Дўстимга ёрдам бeринглар

СаволларМавзу: Турли саволларДўстимга ёрдам бeринглар
muzikmen сўради 4 хафта аввал

Ассалому алайкум! Устозлар, мани бир дўстим бор. У жуда тушкинликда, айтишича жуда яхши одам бўлгиси кeлар экан, лeкин зино қилиб қўяр, қайта-қайта тавба қилар, лeкин ўзини ўнглай олмаяпти. Ннафс уни eнгиб қўйвотганини айтди. Номоз ўқиб юрган пайта бирдан хумор тутса зино қилиб қўяр экан. Ҳозир зино қилавeрганидан энди нима қилишини билмаяпти. Тавба одатда бир марта қилинади, бошқа ундай гуноҳ қилинмайди. Дўстим эса кўп тавба қилган, ўзини ўнглай олмаяпти. Энди боши қотиб қолган уни тушкинликдан фақат умид ушлаб турибди. Илтимос нима қилишни маслаҳат бeрасизлар? Агар шу кeтишда кeтса жарга қулайди.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Солиҳ инсонларнинг суҳбатларига бориб турсин. Зино қилгиси келган вақтда ҳам солиҳ инсонларнинг ҳузурига борсин. Қуйидаги ҳадисни доим ёдда тутсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزْنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَشْرَبُ الْخَمْرَ حِينَ يَشْرَبُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ حِينَ يَسْرِقُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَنْتَهِبُ نُهْبَةً يَرْفَعُ النَّاسُ إِلَيْهِ فِيهَا أَبْصَارَهُمْ حِينَ يَنْتَهِبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас, талончи молни тортиб олаётганда, одамлар унга кўзларини тикиб, қараб қолганларида мўмин бўлмас», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган, мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда.
Келинг, ўша ишлар ҳақида қисқача мулоҳаза юритиб кўрайлик:
«Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас».
Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнат ҳисобланади. Хиёнат деганда, Исломда баъзи халқлардаги каби, фақат умр йўлдошига хиёнат қилувчи одам тушунилмайди.
Балки кенг маънодаги хиёнат – Аллоҳга, Расулга, дину диёнатга, жамиятга, келажак авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминликка хиёнат тушунилади.
Аллоҳ таолони таниган одам зино қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган одам зино қилмайди. дину диёнатим бор, деган одам зино қилмайди.
Ўз жамиятимга содиқ аъзоман, деган одам зино қилмайди. Чунки унинг бу иши у яшаб турган жамиятга зарар келтиради.
Келажак авлодларга яхшилик қилмоқчи бўлган одам зино қилмайди. Чунки зино наслнинг бузилишига олиб борадиган жиноятдир.
Инсониятга яхшилик қилмоқчи бўлган инсон ҳам зино қилмайди. Чунки зино инсониятга зарар келтирадиган гуноҳдир.
Ўзига ўзи яхшилик қилмоқчи бўлган одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино зинокорни одамгарчиликдан чиқаради.
Мўминликдан умиди бор одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино иймонга зид нарсадир.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам шунга далилдир. Бу иборани турлича тушуниш мумкин. «Бу ишни қилган одам кофир бўлади» деган жумладан тортиб, энг осони – «Шу ишни қилаётган пайтида иймони чиқиб туради», дейишгача. Иймонли одам учун иймондан бир лаҳза ажрашдан кўра каттароқ мусибат йўқ. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!