Қайтимини бeрмаслик

СаволларМавзу: Молия ва ТижоратҚайтимини бeрмаслик
Doston сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Биламизки баъзи бир тадбиркорларимиз сотаётган маҳсулотларига нарх бeлгилашда, харидорлар эътиборига қиймати камроқдай кўриниши учун 10 сўм камайтириб нарх бeлгилашади. Мисол учун 50.000 сўмлик маҳсулотни 49.990 дeб сотсаю харидорлар 50.000 сўм нақд пул бeрса (биламизки 10 сўмлик купюралар ҳозирда муомилада мавжуд эмас), қайтимини бeрмаса харидорлар хақини eган бўлиб қоладими? Мана шундай иш тутаётган тадбиркорларга нисбатан қандай чора кўрсак бўлади? Олдиндан раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Ўша оз қайтимни бермасалар, уларнинг жавобгарлиги оғир бўлади. Чунки қиёмат куни милионлаб кишиларни рози қилишларига тўғри келади. Аллоҳнинг ҳузурида заррани ҳам ҳисоб-китоби бўлади. Аллоҳ таоло “Залзала” сурасида марҳмат қилади :

فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ۝  وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ۝

7. Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир.
8. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир.
Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар: Соъсоъа ибн Муовия исмли одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда, ул ҳазратлари унга «Фаман яъмал мисқола зарротин хойрон яроҳ, ва ман яъмал мисқола зарротин шарран яроҳ»ни ўқиб берганларида, у: «Бундан бошқа нарсани эшитмасам ҳам, менга шунинг ўзи етарли», – деган экан.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хурмонинг ярми ёки бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам, ўзларингизни дўзахдан сақланглар», – деганлар. Яъни бу яхшиликнинг кичиги бўлмайди, деганларидир.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзга илинмайдиган гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар тўпланиб, кишини ҳалок қилади», – деганлар.
Ҳар доим, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиб, шунингдек, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак. («Тафсири ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!