Зўрлаб турмушга бериш

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушЗўрлаб турмушга бериш
ms_virtual сўради 3 хафта аввал

Ассалому алайкум! Ҳурматли «зикр аҳлидан сўранг» хайъати, ота оналар ўз қизларини турмушга бераётганларида қизнинг кўнглига қарамасдан узатиб юборишлари мумкунми? Агар шундай бўлаётган бўлса яъни қиз йигитни ёқтирмаса ота онасига эътироз билдиришига хаққи борми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

Ҳаққи бор.

تُسْتَأْمَرَ وَلَا تُنْكَحُ الْبِكْرُ حَتَّى تُسْتَأْذَنَ، قَالُوا يَا رَسُولَ اللهِ، وَكَيْفَ إِذْنُهَا؟ قَالَ أَنْ تَسْكُتَ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ وَفِي رِوَايَةٍ الثَّيِّبُ أَحَقُّ بِنَفْسِهَا مِنْ وَلِيِّهَا، وَالْبِكْرُ تُسْتَأْمَرُ وَإِذْنُهَا سُكُوتُهَا

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, совчи келганида, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб, нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида ҳам бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Бир одамни ўзининг изнисиз, хабарисиз, розилигисиз эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукути розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганликлари туфайли уялиб, отаси ёки бошқа яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гаплашишга уялиб, индамайдилар. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг бу никоҳга розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган. (“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам!