Саломлашиш

Ismoil сўради 4 хафта аввал

Ассалому алайкум! Яна бир савол билан мурожаат қилишга ижозат бергайсизлар! Ўзбекчани биладиган бошқа миллат ва дин вакиллари билан одатда яхшимисиз ёки қалайсиз деб сўрашаман. Ўз динимиздан бўлган танишларимни маст холатда кўрсам хам. Шу ишим тўғрими? Аллоҳ таоло Шайтонга Набий саллолоҳу алайҳи вассалам ўтирган даврага бориб саволларига рост жавоб беришини буюрганида, бориб салом бериб хонага кирганида Набий саллолоҳу алайҳи вассалам «Салом Аллоҳникидир» дея алик олмаганларини ўқигандим. Қандай холатларда биз салом бермаслигимиз ёки алик олмаслигимиз керак? Қандай кишилар билан умуман мулоқот қилмаслигимиз керак? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Бошқа дин вакилларига биринчи бўлиб салом берилмайди. Гуноҳ иш қилаётган кишиларга ҳам.

САЛОМЛАШИШ ОДОБЛАРИ

Ҳақиқатан, ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган.
Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига «Ассалому алайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.
Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.
Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Агар «Саломга жавоб бериш одоби қайси?» деб сўрасалар, «Бунинг еттита шарти бор», деб айт. Биринчидан, саломга хурсанд бўлиб алик олиш. Иккинчидан, салом берганга «Раҳмат», дейиш. Учинчидан, Ислом миллатига мансуб бўлмаган одам салом берса ҳам алик олиш. Тўртинчидан, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши. Бешинчидан, кўп киши турган бўлса, ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоялиги. Олтинчидан, саломга ишорат ёки имо билан эмас, овоз чиқариб алик олиш. Еттинчидан, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши зарурлиги».
Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:
«Аввал салом, кейин калом» (яъни бошқа гап-сўзлар).
«Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар».
«Оила аъзоларингиз ҳузурига, яъни уйингизга салом билан киринг, шунда сизга ҳам, оилангиз аъзоларига ҳам барака ёғилади».
«Одамларнинг Яратганга энг яқини бошқаларга энг аввал салом берганидир».
«Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади».
«Одамларнинг бир-бирларида олтита ҳақлари бор: салом бериш; чақирса, бориш; маслаҳат сўраса, жавоб қайтариш; аксирса, соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш».
«Саломга алик олиш шарт, бордию алик олинмаса, салом берувчига зарари йўқ».
«Йўлдан ўтиб бораётган одам кўпчиликдан бир кишига салом берса кифоя қилади, ўтирганлардан бир киши алик олса етади».
Ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одоби бор. Аммо қуйидагича шарқона саломлашиш буларнинг энг гўзали ва чуқур маънолисидир:
Оқил ва одобли киши дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан ўтаётиб, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда, «Ассалому алайкум», деб салом бериши зарур.
Саломни янада тўлиқ ва маънодор қилиш учун «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ», яъни «Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин», дейилади. Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак.
Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади.
Ҳар бир киши ўз хонадонига кирганда ҳам оила аъзоларига салом беради.
Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан берилади, у «салом», «сомалайкум» (маъноси: сизга ўлим бўлсин), «салом бердик», «привет», «хайрли кун» каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим.
Улов(от, эшак, машина кабилар)даги киши – пиёдага, пиёда кетаётган одам – ўтирганга, озчилик – кўпчиликка, кичиклар – катталарга, юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги одамга биринчи бўлиб салом беради.
Кўпчилик ўтирган жой ёки издиҳомга кириб борган киши бир одамни хосламай, ҳаммага салом беради, аммо ўтирганларнинг ичидан бир киши алик олса кифоя қилади. Салом берилсаю, аммо бирор киши ҳам алик олмаса, ўтирганларнинг ҳаммаси фарзни тарк қилган гуноҳкорлардан бўлади.
Бошни қимирлатиб, овозсиз, фақат қўлни кўксига қўйиш билангина салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла, эшиттириб айтилиши керак.
Ҳаддан ташқари энгашиб, ерга букилиб салом бериш одобимизда ман этилган. Хиёл эгилиб салом бериш мумкин.
Нотаниш кишиларга, ёш болаларга ҳам салом берилади.
Учрашганда қандай салом берилса, хайрлашаётганда ҳам шундай салом билан ажрашилади. Ҳеч ким йўқ уйга кирганда ҳам салом берилади.
Агар бирор киши биров орқали сизга салом айтиб юборган бўлса, бунинг жавобини («Ассалому алайка ва алайҳи», деб) дарҳол қайтаришингиз лозим. Салом мактуб орқали юборилган бўлса, дилингизда ёки хат орқали ёзма равишда «Ваалайкум ассалом», дейилади.
Чиройли аёлларга, шунингдек, бидъатчи, беҳаё, фосиқ ва кофир кимсаларга салом берилмайди ва алик олинмайди.
Саломга алик олиш мақбул бўлмаган ўринларда салом бериш макруҳ саналади. Қуръон ўқиётганга, намоз ўқиётганга, азон ёки такбир айтаётганга, ҳаммомда ювинаётган кишига, ҳожатхонада ўтирганга, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, ухлаётганга, дуо, хутба ўқиётганга, ҳажда «Лаббайка» айтаётган эҳромли кишига салом бериб бўлмайди.
Қўл бериб кўришганда, кафтни кафтга қўйиб, икки қўллаб кўришилади, узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади.
Узоқ кўришмаганда ёки яқин кишиларникига меҳмонга борганда, эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мақбул. Бунда бир-бирини аввал ўнг кўкракка, кейин чап кўкракка босилади. Сўнгра қўл беришиб, ҳол-аҳвол сўралади.
Аммо айрим кишилар ўртасида урфга кирганидек, оғиз-бурун ўпишиб кўришиш одобимизга мутлақо зиддир. Кўп замонлар кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпса бўлади.
Олимлар, фазилатли кишилар, улуғ устозларнинг қўлидан ўпиш мумкин. Ёш болаларни бағрига босиб, эркалатиб, пешона ёки бошидан ўпса бўлади.
Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришилмайди.
Кўпчилик тўпланган жойларда кўришиш учун ҳаммани безовта қилиш шарт эмас, салом берилгач, қўлни кўксига қўйиб, «Кўришганимиз – сўрашганимиз», дейилса кифоя. (“Ижтимойи одоблар” китобидан). Валлоҳу аълам!