Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ота-оналарини дўзахда деган кимсалар

СаволларМавзу: Сийрат ва ТарихПайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ота-оналарини дўзахда деган кимсалар
Yokubjon сўради 4 ой аввал

Ассалому алайкум! Бир «олим» Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ота-оналарини дўзахда деб, ҳужжат тариқасида бир «ҳадис»ни  келтириб ўтди. Ўша «ҳадис»га кўра Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари ўз ота-оналарини «дўзахдалигини» шахсан бир, савол берган кишига «айтибдилар». Мэн бу «ҳадис»ни ёлғон дейман яна ишонмайман, чунки: «ФИҚҲИ АКБАР»да шундай ёзилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари фитрат (исломий табиат — ислом)да вафот этганлар».
Аллоҳ азза ва жалла ўз битигида Ислом тўғрисида хабарсиз инсонлари дўзахга солмаслигини бизга ойдин этган. Аллоҳ азза ва жалланинг отларидан бири «ал-Аъдл»дир. Саволларим:
1. Ўша ёлғон ҳадисни келтириб ўтсангиз.
2. Уламоларнинг наздида у «ҳадис» ҳукми қандай?
3. Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ота-оналарининг қабрдаги ҳолатлари қандай яна қиёматтагача қанақа бўлади?
4. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ота-оналарини фитратда яшаб ўтганлар дейиш ўрнига, уларни Ислом динида яшаб, Ислом динида бу дунёдан ўтганлар дейилса тўғрими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари тўғрисида ҳукм қилиш хусусан дўзахда деб ҳукм қилиш ўта беодобона ишдир. Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилганидек

مَّنِ اهْتَدَى فَإِنَّمَا يَهْتَدي لِنَفْسِهِ وَمَن ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا وَلاَ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَمَا كُنَّا مُعَذِّبِينَ حَتَّى نَبْعَثَ رَسُولاً۝

15. Ким ҳидоятга юрса, ўзи учунгина ҳидоятга юрадир. Ким залолатга кетса, ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармас. Токи расул юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.
Аллоҳ таоло умумий қоида шундай бўлишини ирода этган. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Яхшилик қилса, ҳидоят йўлига юрса, ўзи учун қилган бўлади. Бошқа учун эмас.
«Ким ҳидоятга юрса, ўзи учунгина ҳидоятга юрадир».
Унинг ҳидоятга юриши бошқага фойда келтирмайди. Инчунин, Аллоҳга ҳам унинг ҳидоятга юришидан бирор манфаат йўқ.
«Ким залолатга кетса, ўзи учунгина залолатга кетадир».
Зиёни ўзига қайтади. Аллоҳ таолога ҳеч қандай зиён етмайди. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини тутган даъватчиларга ҳам зарар етмайди. Зарар фақат залолатга кетган шахснинг ўзигагина етади.
«Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармас».
Ҳамма ўз оғирлигини ўзи кўтаради. Ҳар ким нима қилса, ўзи жавоб беради. Шу билан бирга,
«Токи расул юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз».
Инсонга ақл, фаросат берганимиздан кейин, дунёдаги қудратимизга, Холиқ, Мудаббир ва Розиқ эканимизга далолат этувчи мўъжизаларга қараб тўғри йўлни танлаб, Бизга иймон келтириб, ибодат этишини фарз қилиб, бажарилмаса, жазолашни жорий қилсак, ҳаққимиз бор эди. Аммо бундай қилмадик. Бандаларимизга раҳм қилдик. Мазкур нарсалар устига, яна огоҳлантирувчи, эслатувчи пайғамбар юборишни ҳам ирода этдик. Пайғамбар огоҳлантирганидан кейин ҳам иймон ва Ислом йўлини танламаганларни азоблашга аҳд этдик. Пайғамбар ва унинг даъвати етмаганларни эса азобламасликка қарор қилдик. («Тафсири Ҳилол» китобидан).

Бу оят расул юборилмаганлар азобланмаслигига қатъий далолат қилади. Ҳадис эса бир неча маъноларни эҳтимол қилади. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Отам” деган сўзлари бир неча маънони ифода қилади. Ҳадис шориҳлари “Отам сўзларидан амакилари Абу Толибни назарда тутган” деганлар. Чунки араблар амакини ҳам ота дейдилар. Қолаверса бу ҳадис юқоридаги оятнинг олдида далилликка ўтмайди. Уларни Исломда яшаган дейилмайди, балки улар учун алоҳида термин(истилоҳ) “фитрат аҳли” сўзи ишлатилади. Уларнинг ҳукми ҳам мусулмон бўлиб, кофирдан алоҳидадир. Валлоҳу аълам!