Духон сураси

Sardor сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Духон сурасини кечаси ухлашдан олдин ўқиб ётган одам ҳақидаги маълумотларни берсангизлар. Жавобингиз учун раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةٍ أَصْبَحَ يَسْتَغْفِرُ لَهُ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади», дедилар».
Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «Духон»ни кечаси қироат қилса» деган жумлада қандай кеча экани айтилмаган. Бу қайси кеча эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ الْجُمُعَةِ غُفِرَ لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни Жумъа кечаси қироат қилса, у мағфират қилинади», дедилар».
Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ана энди аниқ айтилди. «Духон»ни Жумъа кечаси қироат қилган одам мағфират қилинар экан. Уламоларимиз ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини алоҳида таъкидлаганлар.

وَلِلطَّبَرَانِيِّ: مَنْ قَرأَ حم الدُّخَانَ فِي لَيْلَةِ جُمُعَةٍ أَوْ يَوْمِ جُمُعَةٍ بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ

Тобаронийнинг ривоятида:
«Ким «Ҳаа мийм» – «Духон»ни Жумъа кечаси ёки Жумъа куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», деганлар».
Шарҳ: «Духон» сураси фақат эртага Жумъа, деган кечаси эмас, Жумъа куни кундузи ўқилса ҳам бўлади. Уни ўша вақтда қироат қилган бандага Аллоҳ таоло жаннатда бир уй бино қилар экан.
Имконини топган кишилар ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб юрсалар, албатта, катта савобга эга бўладилар. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!