Ёзиш тарихи

АБУ ДАХ ДАХ сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади араб лафзи ва нутқида 1-ёзган зот Исмоил ибн Иброҳимдир. Али ибн Бурхониддин Ҳалабий “Сийрат ал-Саҳиҳ” тарих асарида арабий хатни Исмоилни ўғли Низор ибн Маъадд ибн Аднондир деган. Бошқа тарихшунослар Идрис пайғамбар дейди. Идрис алайҳиссалом қайси тилда ёзганлар?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Бу борада келган ривоятларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, уларда араб тилида биринчи ёзган одам ҳақида турли хил хабарлар келганига гувоҳ бўламиз. Ривоятларни ўрганиб шуни айтиш мумкинки, араб тилида биринчи бўлиб ёзган одам ҳақида фалончи деб қатъий айтиб бўлмайди. Бир ривоятда биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом ёзган дейилса. бошқасида Исмоил алайҳиссалом дейилган. Яна бирида эса Аднон ибн Ад қабиласидаги Абжад, Ҳуз, Ҳутти, Калман, Саъфас ва Қаршат исмли кишилар ёзган, дейилади. Доктор Абдуллоҳ эса ўзининг «Араб тилида биринчи бўлиб ёзган одам» номли мақоласида араб тилини  Анбор қабиласидан бўлган Мирор ибн Мурра ва Аслам ибн Дурралар биринчи бўлиб ёзишган деган ривоятни ҳақиқатга яқинроқ деб билган.
Каъбул Аҳбор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда эса араб ёзувининг илк асосичси ва унинг давомчиси ҳақида шундай ёзилган:
«Ибрий, сирёний ва бошқа барча тилларда биринчи бўлиб ёзган киши бу Одам алайҳиссаломдир. У киши бу ёзувларни вафотларидан 300 йил олдин лойга ёзиб кейин лойни оловда пиширган. Нуҳ алайҳиссалом даврида ер юзини сув босганда, ўша ёзувлар қолган ва тирик қолган қавмларга насиб қилган. Кейин улар ўзига насиб қилган ёзувда ёза бошлаган. Араб тили эса ўша пайтда ҳеч кимга насиб қилмаган. Аллоҳ Исмоил алайҳиссалом араб тили ила хослаган ва у киши ўша Одам алайҳиссаломнинг ёзиб қолдирган ёзувларидан насибадор бўлиб араб тилида ёзган».
Энди сизнинг Идрис алайҳиссалом қайси ёзувда ёзганлар, деган саволингизга келадиган бўлсак, манбаларда Идрис алайҳиссаломни араб тилида биринчи ёзган одам сифатида эмас, қалам  билан биринчи ёзган одам сифатида кўп зикр қилинган. У киши пайғамбар қилиб юборилган халқ 72 тилда гаплашар эди. Идрис алайҳиссалом уларнинг ҳар бирига ўз тилида динни етказганлар яъни 72 та тилни пухта билганлар. Зеро Аллоҳ Қуръонда: «Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик», деб марҳамад қилган. (Иброҳим сураси:4).
Хулоса қилиб айтганда Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб араб тилида ёзган одам эмас, биринчи бўлиб қаламда ёзган одам ҳисобланадилар. Валлоҳу аълам!