Эр вафотидан сўнг

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушЭр вафотидан сўнг
Бекзат сўради 1 хафта аввал

Ассалому алайкум! Эри дунёдан ўтса аёли ундан кейин турмуш қургани тўғрими?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 1 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Бу ҳам қуйидаги ҳолатга қараб бўлади. Валлоҳу аълам!

Ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳури уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмои орқали кирган:
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.
3. Ислом уммати, жумҳури уламолар никоҳ зарур эканига доимо иттифоқ қилиб келишган.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турличадир.
1. Вожиб-фарз.
Агар бир инсон никоҳли бўлмай зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳаққини адо этишига ишонса, ундоқ одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади.
Чунки мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир.
Ислом шариатида вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир, деган қоида бор. Ўша қоидага шу ерда амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ–уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш–оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, ундоқ одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир, деган қоидаси ишга тушади.
Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл–никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги–жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, ундоқ одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Кишилар орасида оммавий учрайдиган ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўпларида баён этилган ҳолатдир.
Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканлигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин ни-коҳ–оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик.
Эрдир, аёлдир ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда қурилади, яхши билиб олмоғи керак.
Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини музайян–зийнатли қилиш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида оила олий-мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мус-таҳкамланиши учун асосий макон эмасми?
Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик бир ҳайъат деб қараш керак.
Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олижаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида, келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.
3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.
Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаш керак.

http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=22398.0