Нима қилсам бўлади?

СаволларМавзу: Руҳий тарбияНима қилсам бўлади?
Abdulla сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Гуноҳларимда бардавом бўлиб қолдим. Роббим мeни ўз ҳолимга ташлаб қўйди.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي. وَأَنَا مَعَهُ حِينَ يَذْكُرُنِي، فَإِنْ ذَكَرَنِي فِي نَفْسِهِ ذَكَرْتُهُ فِي نَفْسِي، وَإِنْ ذَكَرَنِي فِي مَلَإٍ ذَكَرْتُهُ فِي مَلَإٍ خَيْرٍ مِنْهُ. وَإِنِ اقْتَرَبَ إِلَيَّ شِبْرًا تَقَرَّبْتُ إِلَيْهِ ذِرَاعًا، وَإِنِ اقْتَرَبَ إِلَيَّ ذِرَاعًا اقْتَرَبْتُ إِلَيْهِ بَاعًا، وَإِنْ أَتَانِي يَمْشِي أَتَيْتُهُ هَرْوَلَةً. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла:
«Мен бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандайман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман. У Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. У Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ун(инг жамоати)дан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман», деди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмоғи керак.
Аллоҳга истиғфор айтаётган одам У Зотнинг мағфират қилишини умид қилса, мағфират қилинади. Аллоҳ таолога дуо қилаётган одам У Зотнинг қабул қилишини гумон қилса, дуоси қабул бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилаётган одам У Зотнинг ўша ибодатни қабул қилишини гумон қилса, ибодати қабул бўлади. Аллоҳ таолони зикр қилаётган одам У Зотнинг қурбат қилишини гумон қилса, унда Аллоҳ таолога муқарраблик ҳосил бўлади.
Ким Аллоҳ таолони холи ҳолда зикр қилса, Аллоҳ таоло ўша банданинг алоҳида ўзига савоб ва мартабалар беради. Ким Аллоҳ таолони аҳли солиҳ кишилар билан бирга ўтириб, зикр қилиб, эсласа, Аллоҳ таоло уни малоикалар ичида эсга олади.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган «Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман» ибораларидаги қарич, аршин, қулоч, юриш ва югуриш каби маънолар одамлар орасидаги ўлчов бирликлари маъносида эмас, балки банданинг озгина тоатига Аллоҳ таоло кўплаб савоб ва мартабалар бериши маъносидадир.
Демак, фарз, вожиб ва суннат амалларини адо қилиб қўйган банда, Аллоҳ таолога янада кўпроқ қурбат ҳосил қилиши учун нафл ибодатини кўпроқ қилиши керак бўлади. Ҳар бир банда бу ҳақиқатни яхши англаб етмоғи лозимдир. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!