Ҳайит байрами ҳақида

СаволларМавзу: Турли саволларҲайит байрами ҳақида
Ummi Abdullah Abdurohman сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Барчамизга муборак ҳайит айёми қутлуғ бўлсин. Саволим: Ийд ал фитр ва Ийд ал адха байрамларидан қайси бири катта ҳайит ҳисобланади?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ арафа куни ҳақида : “Бугунги кун йил кунларининг энг афзалидир. Инсон бугунги кунини зикр, дуо ва тиловати Қуръонга бағишламоғи керак. Дуоларнинг ҳар бир тури билан дуо қилмоғи, зикрларни ҳар бир турлари билан зикр қилмоғи керак. Ўзи, ота-онаси, яқинлари, устозлари ва ўзига яхшилик қилган барча инсонларга ва омматан мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиши керак. Бугунги кунда озгина бўлса ҳам бепарволикдан сақлансин, чунки бугунги кунни яна шу кун келгунича топиб бўлмайди” деганлар.

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يُعْتِقَ اللهُ فِيهِ عَبْدًا مِنَ النَّارِ مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ، وَإِنَّهُ لَيَدْنُو ثُمَّ يُبَاهِي بِهِمُ الْمَلَائِكَةَ فَيَقُولُ: مَا أَرَادَ هَؤُلَاءِ؟ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳо айтди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арофат куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж кунларидан бири бўлмиш Арофат кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қиладиган кун Арофат куни экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, уларнинг ўзларини хору зор тутишларини кўриб, Аллоҳ таоло фаришталар олдида улар билан фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Худди ана шу куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.
«Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».
Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло фаришталари олдида ҳажга борган бандалари билан фахрланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).

عَنْ أَبِى قَتَادَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِىِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: صَوْمُ عَرَفَةَ، كَفَّارَةُ سَنَتَيْنِ: سَنَةٍ قَبْلَهُ، وَسَنَةٍ بَعْدَهُ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арафа кунининг рўзаси икки йилга каффоратдир: ундан олдинги ва ундан кейинги йилга…», дедилар».

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، قَالَ : صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ، إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ، أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ، وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арафа кунининг рўзаси сабабли Аллоҳ таоло ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йилни каффорат қилишини умид қиламан», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Ҳайит куни, ўша гуноҳлардан мағфират қилинганлигининг ҳурсандчилигини нишонлайдиган кундир. Валлоҳу аълам!