Қуръонда коинотга чиққанлар ҳақида

СаволларМавзу: Қуръони КаримҚуръонда коинотга чиққанлар ҳақида
Farxod Xalikov сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, Юрий Гагаринниг коинотга чиқиши ҳақида муқаддас китобимиз Қуръони каримда ёзилганми?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Аллоҳ таоло “Ҳижр” сураси 14-15-оятларида дунё аҳлига осмон эшиги очилиб, унга кўтарилганларида биринчи айтадиган сўзларини зикр қилган. Гагаринни чиқиши ҳақида келмаган.

وَلَوْ فَتَحْنَا عَلَيْهِم بَابًا مِّنَ السَّمَاء فَظَلُّواْ فِيهِ يَعْرُجُونَ۝

14. Агар уларга осмондан бир эшик очсаг-у, куппа-кундузи унга кўтарилиб турсалар ҳам:

لَقَالُواْ إِنَّمَا سُكِّرَتْ أَبْصَارُنَا بَلْ نَحْنُ قَوْمٌ مَّسْحُورُونَ۝

15. «Албатта, кўзларимиз боғланди, балки, биз сеҳрланган қавмдирмиз», – дерлар.
Демак, уларнинг иймон келтирмаётганларига сабаб далил-ҳужжат етишмаслиги эмас. Балки ўзларидаги мавжуд касаллик, мутакаббирлик, саркашлик ва ғофиллик сабабдир. Ҳозир улар «Фаришта тушса эди, у бўлса ёки бу бўлса эди», дейишади-ю, аммо айтганларидан ҳам каттароқ нарса бўлиб:
«Агар уларга осмондан бир эшик очсаг-у, куппа-кундузи унга кўтарилиб турсалар ҳам», иймон келтирмайдилар.
Битта фариштани тушириш тугул, осмондан эшик очиб, ўзларини осмонга чиқиб турадиган, фаришталарга аралашиб юрадиган қилиб қўйсак ҳам, иймон келтирмай, бошқа бир баҳона топадилар.
«Албатта, кўзларимиз боғланди, балки, биз сеҳрланган қавмдирмиз», – дерлар».
Яъни «Мана, айтганимиздан ҳам зиёда бўлди. Биз бир дона фаришта тушишини сўраган эдик, осмондан эшик очиб, ўзимизни чиқариб қўйди. Энди ҳамма фаришталарни кўрмоқдамиз. Аллоҳнинг борлиги, ҳамма нарсага қодирлиги, пайғамбар юбориши ҳам, Китоб нозил қилгани ҳам ҳақ экан, биз Муҳаммад алайҳиссаломга ва Қуръонга иймон келтиришимиз лозим экан», –демайдилар. «Бу кўраётганимиз ҳақиқат эмас, бизнинг кўзимиз боғланди, сеҳрланиб қолдик, шунинг учун кўзимизга бу нарсалар кўринмоқда», – дейдилар. Барча кофирларнинг одати шудир.
Уларнинг кўзига Аллоҳнинг ҳақлиги ҳақидаги очиқ-ойдин мўъжиза кўрсатилиб, қўлига ушлатиб қўйилса ҳам, «Эҳтимол, удир, эҳтимол, будир, балки, табиат қонунини мен тушунмаётгандирман», деб тураверадилар. Айниқса, ҳозирги замон кофирлари бундай гапларга устадирлар. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!