Ҳажга олиб боришни маҳр қилиш

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушҲажга олиб боришни маҳр қилиш
abdurohman сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Бир киши маҳрга ҳажга олиб боришни ваъда қилган эди.  Лекин оила узоқа бормай ажрашиб кетишди. Энди маҳрни қандай адо қилади? Ҳажга олиб борадими ёки ҳаж ҳаражатларини тўласа бўладими ёки пулини қўлига берадими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Бу маҳрга ўтмайди. Ўша эр уйланган вақтда аёли каби аёлларга урфда қанча маҳр берилган бўлса, шунча маҳрни бериши эрнинг зиммасига вожиб. Бу каби ноаниқ ёки мулк қилиб қўлга ушлаб бўлмайдиган нарсани маҳрга берилмайди. Қуйидаги маҳрнинг шартларини ўқинг.

 Маҳрнинг шартлари

1. Қийматга эга, мол дейишга арзигулик нарса бўлиши керак.
Кўпчилик уламолар Ҳанафий мазҳабининг «Маҳрнинг энг ози ўн дирҳам бўлиши керак», деган ижтиҳодини маъқул топганлар.
Жобир розияллоҳу анҳу қилган ривоятда «Агар эркак киши аёлга маҳрни ҳовучини тўлдириб, таом бериш ила адо этса, аёл унга ҳалол бўлур», дейилган.
Бу эса маҳр уйланишдаги асосий мақсад эмас, балки эр хотиннинг нафақасини доимий равишда таъмин этиб туришини ўз бўйнига олганига ишора эканлигини кўрсатади.
2. Маҳрга бериладиган мол ҳалол ва пок бўлиши керак.
Чўчқа, ароқ, ўлимтик каби шариат ҳаром қилган нарсалар маҳр ўрнига ўтмайди.
3. Маҳрга бериладиган мол бировдан тортиб олинган бўлмаслиги шарт.
4. Маҳрга аталган мол ноаниқ бўлмаслиги шарт.
Маҳр фақат пул бўлиши шарт эмас, молиявий қийматга эга нарса бўлса бўлаверади. Ҳовли-жой, ер, ҳайвон, тижорат молига ўхшаш нарсалар шулар жумласига киради.

Маҳрга оид бошқа маълумотлар 

– Маҳрнинг ҳаммаси аёлнинг мулки ҳисобланади. Аёл уни ўзи хоҳлаганича тасарруф қилади.
– Маҳрни олдиндан бериб қўйиш ёки беришни кейинга суриш мумкин.
Шунингдек, бир қисмини олдиндан бериб, бир қисмини кейинга суриш ҳам мумкин. Аммо бериш муддати ноаниқ бўлмаслиги керак. Узоқми, яқинми, барибир, муддатни аниқ белгилаш лозим.
– Аёл киши маҳрни олмаганлиги учун эр билан бирга бўлишдан бош тортишга, ўзига яқинлаштирмасликка ҳақли.
– Агар эр маҳрнинг бошланғич қисмини бера олмаса, аёл никоҳни бузишни талаб қилишга ҳақли.
– Эр хотинини ўзи билан бошқа юртларга олиб кетишга ҳақли. Бунда аёл учун хавф-хатар бўлмаслиги шарт. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!