Билганига амал қилмайдиган қизлар хақида

СаволларМавзу: Таълим ва МутаалимБилганига амал қилмайдиган қизлар хақида
Saidumar сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозла, ҳозирда баъзи қизлар 5 вақт намозини ўқишади, Қуръон ўқийдигани ҳам бор, рўзаям тутишади, баъзи ҳадисларни жудаям яхши билишади, нима гуноҳ ва нима гуноҳмаслигини ҳам жуда яхши билишади. Хуллас исломда билимли қизлар, лeкин уларни кўпчилигини сeвган йигити бўлиб, улар билан вадалашишади ва гаплашиб юришади ва охири бошқасига эрга тeгишади. Бу қизлардан бу мавзуда сўрасангиз “Биз тавба қиламиз ва ҳадисларда “кимидир яхши кўрсанг ўзига айтиб қўйгин дейилган” дейишади. Мани ўйлантирган нарса уларнинг баъзилари муслималардек кийинишиб олишади, қилган ишлари бунга зид. Энги ачинарлиси улар “бeгона инсонни сeвиш мумкун, гуноҳ бўлсаям тавба қилсак кeчирилади” деб ўйлашаётганидир. Нима уларни тавбалари аниқ қабул бўлишига ёки тавба қилишга улгуришига ҳужжати борми билмадим. Шу қизларни деярли барчаси тeлeграмдаги “Зикр аҳлидан сўранг” каналига аъзо бўлишган. Илтимос шундай фикрлайдиган қизлар учун бу ишнинг гуноҳлигини ва улар айтаётган ҳадисни асл маъносини тушунтиришда ёрдам бeринглар, зора бундай муслималарни кийимини кийиб олиб ношаръий ишларни қилаётганлар бошқаларга намуна бўлиб қолмасин ва бошқа муслима қизларни шаънларига таъсир қилмасин.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Намоз ўқиганига, Аллоҳни танишга ҳаракат қилиганларига раҳмат. Лекин улар ўзларига ҳужжат қилаётган ҳадис бошқа маънодадир. Бу намоҳрам аёлнинг номаҳрам эркакка муҳаббат изҳор қилиши ҳақида эмас.
Ал-Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сизлардан бирингиз биродарига муҳаббат қўйган бўлса, унга муҳаббат қўганини билдириб қўйсин», дедилар».
Шарҳ: Мусулмон киши биродарига бўлган муҳаббатини «Биродар, мен сизни яхши кўраман, сизга муҳаббат қўйганман» деб билдириб қўйиши керак экан.
Бу иш ўша иккинчи одамни ҳам эътиборсиз юрмай, улар ўртасида ўзаро муносабатларнинг яхшиланишига сабаб бўлар экан. Натижада бутун жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат алоқалари мустаҳкамланиб, кенг тарқалади.
Индамай юрса, муомала ҳам шунга яраша бўлади. Ҳатто аста-секин муҳаббат қўйган одамнинг ўзи ҳам биродаридан кўнгли совиб қолиши мумкин экан. Аммо кўнглидаги меҳрини изҳор қилса, бу муносабатлар икки томонлама мустаҳкамланиб, алоқалари ривожланиб кетади.

Имом Термизий келтирган ривоятда:
«Қачон бир киши бошқа кишини ўзига биродар деб билса, унинг исмини, отасининг исмини ва қайси қавмдан эканини сўрасин. Бу муҳаббатни етиштиради», дейилган.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири мени учратиб қолди. Орқамдан келиб, икки елкамдан тутди ва:
«Аммо мен сени яхши кўраман», деди.
«Сен мени нима учун яхши кўрсанг, мен ҳам сени ўша учун яхши кўраман», дедим.
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир киши бошқа бир кишини яхши кўрса, уни яхши кўриши хабарини бериб қўйсин» демаганларида мен бу гапни сенга айтмас эдим», деди.
Кейин менга совчилик қила бошлади. Бизнинг бир жориямиз бор. Хулқи унча яхшимас…».
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг мазкур бобга тааллуқли жойи кишининг биродарига бўлган муҳаббатини изҳор қилиб қўйишидир. Шунингдек, ҳадисда аҳли солиҳ кишилар топилса, ўз ихтиёридаги аёлларга уйланишни таклиф қилиш ҳам яхши иш эканлиги айтилмоқда.
Айни пайтда бу ҳадисдан келинликка номзодларнинг юқоридаги каби бирор жиҳатлари бор бўлса, буни ҳам айтиб, билдириб қўйиш лозимлигини ҳам билиб оламиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар икки киши бир-бирига муҳаббат қўйган бўлса, улардан афзали шеригини кўпроқ яхши кўрганидир», дедилар».
Шарҳ: Икки мусулмон бир-бирини яхши кўради. Улардан қайси бири биродарини кўпроқ яхши кўрса, муҳаббати кучлироқ бўлса, ўша киши уларнинг афзали бўлар экан.
Бу билан жамият аъзолари ўртасидаги дўстлик, биродарлик руҳини кенг тарқатиш, мустаҳкамлаш, бу борада мусобақа қилиш, ўзаро муҳаббатни кучайтиришга тарғиб қилинмоқда.
Албатта, бундай тарғибот амал қилиб турган жамиятда инсонлар бир-бирларини яхши кўрадилар, адоват қилмайдилар, тинч-тотув ҳаёт кечирадилар.

Қолаверса мусулмон киши динини ўрганиб унга тўлалигича амал қилиш лозим. Нафсига тўғри келмайдиган жойига келганида юқоридаги нотўғри гапларни ўзига ҳужжат қилиб олмаслиги керак. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ۝

208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!