Ҳадис саҳиҳми?

СаволларМавзу: ҲадисларҲадис саҳиҳми?
farrux сўради 2 хафта аввал

Ассалому алайкум! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :  Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кeлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам молингни бeрма дeдилар. У киши агар мeн билан урушсачи дeганида, Сeн ҳам уруш дeдилар. У киши мeни ўлдирсачи дeганида, Сeн шаҳидсан дeдилар. У “агар мeн уни ўлдирсамчи” дeганида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у дўзахдадир дeдилар. Ҳурматли узтозлар ҳақиқатдан ҳам шу воқеа бўлиб ўтганми?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 2 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دَمِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким молини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир. Ким аҳлини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир», дедилар».
Термизий ва икки Шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир инсонга берилган ҳақ-ҳуқуқ ҳисобланади. Бу ҳақни поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақни поймол қилишга уринган одам ким бўлишидан қатъи назар, жиноятчи ҳисобланади. Ҳақ эгаси ўша жиноятчига қарши туриши мумкин. Агар мободо қаршилик кўрсатиш жараёнида ҳақ эгаси ўлдириладиган бўлса, шаҳид кетади.
1. «Ким молини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Ҳалол йўл билан топилган молу мулк ҳар бир инсон учун Аллоҳ томонидан берилган ҳақдир. Инсон ўзининг бу ҳаққига кўз олайтирганлардан уни ҳимоя қилишга ҳам ҳақлидир. Мабодо инсон молу мулкини золим, босқинчидан ҳимоя қила туриб ҳалок бўлса, шаҳид кетади.
Бу молу мулк ҳаққини ҳимоялаш, уни қадрлаш Ислом дини томонидан қанчалик юқори баҳоланишини кўрсатади.
2. «Ким қонини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир инсонга берилган ҳаёт ҳаққи ҳам муқаддасдир. Унга ҳеч ким кўз олайтириши мумкин эмас. Агар ким бировнинг жонига суиқасд қилса, жон эгаси ўз жонини ҳимоя қилиш ҳаққига эга. Ўз жонини ҳимоя қила туриб ўлган шахс шаҳид кетади.
Бу ҳол эса Исломда инсонлар учун ҳаёт ҳаққи қанчалар юқори баҳоланишини кўрсатади.
3. «Ким динини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Дин-диёнат, виждон эркинлиги ҳаққи ҳам Аллоҳ томонидан инсонга берилган муқаддас ҳақлардан биридир. Ҳеч ким ҳеч қачон бу ҳаққа қарши тажовуз қила олмайди. Мабодо кимдир тажовуз қилса, мазкур ҳақ эгаси ўз динини ҳимоя қилади. Ҳимоя жараёнида тажовузкорни ўлдирса, жавобгар бўлмайди. Агар киши ўз динини ҳимоя қилаётиб ўлса, шаҳид бўлади.
4. «Ким аҳлини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир».
Шунингдек, инсон ўз аҳлини ҳимоя қилиш ҳаққига ҳам эгадир. Чунки у аҳли аёлидан, уларнинг обрўсини, жонини ҳимоя қилишдан масъулдир. Ким унинг аҳлига тажовузкорлик қилса, унинг ўзига тажовуз қилган билан баробар бўлади. Аҳлини ҳимоя қилиб туриб ўлган шахс ҳам шаҳид кетган бўлади. Чунки у ўзига Аллоҳ томонидан берилган ҳақни ҳимоя қилиш жараёнида ноҳақдан ўлдирилган бўлади. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!