Фуссилат сураси,33-35 оятлар

СаволларМавзу: Қуръони КаримФуссилат сураси,33-35 оятлар
Davlat сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонлардандирман», – деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?! Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”. (Фуссилатс ураси, 33-35 оятлари).
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло доимий Аллоҳ йўлига даъват этувчи ва тоат ибодатларда бардавом бўлган бандаларига нисбатан хитоб қилиб, уларга ёмонлик қилувчиларга яхши муомалада бўлишни назарда тутяпдими ёки бу оятлар амал қилмайдиган ва Аллоҳга дават этмайдиган ҳар қандай мусулмонга тeгишлими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг оятга қилган тафсирларидан иқтибос қиламиз:

وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ۝

33. Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган кишидан кўра гўзал сўзли ким бор?!
Дунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таолонинг йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи Аллоҳ таолога чақирувчининг ўзидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ чорловнинг ўзи етмайди. Балки шу билан бирга, солиҳ амал ҳам бўлиши ҳамда
«Албатта, мен мусулмонларданман!» – дейиши керак. Ана ўшандагина у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.
Демак, ҳар бир мусулмон чорловчи Аллоҳга даъват қилиш ила энг яхши сўзни айтаётгган бўлади ва ўзи энг яхши инсонлар сафига қўшилган бўлади.
Ана ўша сифат ўзида қолиши учун у, аввало, солиҳ амал қилмоғи, бошқача қилиб айтганда, ўзи чақираётган нарсага ҳаммадан аввал ўзи амал қилмоғи лозим.
Иккинчидан, мазкур даъват йўлига кирган одам ўта камтар бўлмоғи лозим. Одамлар унга ҳавас қилсалар, уни гўзал сўз ва гўзал ахлоқ соҳиби сифатида эҳтиром қилсалар, «Албатта, мен мусулмонларданман!» – дейиши керак. Яъни «Агар менда бирор яхшилик кўрсангиз, бу менинг мусулмон бўлганимдандир», дейиши лозим. Ана ўшандагина у энг гўзал сўзли киши бўлади.
Шу билан бирга, Аллоҳга чақирувчи билиши ва амал қилиши зарур бўлган бошқа ишлар ҳам бор.

وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ۝

34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Яхши бўлган нарса ила даф қил. Қарабсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди қадрдон дўстдек бўлур.
Аллоҳнинг йўлига чақирувчи ўз сўзининг қадрини яхши билиши, сўзни ҳис этиши керак. Чунки
«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас».
Аллоҳ таолонинг йўлига чақирувчининг иши яхши иш, сўзи яхши сўз, унинг иши бошқаларнинг ишидан устун, унинг сўзи бошқаларнинг сўзидан устун. Шунинг учун ҳам
«Яхши бўлган нарса ила даф қил».
Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар, эй Аллоҳнинг йўлига чақирувчи! Ҳеч қачон ёмонлик қилма! Ана ўшанда
«Қарабсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди қадрдон дўстдек бўлур».
Бу Исломга чорловчилар учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган чорловчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас.

وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا ذُو حَظٍّ عَظِيمٍ۝

35. Унга сабр қилганлардан бошқа ҳеч ким эришмас. Унга улуғ насиба эгаларидан бошқа ҳеч ким эришмас.
Ҳар қандай ёмон сўзни яхши сўз билан қайтариш, ҳар қандай ёмон ишни яхши иш билан қайтариш сифатига
«…сабр қилганлардан бошқа ҳеч ким эришмас».
Сабр қилмаса, ёмон сўзга дарҳол ёмон сўз қайтаради. Ёмон ишга ёмон иш қайтаради. Бу эса Аллоҳнинг йўлига чорловчига ҳеч фойда бермайди. Кишиларни Аллоҳнинг йўлига, Аллоҳнинг динига чақириш осон иш эмас. Аллоҳнинг динига чорловчи шахс кишиларнинг ҳавойи нафсларига, ўрганиб қолган одатларига, уларнинг шахсий манфаат деб ўйлаб юрган баъзи бир нарсаларига қарши гапириши керак. Шунингдек, бундай одам кишиларни ўзлари билмаган эътиқод, ибодат ва амалларни бажаришга чақириши керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг йўлига чорловчи одам атрофдан турли-туман маломат, иғво, бўҳтон, ёлғон гаплар, сўкишлар, озорлар эшитади. Турли ноҳақ тасарруфлар ва зулмлар кўради. У шуларнинг ҳаммасига сабр қилиши лозим. Ана шундагина юқорида айтилган даражага эришади.
«Унга улуғ насиба эгаларидан бошқа ҳеч ким эришмас».
Насибаси улуғ бўлмаганлар эриша олмайди. Демак, Аллоҳнинг йўлига чорловчи бўла олмайди.
Демак, Аллоҳнинг йўлига чорловчи ушбу машаққатли йўлда турли ҳолатларга учраши мумкин. Бунда эса, албатта, Аллоҳдан ёрдам сўраши керак.

وَإِمَّا يَنزَغَنَّكَ مِنَ الشَّيْطَانِ نَزْغٌ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ۝

36. Агар сени шайтондан бўлган бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!