилган мўътабар китобларда келгандир.
Шундай набийлардан бири Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдир. У киши Бану Исроилга Мусо алайҳиссаломдан кейин раҳбар бўлганлар. Тарихчилар орасида Аллоҳ таолонинг «Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, ҳатто йиллар ўтиб кетса ҳам, юравераман», деганини эсла» (Каҳф сураси, 60-оят) деган сўзидаги йигит Юшаъ алайҳиссаломдир, деганлар бор.
Ҳорун алайҳиссалом вафот этгач, Бану Исроил саҳродаги маълум ҳудудда зое бўлиб, тийҳ ҳолатида, яъни адашиб-улоқиб юрди. Аллоҳ таоло уларни жазолаб, Сийно саҳросида адашиб юришини жорий қилган эди. Мусо алайҳиссалом ҳам ўша пайтда вафот этганлар. Мазкур ҳолат қирқ йил давом этди. Бунинг зикри Мусо алайҳиссаломнинг Мисрда кечирган ҳаётлари ҳақидаги қиссада батафсил келади. Муҳими шуки, Бану Исроилдан ким тирик қолган бўлса, Юшаъ алайҳиссалом билан бирга тийҳ ҳолатидан чиқди. Улар Байтул Мақдисга бордилар. У ерда Юшаъ алайҳиссалом Бану Исроилдан қўшин туздилар. Уларни ўн икки уруғ асосида ўн икки қисмга бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом улар билан бирга бориб, Арийҳо, сўнгра Байтул Мақдисни фатҳ қилмоқчи бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом уларнинг ичида тахминан 27 йил Аллоҳнинг Китоби – Таврот билан ҳукм юритдилар. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ислом тарихи” китобидан). Валлоҳу аълам!