Лашкар ва шамол чироқ нима?

СаволларМавзу: Турли саволларЛашкар ва шамол чироқ нима?
Vahobov Jasur сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Аллоҳ Таоло сизлардан рози бўлсин. Мeни бир қўшнимни чамаси 3-4 яшар боласини қаттиқ мазаси қочади. Ота-онаси болани шифохонага олиб боради ҳарорати 40 градусдан тушмайди. 3 кун ўзимизди шифохонага даволанади бола умуман ўзига кeлмайди аҳволи оғирлашиб боради. Кeйин Тeрмeзни шифохонасига олиб кeтади. 3-4та врачга кўрсатади. Улар “мeни касалиммас, боланг соғ” дeйди. МРТга туширади, боланг яхши дeйди, лeкин бола умуман ўзига кeлмайди. 8 кун сувсиз яшайди, хeч нима eмайди, ҳатто пeшоб ҳам қилмайди. Касалликни учини умуман тополмайди. Тeрмeзга 5 кун ўтгандан кeйин отаси ташқарига чиқиб қаттиқ эзилиб ўтирган пайт бир аёл кeлиб “ука нима бундай аҳволда ўтирибсиз” дeса бўган воқeани айтиб бeради. Сизга бир маслаҳат бeраман шуни қилинг кeйин мeнга раҳмат айтасиз дeйди. Бир фолбинни адрeсини бeради шунга учрашинг дeйди. Ота боради бўган воқeани айтади болангни нима бўганини кўриб айтаман дeйди. Боламни олиб кeлиб бўмайди аҳволи оғир дeсаям фолбин қандай ҳолатда бўсаям олиб кeласан дeйди. Болани олиб кeлади, фолбин кўриб болангни гўр тортаябди 3 кундан кeйин ўлади дeйди. Боланг шом вақтида ариқни олдига йиқилган, уни лашкар ушлаган, шуни учун шу аҳволга тушган дeйди. Бир пахтани бир нарса қилиб бeради шу билан силайсан кeйин ўзига кeлади дeйди. Пахта билан силайди бола бирданига ўзига кeлади, пeшоб ҳам қилади ота-она ҳайрон қолади. Энди лашкар чироқ ёқтирасан бўлмаса боланг 3 кундан кeйин ўлади дeйди. Кeйин ота-онаси 500 мингми 800 мингами лашкар чироқ ва шамол чироқ ёқтиради бола хeч нарса кўрмагандeк ўйнаб кeтади.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Ҳар бир нарса хоҳ у касб бўладими, даволаниш бўладими жоиз ва ножоиз деган икки жиҳати бўлади. Аллоҳ таоло буни имтиҳон қилиш учун шундай қилган. Афсуски инсонлар ҳозирги кунда касб корда ҳам, тижоратда ҳам ва даволанишда ҳам жоизини қўйиб ножоизини танлайдилар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الرُّقَى وَالتَّمَائِمَ وَالتِّوَلَةَ شِرْكٌ، فَقَالَتْ امْرَأَتُهُ زَيْنَبُ: كَيْفَ هَذَا وَاللهِ لَقَدْ كَانَتْ عَيْنِي تَقْذِفُ، فَكُنْتُ أَخْتَلِفُ إِلَى فُلَانٍ الْيَهُودِيِّ فَيَرْقِيهَا فَتَسْكُنُ، قَالَ: ذَلِكَ عَمَلُ الشَّيْطَانِ كَانَ يَنْخُسُهَا بِيَدِهِ، فَإِذَا رَقَاهَا كَفَّ عَنْهَا، إِنَّمَا كَانَ يَكْفِيكِ أَنْ تَقُولِي مَا كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَذْهِبِ الْبَأْسَ رَبَّ النَّاسِ، اشْفِ أَنْتَ الشَّافِي لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَمًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Албатта, дам солиш, тумор ва иссиқ-совуқ ширкдир», деди.
Шунда унинг хотини Зайнаб:
«Бу қандай гап? Ахир менинг кўзимдан ёш оқар эди. Фалончи яҳудийнинг олдига борсам, дам солиб қўйса, тўхтаб қолар эди», деди.
«Ўша шайтоннинг иши. У қўли билан у(кўз)ни чуқалар эди. Дам солганда тўхтар эди. Сенга эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсани айтиш кифоя қилар эди: «Аллоҳумма азҳибил баъса. Роббан-нааси, Ишфи. Анташ-шафий. Лаа шифаъа иллаа шифаука. Шифаан лаа юғодиру сақман», деди».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дам солиш, тумор ва «иссиқ-совуқ» ширкдан эканлиги ҳақидаги ҳадиси шарифни эшитганларини айтсалар, хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо бу маънодан ажабланиб, ўз ҳаётларидан мисол келтирмоқдалар. Сўнгра эса Абдуллоҳ ибн Масъуд бу масала бўйича тушунтириш иши олиб бормоқдалар.
«Албатта, дам солиш, тумор ва иссиқ-совуқ ширкдир»
Бу ердаги «дам солиш»дан мурод жоҳилиятнинг дам солишидир. Чунки ривоятнинг охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишлари билан дам солиш кераклиги ўргатилмоқда.
«Тумор» – турли нарсалар ёзилган нарсани ўзига осиб олиш.
«Иссиқ-совуқ» – кишиларни, хусусан, эр-хотинни бир-бирига яхши ёки ёмон кўрсатиш учун қилинадиган ирим-сиримлар.
Бу нарсаларни ҳалол, дейиш шариатимиз ҳукми бўйича, ширкдир.
Аммо бу ҳукмни эшитган кишиларда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг фикрларига ўхшаш фикр пайдо бўлиши мумкин. Зайнаб эрларига:
«Бу қандай гап? Ахир менинг кўзимдан ёш оқар эди. Фалончи яҳудийнинг олдига борсам, дам солиб қўйса, тўхтаб қолар эди», деди».
Хасталикнинг тузалишига сабаб бўладиган нарсани ширк деб аташ мумкинми?! Ана шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд шариат ҳаром қилган нарса ҳақиқий шифо эмас, балки ёлғон бир сезгидан ўзга нарса бўлмаслигини аёллари тушунадиган услубда баён этиб бердилар.
«Ўша шайтоннинг иши. У қўли билан у(кўз)ни чуқалар эди. Дам солганда тўхтар эди».
Дарҳақиқат, шариатимиз ман қилган услуб ила даволаш вақтинчалик, алдамчи ҳис-туйғудан ўзга нарса бўла олмайди.
Буни шўролар тузуми янги қулаган пайтда ўзимиз бошдан ўтказдик. Бирданига турли одатдан ташқари услублар ила даволовчилар кўпайиб кетди. Ҳатто телевизор орқали миллионлаб одамларни даволашни даъво қилувчилар чиқди. Уларга шароит ҳам яратиб берилди. Улардан бошқалари ҳам кўпайди. Лекин одамлар узоқ вақт бундай руҳий нарсалардан ман қилиниб келиб, бирдан рухсат берилганида ёлғончи туйғуга алданаётганларини англамас эдилар. Бир оз фурсат ўтиб, ҳамма нарса яна ўз ўрнига тушди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундан ўн беш аср илгари хотинларига бу нарсанинг шайтоннинг иши эканлигини тушунтирган эдилар. Шу билан бирга, у киши Ислом изн берган дам солишни ўргатдилар.
«Сенга эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсани айтиш кифоя қилар эди: «Аллоҳумма азҳибил баъса. Роббан-нааси, Ишфи. Анташ-шафий. Лаа шифаъа иллаа шифаука. Шифаан лаа юғодиру сақомаа», деди».
Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича:
«Эй Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчи! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!»
Мўмин-мусулмон киши шариатимиз ман қилган дам солиш орқали ўзига шифо ахтариши мутлақо тўғри эмас. Шунингдек, тумор ва иссиқ-совуққа ўхшаш ношаръий ишларга ҳам яқинлашиш гуноҳ иш ҳисобланади. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).
Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган яна бир ривоятда :
“Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёли : “Абдуллоҳ бўйнимга осилган ипни кўриб қолиб, бу нима деди. “Мен учун бунга руқия қилиб берилган ип” деди. Абдуллоҳ уни олиб узиб ташладида сўнг “Абдуллоҳнинг оиласи ширкдан беҳожатдир. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Албатта, дам солиш, тумор ва иссиқ-совуқ ширкдир» деяётганларини эшитганман” дедилар. Мен «Бу қандай гап? Ахир менинг кўзимдан ёш оқар эди. Фалончи яҳудийнинг олдига борсам, дам солиб қўйса, тўхтаб қолар эди» дедим. Шунда Абдуллоҳ «Ўша шайтоннинг иши. У қўли билан у(кўз)ни чуқалар эди. Дам солганда тўхтар эди. Сенга эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсани айтиш кифоя қилар эди: «Аллоҳумма азҳибил баъса. Роббан-нааси, Ишфи. Анташ-шафий. Лаа шифаъа иллаа шифаука. Шифаан лаа юғодиру сақомаа» деди” деганлар”. Валлоҳу аълам!