Жанозадаги ҳолат

Жанозадаги ҳолат

СаволларМавзу: Турли саволларЖанозадаги ҳолат
sayat сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, жанозада маййит ювилгандан кeйин ўралиб юзи очиқ қолганда ўпиб ушлашга, яъни хайирлашишга шошилиб ҳаракат қилинади. Шунда баъзи одамлар ювилгандан кeйин ушлаб ўпиб бўлмайди, тeгманглар дeйишади. Шу ростми?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

“ювилгандан кeйин ушлаб ўпиб бўлмайди” деганлар нотуғри айтишибди. Яхши гумон қилсак, шу гапни айтганлар бирор бир улуғ кишини вафотидан ўликни қийнаб қўймаслик мақсадида айтган бўлса керак.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَقْبَلَ أَبُو بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَلَى فَرَسِهِ مِنْ مَسْكَنِهِ بِالسُّنْحِ حَتَّى نَزَلَ، فَدَخَلَ الْمَسْجِدَ فَلَمْ يُكَلِّمِ النَّاسَ حَتَّى دَخَلَ عَلَى عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، فَتَيَمَّمَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ مُسَجًّى بِبُرْدِ حِبَرَةٍ، فَكَشَفَ عَنْ وَجْهِهِ، ثُمَّ أَكَبَّ عَلَيْهِ فَقَبَّلَهُ، ثُمَّ بَكَى، فَقَالَ: بِأَبِي أَنْتَ يَا نَبِيَّ اللهِ لَا يَجْمَعُ اللهُ عَلَيْكَ مَوْتَتَيْنِ، أَمَّا الْمَوْتَةُ الَّتِي كُتِبَتْ عَلَيْكَ فَقَدْ مُتَّهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Бакр отига миниб, Сунҳдаги маконидан етиб келиб, тушди. Сўнг масжидга кирди. Одамларга гапирмасдан, тўғри Оишанинг ёнига кирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қасд қилди. У зот ҳибара (чизиқли Яман чопони)га ўраб қўйилган эдилар. Бас, у зотнинг юзларини очди-да, устиларига энгашиб, бўса олди. Сўнгра йиғлаб туриб:
«Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Набийси! Аллоҳ сизга икки ўлимни жам қилмайди. Сизга битилган ўлимни ўлибсиз», деди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога интиқол қилган пайтларида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Сунҳда – Мадинаи мунавваранинг юқори тарафидаги Бани Ҳорис ибн Хазраж деган манзилда эдилар. Машъум хабарни эшитганларидан кейин тезда келдилар ва тўғри Оиша онамизнинг ҳужраларига кирдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ҳужрада жон таслим қилган, саҳобаи киромлар у зотнинг муборак юзларини Ямандан келган чизиқли ҳибара деб аталувчи чопон билан ёпиб қўйган эдилар.
Бутун оламнинг сарвари, охирги илоҳий Китобни Роббул оламийндан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган, ўша мўъжиз китобни ҳаётларида татбиқ қилиб кўрсатган ва омонатни адо қилиб, рисолатни етказган буюк зот кичкина ҳужрада сокин ётар эдилар. У зоти бобаракотнинг муборак юзларини кўриб, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ чидаб тура олмадилар. Энгашиб, пешоналаридан, юзларидан бўса олдилар, қалблари ўртаниб, йиғладилар.
«Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Набийси!» дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ бу гапни арабларнинг одатларига биноан айтган бўлсалар керак. Бўлмаса, атайлаб тайёрланиб гапирганларида, фақат оталари эмас, бошқа ҳамма нарсаларни ҳам фидо қилган бўлар эдилар. Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дунёдаги ҳамма нарса фидо бўлса ҳам оз.
«Аллоҳ сизга икки ўлимни жам қилмайди. Сизга битилган ўлимни ўлибсиз», деди».
Бу гапларни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом қилган бўлса керак. Оддий ҳолатда ҳеч ким бу гапни айта олмайди. Чунки Аллоҳ билан оламни боғловчи ваҳийга эга бўлган зотнинг ўлиб қолишлари ҳеч кимнинг ақлига сиғмас эди.
Ҳақиқатда ҳам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапларни айтаётган бир пайтда бошқа саҳобалар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларига  ишонмаётган эдилар. Уларнинг ичидан энг ботири, энг уддабурони – Умар розияллоҳу анҳу бўлса қиличини чиқариб, ҳовлида айланиб юрар ва «Ким «Муҳаммад ўлди», деса, бошини чопаман, дер эди.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ эса ҳақиқатни – бутун дунёнинг улкан қайғусини биринчи бўлиб англаб етган эдилар. У кишига Аллоҳнинг Ўзи илҳом берган бўлса керак, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишларини Қуръонда айтиб қўйганини ҳам шу киши биринчи бўлиб эсга олдилар.
Ҳазрати Абу Бакрнинг «Аллоҳ сизга икки ўлимни жам қилмайди», дейишлари ҳам айни ҳикмат эди. Чунки «Пайғамбар алайҳиссалом ўлганларидан кейин яна тирилиб келадилар, баъзи одамларнинг оёқ ва қўлларини кесадилар», дегувчилар ҳам бор эди.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларини очиб, ўпишлари ихтиёрсиз қилинган иш эмас эди. Бу шариатда рухсат берилган иш эди. Агар рухсат бўлмаса, у киши бундай қилмас эдилар. Маййитнинг юзини ўпиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган эди.

وَعَنْهَا قَالَتْ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُقَبِّلُ عُثْمَانَ بْنَ مَظْعُونٍ وَهُوَ مَيِّتٌ حَتَّى رَأَيْتُ الدُّمُوعَ تَسِيلُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маййит ҳолда ётган Усмон ибн Мазъунни ўпаётганларини кўрдим. Ҳатто оқаётган кўз ёшлар(и)ни ҳам кўрдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Усмон ибн Мазъун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош акалари эди. Яъни икковлари бир аёлни эмган эдилар.
Ушбу ҳадисдан маййитни ўпиш, кўз ёши оқизиб, йиғлаш жоиз эканлиги маълум бўлади. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!